Янгийўл туманидаги маданий объект тикланмоқда
Маданият вазири Озодбек Назарбеков Янгийўл туманига ташрифи давомида "Гулистон" маҳалласида жойлашган "Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган жангчилар хотирасига ўрнатилган монументал санъат ёдгорлиги" майдонида олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирган эди.
Мазкур маданий объектга тадбиркор томонидан моддий зарар етказилган бўлиб, ҳозирда тадбиркор томонидан тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Маданият вазирлиги Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғи М.Исраиловнинг маълум қилишича, ушбу моддий маданий мерос объекти юзасидан тадбиркор томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сонли Қарори 6-иловасининг Низом талабларига мувофиқ, Маданий мерос департаменти Илмий-эксперт Кенгашига тақдим этилган.
Лойиҳа маъқуллангач, тадбиркор томонидан ушбу объект якунига етказилиб, тегишли тартибда Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармасига топширилади.
Ҳозирги кунда объектни таъмирлаш ишларига тадбиркор томонидан жами 274 млн сўмлик маблағ сарф қилинди. Бундан ташқари тадбиркор томонидан 20 сотих ер майдонига ёшлар меҳнат гузарининг қурилиши бўйича туман ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси билан келишиб олинди.
Ёшлар меҳнат гузари қурилиши якунига етказилгандан сўнг ушбу ҳудуддаги ёшларнинг 20 нафари иш билан таъминланади.
Суратда: "Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган жангчилар хотирасига ўрнатилган монументал санъат ёдгорлиги” майдонининг лойиҳаси ва таъмирлаш жараёни.