Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида

MoliyaPress

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 13-августдаги ПФ-5780-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки кўмагида Молия вазирлиги томонидан жалб этилган халқаро даражадаги маслаҳатчи (эксперт)лар ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассис (вакил)ларидан иборат шакллантирилган Ишчи гуруҳи томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда давлат харидлари бўйича амалдаги илғор тажриба ҳамда халқаро тажриба, шу жумладан, БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссиясининг (ЮНСИТРАЛ) модель қонунчилигининг асосий қоидалари, ИҲТТ тавсиялари, шу билан бирга харид қилиш жараёнининг хусусиятлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар, ўрганилаётган мамлакатларнинг ҳар бирининг давлат органлари ваколатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан ўхшашлиги эътиборга олинган.

Давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат харидлари иштирокчиларига қулайликлар ва кенг имкониятлар яратиш орқали харид қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш мақсадида Қонун лойиҳасига қуйидаги мазмундаги асосий янгиликлар киритилди:

давлат харидлари соҳасида давлат буюртмачилари қамровини кенгайтириш мақсадида, давлат харидларини амалга оширишнинг алоҳида тартиби белгиланган стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарни корпоратив буюртмачилар сифатида давлат харидларида иштироки таъминланади;

давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари сонини ошириш орқали улар ўртасида кенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида, давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари сонини кўпайтириш ва бу орқали операторлар ўртасида рақобат муҳитини яратиш, натижада давлат харидлари иштирокчилари учун қулай шароит ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга эришилади;

давлат харидларини қисқа муддатларда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, электрон бозор - бир иш куни, (амалдаги таҳрирда қирқ саккиз соат), аукцион - камида беш иш куни (амалдаги таҳрирда камида ўн кун), танлаш - камида беш иш куни (амалдаги таҳрирда танлов камида ўн кун) ва тендер - камида ўн беш иш куни (амалдаги таҳрирда тендер камида ўттиз кун) этиб белгиланди;

давлат буюртмачиларига харид қилиш тартиб-таомиллари турларини танлаш имкониятларини ошириш мақсадида, электрон бозор, аукцион ва танлаш учун харидларни амалга ошириш мезонлари мувофиқлаштирилди, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваригача (бюджет буюртмачилар учун олти минг бараваригача) этиб белгиланди;

давлат харидларини амалга ошириш механизмларини электронлаштириш мақсадида, тендер (танлаш) ўрнатилган тартибда электрон шаклда амалга оширилиши белгиланди;

давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва давлат харидлари ижрочиларига ўзларининг таъсисчилари ва бенефициар мулкдорларини очиқлаш мажбурияти юклатилмоқда.

харид қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар)ни сифат жиҳатидан янада оширилишини таъминлаш мақсадида, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификатори жорий этилади.

Асосий эътиборга молик жиҳати шундаки, Давлат харидлари тўғрисидаги қонун хужжатларини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш мақсадида давлат харидлари субъектлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ушбу Қонун ва бошқа қонун хужжатларига мувофиқ давлат харидлари тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этиши ва шартнома бўйича мажбуриятлар талаб даражасида бажарилиши учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли нормалар киритилмоқда.

Шу жумладан, бугунги кунда давлат харидлари тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунидан келиб чиқиб давлат тилида эълон қилиниши ва тарқатилиши шартлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, давлат харидларида коррупцион ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳасида иштирокчи ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси давлат харидлари бўйича савдоларда битта лотда иштирок этиши мумкин эмас ва ҳоқ;

иштирокчининг ва (ёки) ушбу иштирокчининг ваколатли вакилининг яқин қариндошлари ижрочини танлаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга ёки давлат буюртмачисининг ёки у томонидан жалб қилинган ихтисослашган ташкилотнинг вакили бўлган ҳолларда иштирокчини давлат харидларида иштирок этишига чеклов белгиланмоқда. Ушбу ҳолат орқали инсофсиз рақобатни олдини олишга эришилади.

Ҳозирги кунда афсуски давлат харидларнинг аксарият қисми уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи ахборот-коммуникация тизимидан фойдаланмаган холда амалга оширилиб келинмоқда.

Харид қилиш тартиб-таомилларининг барча турлари орқали давлат харидларини электрон тарзда амалга ошириш имкониятини яратиш соҳада янада очиқлик ва шаффофликга, рақобат муҳитини ривожланишига, инсон омилини қисқаришига ҳамда коррупцияни олдини олишга эришилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасини амалга оширилиши халқаро рейтингларда мамлакатни баҳосини яхшилашга, шу жумладан ИҲТТ ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истамбул харакатлар режаси мониторинги, Давлат молиясини бошқариш самарадорлигини халқаро баҳолаш (PEFA) томонидан ўтказиладиган баҳолашларда яхши натижаларга эришишни таъминлайди ва мамлакатнинг жахон миқёсида обрўсини ошириб, хорижий инвестицияларни жалб этилишига ўз таъсирини кўрсатади.

Мазкур хужжатнинг долзарблиги ва муҳимлигини инобатга олган ҳолда Қонун лойиҳаси 30 га яқин вазирлик ва идоралар, шу жумладан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар билан келишилган.

Ўйламизки, ушбу хужжатнинг қабул қилиниши давлат харидлари соҳасида янада очиқлик ва шаффофлик ҳамда кенг рақобат муҳитини таъминлашга замин яратади.



Молия вазирлиги

Ахборот хизмати