Янгиликлар

Янгиликлар

Uzpharmagency

13 июнь куни Kun.uz'да «Нишон шифохонасидаги манзара: аслида нима бўлганди?» сарлавҳаси билан хабар эълон қилинганди. Унда Нишон тумани марказий шифохонасининг туғруққача бўлган даволаниш бўлимида аёллар коридорда ётгани, битта палатага 8-9 нафардан аёл жойлаштирилгани ёзилганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада расмий маълумот берди. Вазирликнинг Kun.uz'га тақдим этган баёнотида айтилишича, Нишон тумани марказий шифохонасининг хомиладорлар патологияси ва гинекология бўлимларида йўлакда ётиб даволанаётган беморлар аниқланмаган. Беморлар ўринларига жойлашувига қадар ўзлари ва қариндошлари ерга жой тўшаб ётиб олишган.

Баёнотда Нишон туман касалхонасининг туғруқ мажмуасида замонавий шароитлар яратилгани алоҳида таъкидланган.

«Бундай жиддий камчиликка йўл қўйгани, ўз ишига совуққонлик билан қарагани ва бўлимда назоратни сусайтиргани учун туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари М.Ҳалилова, туғруқ мажмуаси мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Н.Сазанбаевалар вазифасидан озод этилди.

Ҳомиладорлар патологияси бўлими врачи Б.Эсановага эса интизомий жазо қўлланилиб, ўртача иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жаримага тортилди.

Шифохонада қатъий назорат ўрнатмагани, бундай муаммоларнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида зарур чора кўрмагани учун туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ё.Шоназаров огоҳлантирилди»,- дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Kun.uz'га маълум қилган баёнотида.

Манба: Kun.uz

Report Page