Янги модел: Тиббиёт бригадалари қандай ишлаши керак?
Бир пайтлар бедаво ҳисобланган касалликлардан бугун соғаяётганлар кўп. Албатта, бу — замонавий тиббиёт ютуғи! Аммо оддий хасталик асорати туфайли жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлаётган ёки умрбод тўшакка михланиб қолаётганлар ҳам йўқ эмас орамизда. Нега шундай? Асосий сабаб — касалликнинг олди олинмагани, қолаверса, ўша дардга эрта ташхис қўйилиб, ўз вақтида даво чоралари кўрилмаганида!
Президентимиз шу туфайли тиббиётнинг бирламчи бўғинига эътиборни кескин кучайтирди. Соҳани тубдан трансформация қилишга киришилди. Бунинг амалий натижаларини уч йилдан буён янгича модел асосида ишлаб келаётган тиббиёт бригадалари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган 11 та бирламчи тиббиёт муассасаси 400 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Уларда 190 та тиббиёт бригадаси фаолияти йўлга қўйилган. Хусусан, 34 минг аҳолини қамраб олган туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида 17 та тиббиёт бригадаси бор. Ана шу бригадаларнинг ҳар бирига 2000 нафар аҳоли соғлиги, тақдири ишониб топширилган. Улар беморларга ташхис қўйиш ва даволаш билангина шуғулланмайди. Балки асосий вазифаси касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш ҳамда тарғиб қилишдан иборат.
— Бунинг учун тиббий бригада тегишли кўрик ва скрининг текширувлари орқали ўзига бириктирилган аҳоли вакилларининг қайси бири соғлом, кимларда хавф омиллари бор, яна кимлар соғлом турмуш тарзига риоя қилмайди ёки хасталикка генетик мойиллиги мавжуд, шу сингари сабабларни ўрганиб, таҳлил қилиб, уларда касалликнинг олдини олиш учун керакли чора-тадбирларни амалга оширади, — дейди Олмазор туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Азизбек Низамов.
— Сурункали касаллиги бор беморлар саломатлигини тизимли назорат қилиб, тиббий кўрсатма бўлганда, амбулатор ёки туман, вилоят, ҳатто республика даражасида даволанишини ташкиллаштириш чораларини кўради. Уйда ётиб қолган ногиронлар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, ҳомиладор ва ёш болали аёллар саломатлигидан хабардор бўлиб, уларнинг сифатли ҳаёт кечириши учун тиббий кўмак кўрсатади.
Маълумки, авваллари ҳар икки минг аҳолига бир шифокор, икки ҳамшира тўғри келган. Охирги уч йилдан бери икки минг аҳолига бир оилавий шифокор, бир амалиёт ҳамшираси, икки патронаж ҳамшираси ва доя бириктирилди. Шифокорнинг кўпроқ вақти беморга ажратилиши учун у бажараётган функцияларнинг катта қисми амалиёт ҳамширасига юклатилди. Бунинг учун ушбу ўрта тиббиёт ходими махсус курсларда ўқитилиб, улар шифокор ёрдамчиси даражасига етказилди.
Ҳозир беморни тиббий кўрик, бирламчи скрининглардан ўтказиш, қон босими ва пульсини ўлчаш, болаларнинг ўсиш ва ривожланишини баҳолаш каби функцияларни аввалгидек шифокорнинг ўзи эмас, амалиёт ҳамшираси бажаряпти. Шунинг ҳисобидан врачнинг асосий вақти бемор билан ишлашга ажратиляпти. Қолаверса, аввал ҳамма ёппасига чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилган бўлса, энди ҳар бир аҳоли вакилининг ёши, жинси, физиологик ҳолатига қараб, махсус профилактик текширувлар ва скрининг дастурлари жорий қилинган.
Бундан ташқари, яқин йилларгача ҳамшира аҳоли хонадонига йилига 10-14 марта бориб-келаверган. Аммо бу сезиларли ижобий натижа бермаган. Универсал-прогрессив патронаж тизими жорий қилингач, ёндашув ўзгарди. Патронаж ҳамширасининг хонадонларга мақсадли бориши йўлга қўйилди.
Мисол учун, бола ёки ҳомиладор аёлнинг тана ҳарорати кўтарилди ёки қон босими ошди. Патронаж ҳамшираси хонадонга бориб, ушбу муаммони аниқлагач, масалани тезкорлик билан ижобий ҳал қилишга киришиши керак. Бунинг учун, аввало, оила шифокорини вазиятдан хабардор қилади. Агар шифокор томонидан бу аёлни касалхонага ётқизиш учун оила томонидан монелик бўлса, “маҳалла еттилиги” ёрдамида ҳомиладорга тегишли зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.
Яна бир диққатга сазовор жиҳат: Президентимиз томонидан мамлакатимиз бўйича бирламчи тиббиёт муассасалари тиббий бригадалари учун 8,5 мингта алоҳида доя ҳамшираси штати ажратиб берилгани ҳам катта янгилик бўлди.
Ҳозир ушбу ўрта тиббиёт ходими зиммасига иккита асосий вазифа юклатилган. Биринчиси — ҳомиладорларни эрта аниқлаш ва улар учун тиббий кўрикларни ташкил қилиш, шу аёлларнинг соғлом кўзи ёригунига қадар кузатиб бориш. Қолаверса, туғиш ёшидаги опа-сингилларимиз ўртасида скрининг текширувларини ўтказишга ёрдам беришга ҳам улар масъул.
Иккинчи асосий профилактик функцияларидан бири эса ўсмир қизлар билан ишлаш, уларни эрта ёшдан оилага ҳам жисмоний, ҳам руҳий, ҳам тиббий жиҳатдан тайёрлаш, маслаҳат бериш, гинекологик касалликларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар бериш ҳамда шахсий гигиена қоидаларини ўргатишдир.
Таҳлилларга кўра, агар бирламчи бўғинда тиббий бригадалар самарали фаолият кўрсатса, ихтисослашган тиббиёт марказлари ҳамда стационарларга мурожаатлар сони кескин камайишига эришилади.
* * *
Тиббиёт аҳолига яқинлашмоқда. Малакали тиббий хизмат ҳар бир хонадонга кириб боряпти... Ижобий натижалар кўп. Шу билан бирга, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Шу боис ушбу тизим фаолиятини босқичма-босқич такомиллиштириш масаласи бевосита давлатимиз раҳбарининг доимий назоратида. Асосий мақсад ушбу бўғинни одамларни рози қиладиган халқчил тизимга айлантиришдан иборат.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.