Янгиланаётган Конституцияда Давлат бюджети устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши кўзда тутилмоқда

Янгиланаётган Конституцияда Давлат бюджети устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши кўзда тутилмоқда


Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 148-моддасида фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади деган ғояларни мустаҳкамланиши кўзда тутилмоқда.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 148-моддаида белгиланмоқдаки: “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан ва маҳаллий бюджетлардан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.

Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонун билан белгиланади”.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг манфаатларини таъминлаш мақсадида уларнинг фаолиятидаги муҳим йўналишлардан бири давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдир.

Бу соҳадаги муаммолар шундаки, амалиётда бюджет маблағларини ажратиш бўйича фуқароларга депутатлардан ва ҳокимликлардан ваъдалар бериб келинмоқда ва хақиқий аҳволдан беҳабар бўлиб фуқаролар бу жараёнларга ўз муносабатини ва назоратини олиб бормай келмоқдалар. Бунинг таъсирида бюджет маблағларини ажратилмаслиги, уларни мақсадли сарфланмаслиги ва муаммолар ечилмай келинаётганлиги холатлар юзага келмоқда. 

Шу ўринда, жамоатчилик назоратининг ижтимоий аҳамияти шундаки, у холис ва умуман, ҳатто кам сезилган ҳолатларда ҳам қонун ва тартиб бузилишининг намоён бўлишини излаш, уларни топиш ва аниқлаш, сўнгра ваколатли давлат органлари орқали қонунбузарларни жавобгарликка тортиш ва қонун ва тартибни тиклаш чораларини кўришга қодир. Жамоатчилик назоратининг кучи шундаки, у ўз қонуний ҳуқуқларини таъминлаш манфаатларини кўзлаб назорат олиб бориши билан боғлиқ бўлган фуқаролар орқали амалга оширилади.

Жамоатчилик назорати орқали коррупция ва масъул давлат тузилмаларининг бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларининг (солиқ, молиявий ва бошқалар) олди олинади, солиқларни йиғиш ва давлат хазинасини тўлдириш вазифаси ҳал қилинади, бу кейинчалик оддий фуқаролар, маҳалла аҳолиси (йўлларни, мактабларни, мактабгача таълим муассасаларини, касалхоналарни таъмирлаш, ичимлик суви, электр энергияси узатиш, бизнесни кредитлаш, ижтимоий ёрдам, спорт майдончаларини яратиш ва ҳоказо) эҳтиёжларини молиялаштириш манбаи бўлиб хизмат қилади.

Ўз навбатида, жамоатчилик назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин: давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар; давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш; жамоатчилик муҳокамаси; жамоатчилик эшитуви; жамоатчилик мониторинги; жамоатчилик экспертизаси; жамоатчилик фикрини ўрганиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш.

Шу билан бирга, якуний ҳужжатда келтирилган маълумотлар, тавсиялар ва таклифлар давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши шарт, сўнгра улар бўйича қонуний қарорлар қабул қилинади.

Шунингдек, жамоат назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартиришлар давлат бюджетини шакллантириш, уни даромад ва харажат қисмларини белгилаш, ижросини таъминлашда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш, уларга бу жараёнда кенг ва фаол қатнашиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун тегишли ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар ва кафолатлар яратишга имкон беради.

Энг асосийси, ушбу модда орқали бюджет маблағлари талон-тарож қилиш, маблағларни ўринсиз ёки бесамара фойдаланилишининг олди олинади.

Давлат бюджетидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига зарур ёрдам кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик ва умуман, давлат ва жамиятни ҳаётининг бошқа барча соҳаларида самарадорликни таъминлашга хизмат қилади.


Хайрулла Рузметов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлари доктори.



Report Page