Янгиликлар | Uzpharmagency

Янгиликлар | Uzpharmagency

Uzpharmagency

Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва Европа Иттифоқи мамлакатларидан импорт қилинадиган дори-дармон ва фармацевтика маҳсулотларига нархларнинг пасайиши, сифатсиз дори-дармонлар улушининг камайиши сезилади. Шу билан бирга учинчи мамлакатлардан олиб кирилаётган дорилар нархларининг ошиши ҳам кузатилади.

Ўзбекистонда фармацевтика соҳаси 1993 йилдан шаклланишни бошлади. Ўша йили Ўзкимёфарм заводи ва Вакциналар илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ўз ичига олган "Ўзфармсаноат" давлат концерни ташкил этилди.

Ҳозирги кунда маҳаллий дори-дармон ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича узоқ муддатли стратегия мавжуд бўлиб, давлат энг зарур дори препаратлари, инфузион эритмалар, вакциналар, қон препаратлари, бир марта ишлатиладиган қон қуйиш тизимлари ва қон ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ички эҳтиёжни таъминлаш сиёсатини амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартлари тадбиқ этилмоқда.

2017 йилдан бошлаб мазкур соҳани янада ривожлантиришга эътибор кучайди ва дори воситалари ишлаб чиқарувчилар 5 йил давомида барча солиқларни тўлашдан озод этилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, янги ишлаб чиқариш кучларини ташкил этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошираётган компаниялар технологик асбоб-ускуналарни олиб киришда барча божхона тўловларини тўлашдан озод қилинди. Худди шу йили Ўзбекистон Президентининг “Доривор ўсимликларни етиштириш ва уларни махсус табиий шароитларда қайта ишлашга ихтисослашган еттита эркин иқтисодий зонани ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Натижада, мамлакатимиз фармацевтика тармоғига сармоялар кўлами ошиб боришига ҳуқуқий замин яратилди.

Ўзбекистонда фармацевтика компаниялари сони 1994 йилда 2 та, 2002 йилда 68 та, 2012 йилда 130 та бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 191 тага етиб, мазкур корхоналарда 2500 дан ортиқ турдаги фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Жумладан, 2018 йил мобайнида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этган бўлиб, шундан 20,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Охирги йилларда ички ишлаб чиқаришдаги ўсиш кўрсаткичи ўртача 20 фоиздан юқорилаган.

Ички ишлаб чиқаришда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг салмоғи катта бўлиб, ишлаб чиқариш қуйидаги асосий йўналишларга эга:

а) 2018 йил якунлари бўйича 179 миллион долларлик дори воситалари ишлаб чиқарилган. 6,4 млн долларлик дори воситалари эса экспорт қилинган. Бу соҳадаги корхоналарнинг 40-60 фоиз қувват билан ишлаётганини ҳисобга олсак дори воситалари йўналиши бўйича юқори экспорт потенциали мавжуд.

б) 2018 йил якунлари бўйича 17,2 миллион долларлик фармацевтик материаллар (тиббий пахта, тиббий дока, бинт ва б.) ишлаб чиқарилган бўлиб, шулардан жами 6,6 млн долларлик тиббий буюмлар экспорт қилинган. Хусусан 5,4 млн доллари (82%) ЕОИИ давлатлари ҳисобига тўғри келади. Фармацевтик материаллар ишлаб чиқарувчи корхоналар 77-80 фоиз қувват билан ишламоқда.

Ўзбекистон фармацевтика бозори тез ривожланмоқда

Ўзбекистоннинг фармацевтика бозори МДҲда Россия ва Украинадан кейинги учинчи йирик бозор ҳисобланади. Ўсиш динамикаси (йилига 8-10 фоиз) бўйича МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторига киради. Масалан, 2010 йилда 370 миллион долларидан ортиқ миқдорда дори-дармон импорт қилинган бўлса, 2018 йилда бу рақам 775 млн долларни ташкил этади. Ўзбекистон фармацевтика бозорида бугунги кунда 9000 турдаги дори воситалари, 1684 турдаги тиббий буюмлар ва 1529 турдаги тиббий техника маҳсулотлари истеъмол қилинмоқда.

2018 йилда фармацевтика соҳасида ички бозор ҳажми қарийб 1 млрд долларни ташкил этиб, унинг 21 фоизи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминланган. Фармацевтика воситалари импортининг 98 млн доллари ЕОИИ давлатлари ҳисобига, жумладан, 81 млн доллари Россия улушига тўғри келади. Аҳоли сонининг йилига ўртача 1,5 фоизга ошиб бораётганлиги ва киши бошига соғлиқни сақлашга ажратилаётган харажатлар кўрсаткичи охирги йилларда ўртача 15 фоизга ошиб бораётганлиги кузатилмоқда, ва бу кўрсаткич кейинги йилларда фармацевтик воситаларга ҳам талабни мос равишда ўсиб боришига сабаб бўлмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистонда импорт қилинаётган фармацевтик маҳсулотларнинг кўпчилигига нисбатан ҳеч қандай тариф қўлланилмайди. Тиббий пахта, тиббий дока каби фармацевтик материалларга 10 фоиз миқдорида божхона тарифи қўлланилади ва 2020 йил 1 январдан бошлаб мазкур кўрсаткич 30 фоизгача оширилиши кўзда тутилган.

ЕОИИга кириш натижасида ички бозор ва маҳаллий ишлаб чиқариш истиқболлари

2010 йилда Беларусия, Қозоғистон ва Россия Федерацияси ўртасида Евросиё Божхона Иттифоқи иш бошлади. Иттифоқ доирасида ўзаро айирбошланадиган товарларга божхона тўловлари тўлиқ бекор қилинди, ягона ташқи тариф жорий этилди. Иқтисодий интеграция жараёни 2012 йилга келиб ишчи кучи, товарлар, хизматлар ва капитал оқимининг эркин ҳаракатланишини таъминлайдиган ягона иқтисодий макон, яъни Евросиё иқтисодий маконини ташкил этишга келишиб олиниши билан давом этди. 2015 йилнинг январь ойида Божхона иттифоқи Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) айлантирилди. Шу йилнинг ўзида Aрманистон ва Қирғизистон мазкур иттифоққа қўшилди.

Тўлиқ мақола "Экономическое обозрение" журналининг 2 сонида чоп этилган.

Инфографика: Ўзбекистон фармацевтика саноати ЕОИИга аъзо бўлиш шароитида 👇🏻

Infografika: review.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Бош илмий ходими Бахтишод Хамидов

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида

“Uzpharmagency” телеграм каналида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланишда каналимиз манба сифатида кўрсатилиши шарт!

Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.

Телефон: (998 71) 203-81-81

Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz

Uzpharmagency расмий саҳифалари:

Telegram | Instagram | Facebook | Youtube | Twitter