Янги йилдан 1-тоифали ўқитувчи маоши 2,2 миллион сўмдан ошади

Янги йилдан 1-тоифали ўқитувчи маоши 2,2 миллион сўмдан ошади

18:41

0

Ўзбекистон


2019 йилдан Ўзбекистон умумий ўрта таълим мактабларида ишлаётган 1-тоифали ўқитувчилар маоши 2,2 млн сўм атрофида бўлади. Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ОАВ вакиллари билан 2018 йил бюджет ижроси ва 2019 йилги давлат бюджети параметрларига бағишланган учрашувда маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, 2018 йилда айрим тоифадаги ходимларнинг иш ҳақи миқдорини табақалаштирилган ҳолда ошириш имкони пайдо бўлган. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларининг педагог ва раҳбар ходимлари, дефектолог ва психологлари иш ҳақи миқдорини ошириш учун жорий йилнинг март-декабрь ойларида 315,0 млрд сўм ажратилган.

Султоновнинг айтишича, 2018 йил 1 мартдан олий маълумотли тайёрлов гуруҳи (5 ёшдан 6-7 ёшгача) тарбиячиларининг иш ҳақи 30 фоизга, 2018 йил 1 сентябрдан яна 44 фоизга оширилди. Шу тариқа уларнинг базавий тариф ставкалари умумтаълим мактаблари бошланғич синфлар ўқитувчилари базавий тариф ставкаларининг ҳажмларига тенглаштирилди. Шу билан уларнинг иш ҳақи 2019 йил 1 январь ҳолатига 1 млн 614 минг сўмга етади.

“Бунга қўшимча равишда умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг малака тоифасидан келиб чиққан ҳолда ошириш, малака тоифасини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унга биноан, I босқичда 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб бошланғич синфлар ўқитувчилари базавий тариф ставкалари миқдори 10 фоизга, юқори синф ўқитувчилари базавий тариф ставкалари миқдори 24 фоизгача, директорлар, уларнинг ўринбосарлари ва кутубхоначилар базавий тариф ставкалари миқдори 10 фоизга оширилди.

II босқичда малака тоифасига қараб ўқитувчиларга 10 фоиздан 25 фоизгача, директорлар, уларнинг ўринбосарлари ва кутубхоначиларга яна 10 фоизга оширилди. Натижада 2019 йил 1 январга келиб, 1-тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси 45 фоизга ошади. Қўлга тегадиган ойлик иш ҳақи, директор жамғармасидан ўртача 10 фоизгача устама ҳамда дафтарларни текширганлиги ва синфга раҳбарлик қилгани учун қўшимча ҳақлар тўланса, шунингдек солиқ ислоҳоти натижасида унинг оладиган маоши 2,2 млн сўмни ташкил этади”, - дея рақамлар билан изоҳлади Дилшод Султонов. 

Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, малака тоифасига эга бўлмаган мутахассис ўқитувчи ва олий тоифали ўқитувчи ўртасидаги фарқ 21 фоиздан 38 фоизга ошади. Жорий йилда олий ўқув юртлари профессор ва ўқитувчилари иш ҳақини ошириш тўғрисида иккита қарор қабул қилинган, жумладан:

- 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларининг лавозим маошларини табақалаштирилган ҳолда – ўртача 25 фоизга оширилди. Бунинг самараси ўлароқ, стажер-ўқитувчи ҳамда фан доктори илмий даражасига эга профессор иш ҳақининг миқдорлари ўртасидаги тафовут 90-йиллар даражасида тикланди ва иккига бир нисбатни ташкил қилди. 

- олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари иш ҳақи миқдорлари 2019 йил 1 январдан бошлаб - 20 фоизга ва 2019 йил 1 июлдан бошлаб яна 25 фоизга оширилади.


@Ustozlarga