Янги балиқ турлари иқлимлаштирилиши натижасида етиштирилувчи балиқ турлари сони 4-5 тадан 15-20 тага етказилди

Янги балиқ турлари иқлимлаштирилиши натижасида етиштирилувчи балиқ турлари сони 4-5 тадан 15-20 тага етказилди

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Зилола Рўзиева маълум қилди.

Биламизки, балиқчилик соҳасида ҳосилдорлик ҳажмини оширишда балиқларнинг генофондини янгилаб бориш ҳамда саноат усулида етиштирилувчи балиқлар турини кўпайтириш асосий вазифалардан бири саналади. Ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида, сўнгги 4-5 йил давомида республикага бир нечта балиқ турлари олиб кирилиб, иқлимлаштириш ишлари амалга оширилди.

Республикага камалак форель, тилларанг форель, стерлядь осётр, сёмга, лосось, клариев лаққаси, тиляпия, коя, ветнам ва венгер карпи каби янги балиқ турларининг иқлимлаштирилиши натижасида саноат усулида етиштирилувчи балиқ турлари сони 4-5 тадан 15-20 тага етказилди.

Бу борада Пахтачи, Сариосиё, Учқўрғон, Бўстонлиқ, Ўртачирчиқ ва Термиз туманларида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, “Балиқ ал-саид” ва “Норҳамид бобо” балиқчилик хўжаликларида тиляпия балиғи, “Голден фиш груп” ва “Дб груп эко” хўжаликларида лосось балиғи, “Милафшона”, “Қандил парвози файз”, “Шарқ балиғи” каби 15 дан ортиқ хўжаликларда форель балиқлари етиштирилмоқда.

Шунингдек, Балиқчилик илмий-тадқиқот институтида маҳаллий балиқлар генофондини яхшилаш мақсадида, Белорусия балиқчилик илмий-тадқиқот институти билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳамкорликка асосан институт хўжаликларидан 500 минг дона лохва тангали карп, 100 минг дона немис ялтироқ карп, 50 минг дона оқ амур ва 50 минг дона чипор дўнгпешона наслли зот личинкалари олиб келиниб, алоҳида ҳовузларда ўстириш ишлари ташкил этилди.

Шу билан бирга, институтда янгидан ташкил этилган ёпиқ сув айланма тизими қурилмаларида 500 дона осётр, 200 дона тиляпия ва 200 дона африка лаққаси генофонди яратилиб, ҳозирда иқлимлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Жаҳонда истеъмол аҳамияти юқори, экспортбоб бўлган, республикамиз иқлим шароитига ҳар томонлама мос янги балиқ турларини олиб келиш ва иқлимлаштириш ишлари давом эттирилади.


Report Page