Янгийўлда янги бино

Янгийўлда янги бино

Давлат хизматлари агентилиги Тошкент вилояти бошқармаси

Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида, 210 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Янгийўл туманида марказ фаолиятини кенгайтиришга эришилди. Аввалги марказ биноси кичик бир хонали бинода жойлашган бўлиб, хоналари тор, ташриф буюрувчиларга шароитлар яратилмаган, узундан-узоқ навбатлар кузатилар эди.

Туман марказининг кўркига кўрк қўшиб турган янги бино энг замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган бўлиб, фуқароларга кенг, ёруғ ва шинам хоналарда хизматлар кўрсатилади. Марказга киришингизда рўйхатга олиш бўлими ходимлари сизни «Ассалому алайкум, хуш келибсиз!», дея ўзбекона лутф билан яхши кайфиятда кутиб олади.

Энг замонавий архитектура ечими асосида қурилган 2 қаватли марказ биносига келган фуқароларга барча шароит яратилган бўлиб, электрон навбат олиш қурилмаси, инфокиоск, кутиш зали, кичик кутубхона, болалар майдончаси, буфет, адлия, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш туман бўлимлари, тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш учун Бош вазир қабулхонаси, инвесторлар учун алоҳида хона, нотариал хизмат хоналари ташкил этилган. Банк шохобчаси ҳам марказнинг ўзида ташкил этилганлиги фуқароларнинг зарур тўловларини шу ернинг ўзида амалга ошириш имконини беради.

Замон талаблари асосида барпо этилган янги марказ биносида бир вақтнинг ўзида 30 нафар ходимларга иш шароитларини яратган ҳолда, кунига 500 дан ортиқ фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш имкониятига эга. Электрон навбат тизими ва давлат хизматларига оид зарур маълумотлар 8 та мониторларда акс этиб туради. Зал бўйлаб 2 қаторда тизилган 28 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

Янгийўл тумани Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 23 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, шундан 22 893 таси бевосита туман маркази орқали амалга оширилди. 300 дан ортиқ фуқаро давлат хизматларидан мустақил равишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланди.

Шунингдек, 695 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, шундан 373 таси юридик шахслар, 322 таси ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади.

Аҳолига янада кенг қулайликлар яратиш, чекка ҳудудларда яшаётган фуқаролар узоғини яқин, оғирини енгил қилиш, қолаверса, хизматларнинг қулай ва шаффоф усулларини жорий этиш мақсадида 150 дан ортиқ сайёр хизмат кўрсатилди.

Салкам уч йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Давлат хизматлари агентлиги жойларда 140 дан ортиқ турдаги давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида халқимизнинг эътирофига, ҳурматига сазовор бўлаётгани айни ҳақиқат. Тезкор, қулай ва ишончли хизмат кўрсатаётган давлат хизматлари марказлари халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда. Бу эса ўз навбатида муҳтарам юртбошимизнинг «Халқимиз биздан рози бўлса, ишимизда барака ва унум бўлади» деган ибратли сўзлари ўз исботини топаётганидан далолатдир.

ДХА Тошкент вилояти

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Report Page