Янгича метод

Янгича метод

Тарих ва сиёсат

— Ғўза нобуд бўлса, мен жавоб бераман, агроном жавоб беради, — деб бақириб юбордим тўсатдан. — Ширага қарши курашишнинг янги методи бўлади бу. Тушундингми? Замондан орқада қолибсан, каллаварам… 

Худойберди Тўхтабоев. “Сариқ девни миниб”.


Ўзбекистон маданий жиҳатдан ислом дунёсининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Буюк ўзбек миллатининг қадимги ютуқларининг қарийб барчаси ислом дини билан боғлиқ. Исломсиз ўзбек миллатчилиги йўқ. 

Шу сабабдан ҳам, исломнинг бугун глобал миқёсда юз бераётган қайта жонланиши Ўзбекистонда ҳам яққол кузатилмоқда. Мустақилликдан кейинги даврда юртимизда исломий эътиқоднинг тобора мустаҳкамланиб бораётгани, миллий маданиятда исломий расм-русумларнинг ўрни тобора ортиб бораётгани кузатилмоқда. 


Шу сабабдан ҳам, жамиятда ислом дини нуфузининг ортишининг оқибатлари, хусусан унинг сиёсий элитанинг яшовчанлигига таъсири ҳақида қайғурмоқдалар. Бир томондан, хорижий сиёсий кучлар, иккинчи томондан ички сиёсий элита, ҳар бири ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ислом динининг ривожланиши, бугунги сиёсий тил билан айтганда “диний фоннинг ортиши” мамлакатимизда сиёсий барқарорликни таъминлаши, ёки аксинча, сиёсий инқирозни келтириб чиқариши эҳтимолини баҳолашга уринмоқдалар. 


Жамият ҳаётида ислом динининг аҳамиятининг ортиб бораётгани келажакда сиёсий элитага бўлган ишонч ва унинг барқарорлигига қандай таъсир кўрсатади? Миллий давлатчиликни ривожлантиришда ислом динининг қайси жиҳатларини олиш керагу, қайси жиҳатларини тарк этиш керак, каби саволлар бугун сиёсатчилар диққат марказида турибди. Аслида, диннинг ярмини олиб, ярмини олмаслик каби саволлар эътиқодга таъсир кўрсатувчи оғир савол ҳисобланса-да, дунёвий жараёнлар, албатта ҳар-бир саъй-ҳаракатнинг илмга асосланган бўлишини талаб этади. Рисолада, албатта.

Шунинг учун, дунёвий давлатда ислом билан қандай муносабат ўрнатиш керак деган саволга жавоб топиш учун давлат институтлари, нодавлат ташкилотлар, ҳатто мустақил тадқиқотчилар томонидан, ҳар қандай мафкуравий қарашлар, сиёсий ирода ва сиёсий кучларининг манфаатлари ва дунёқараши таъсиридан ҳоли бўлган ҳақиқий илмий изланишларни талаб этади. 

Баъзан, воқеъликда баъзи идораларнинг диний соҳада оид олиб борилаётган сиёсати масалага нисбатан ҳақиқий илмий ёндашув эмас, балки “деҳқонча” усулга ўхшайди. Масалан, дунё сунъий интеллект, рақамли технологиялар, гуманоид роботлар каби юқори технологияларни яратаётган, гибрид технологик урушлар авж олган ва кундан-кун кибер таҳдидлар кучаётган мураккаб даврда, мамлакатимизда диний фонни камайтириш мақсадида фуқароларнинг номуси ва ҳиссиётларини инобатга олмай, уларни ички ишлар органларига олиб бориб, эринмасдан соқолини қиртишлаб олдириш, сўнг уларни аввалги ва кейинги кўринишларини расмга олиб, аллақандай корчалонларга фотоҳисобот тақдим этиш методи, ҳудди “Сариқ девни миниб” асаридаги ёш Ҳошимжоннинг ғўзага тушган ширага қарши курашиш бўйича ўйлаб топган янгича методига ўхшайди. Ҳошимжон ҳам ўшанда янгича методидан ғурурланиб “мен жавоб бераман”, деган эди. Эҳтимол, ушбу метод ҳам “мен жавоб бераман”, деб оқланаётгандир.


Илмий жиҳатдан баҳоланганда, Ҳошимжонларнинг сайъ-ҳаракатлари минтақада диндорлар ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг барқарорлигига хизмат қиляптими ёки аксинчами, таҳлил қилиш зарур бўлади. Аниқроғи, давлат ҳавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги Ҳошимжон каби дипломли, қўштирноқ ичидаги мутахассисларнинг янгича методлари давлат ҳавфсизлигини таъминлашга қаратилганми ёки давлатда фуқароларнинг эътирозларни кўпайтиришгами, умуман сиёсий инқирозни келтириб чиқаришга қаратилганми? Албатта бу саволларнинг жавоби, кабинетларда, “мен жавоб бераман” дейиш билан эмас, балки кенг миқёсда фуқароларни эшитиш, уларнинг хоҳиш-истаклари, қалбидаги ҳиссий кечинмаларни ўрганиш, аниқроғи илмий асосланган ижтимоий тадқиқотни олиб бориш билан эришилади.

Мисол учун, дунёвий коррупция, иқтисодий ва газ-свет каби энергетик муаммолар Ўзбекистонда диний фоннинг ортишига туртки бўлган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, давлат ташкилотларидаги кенг кўламли коррупция, мамлакатдаги иқтисодий ночорлик фуқароларда ижтимоий норозилик кайфиятини, қонунчилик, суд ва ижро органларидаги адолатсизликлар эса диний ва охиратдаги адолатга бўлган умидни янада кучайтирган. Жамиятда норозиликнинг кучайиши эса ҳар қандай радикал ғояларнинг тарқалиши учун қулай шароит яратади. Халқаро экспертларнинг таҳлилларига кўра, мамлакатдаги иқтисодий турғунлик, кенг кўламли коррупция ва ҳукуматнинг диндорларга нисбатан муросасиз ва кучли босимли сиёсати мамлакатда инсонларнинг радикаллашувига ундаётган асосий омиллардир. Бу омиллар бирлашиб, фуқароларда давлатга нисбатан умидсизлик ва норозиликни кучайтиради, ёт ва бузғунчи ғояга эга гуруҳлар эса, фурсатдан фойдаланиб, жамиятда ўзгариш излаётганлар учун жозибали ғояларни тақдим этади.


Куни кеча АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампга нисбатан уюштирилган муваффақиятсиз суиқасд ортидан, АҚШ Махфий хизмати директори Кимберли Читл истеъфо берди. Читл ўз истеъфосини шундай изоҳлади: “Махфий хизматнинг вазифаси мамлакатимизнинг йўлбошчилари ва молиявий инфратузилмасини ҳимоя қилишдан иборат. 13 июль (суиқасд) куни биз бу вазифани уддалай олмадик. Ташкилот директори сифатида, бутун ёмон ҳавфсизлик учун масъулиятни ўз бўйнимга оламан”. 


Дарҳақиқат, мамлакатнинг ҳавфсизлиги биринчи ўринда унинг раҳбариятини, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий, ҳарбий, технологик соҳаларини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, бунинг учун энг илғор ечимларни таклиф қилиш ва уни амалга ошириш ҳисобланади. Бироқ, бирорта энг замонавий изланишлар ва тадқиқотлар, Ҳошимжондан ташқари албатта, мамлакат ҳавфсизлиги фуқароларнинг соқолини олиш билан кафолатлаганини тасдиқламаган, ҳозирча. 

Аксинча, бундай ҳатти-ҳаракатлар мамлакатимиз фуқароларининг давлат органларига нисбатан ишончсизлигини ортиши, мамлакатдаги иқтисодий муаммолар ва коррупцион ҳолатларга қўшимча равишда ёшларнинг радикал ғояларга янада берилиб кетиши, юртимизда ички вазиятнинг бунданда ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Буни алоҳида тадқиқ қилиш керак.


© Тарих ва сиёсат

Report Page