Янги Меҳнат кодексида дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларнинг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги кераклиги белгиланди

Янги Меҳнат кодексида дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларнинг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги кераклиги белгиланди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълумот берди:

Жамиятимизнинг замонавий ривожланиш тенденциялари меҳнат соҳасида вужудга келаётган муносабатларга янги талаблар қўймоқда.

 

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан меҳнат муносабатларига доир жами 11 112 та иш кўрилган бўлиб, шундан 6 863 таси (61,8%) қаноатлантирилган, 1 729 таси (15,6%) рад қилинган, 2 142 таси (19,3%) кўрмасдан қолдирилган, 378 таси (3,4%) иш юритишдан тугатилган.

 

2023 йилнинг 9 ойи давомида эса жами 10 978 та иш кўрилган бўлиб, шундан 7 267 таси (66,2%) қаноатлантирилган, 1 376 таси (12,5%) рад қилинган, 2 002 таси (18,2%) кўрмасдан қолдирилган, 331 таси (3%) иш юритишдан тугатилган.

 

Юқоридаги статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, меҳнат муносабатларига оид низолар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда ва даъво аризаларининг қаноатлантирилиш кўрсаткичи ҳам юқори бўлмоқда.

 

Ушбу ҳолат иш берувчилар томонидан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик нормаларига тўлиқ риоя этилмаётганлигидан далолат беради.

 

Барчамизга маълумки, Президентимиз томонидан 2022 йил 28 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида 294 та модда мавжуд бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 581 та моддадан иборатдир.

 

1995 йилдаги биринчи таҳрирдаги Меҳнат кодексидан фарқли равишда, янги Меҳнат кодексида мажбурий меҳнатни таъқиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўймаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланди. 

 

Бу эса судьяларнинг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси талабларини ўзлаштириши ва мукаммал ўрганиши, уни амалиётга татбиқ қилиши учун муайян суд амалиётини шакллантиришни талаб этади.

 

Меҳнат низолари – бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир.

 

Янги Меҳнат кодекси ходимлар, иш берувчилар ва давлат мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

 

Янги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши муносабати билан суд амалиётида меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган фуқаролик ишларини кўриш жараёнида юзага келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва бир хилдаги суд амалиётини шакллантириш мақсадида эски таҳрирдаги Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномаси(контракт)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида”ги 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарорини қайта кўриб чиқиш зарурияти туғилди.

 

2023 йил 20 ноябрда янги таҳрирдаги Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномаси(контракт)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди.

 

Ушбу Пленум қарорини тайёрлашдан мақсад меҳнат низоларининг айрим тоифаларини кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятларини таҳлилий шарҳлаш орқали қонунларни тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлашдан иборатдир. Бу қарорда меҳнат қонунчилиги нормаларини амалда қўллашнинг турли жиҳатлари кўрсатиб ўтилган.

 

Янги Меҳнат кодексига фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини тузиш ва мазкур шартнома асосида юзага келган муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш масаласида янги норма киритилди. Шунингдек, янги Меҳнат кодексида судга мурожаат қилишнинг муддатлари юзасидан ҳам ўзгаришлар киритилди.

 

Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб, бир ой муддат белгиланган эди. Янги Меҳнат кодексида ушбу муддат, яъни ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой этиб белгиланди. Ушбу ҳолат ҳам ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамият касб этади.

 

Шу муносабат билан Пленум қарорининг 6- ва 7-бандларида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим йўқ бўлганлиги ёки ҳужжатларни олишни рад этганлиги муносабати билан унга меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериш имконияти бўлмаган тақдирда, иш берувчи кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориши шартлигига ҳамда иш берувчи ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини почта орқали юбориш учун розилигини олмасдан почта жўнатмасини топшириш ҳақидаги билдиришнома билан юборишга ҳақли эканлигига судларнинг эътиборини қаратиш ҳақида тушунтиришлар берилди.

 

Хусусан, суд амалиётида меҳнат шартномасини бекор қилишда эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 97-моддаси (тарафларнинг келишуви билан ) ва 99-моддаси (ходимнинг ташаббуси билан) қайд этилган нормалар юзасидан кўплаб низолар келиб чиқарди, шу сабабли янги Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини тарафларнинг келишуви билан бекор қилишда тарафларнинг келишуви меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилиши, унда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шартлиги ҳақида янги норма киритилди. Шунингдек, янги Меҳнат кодексида дастлабки синов муддатлари юзасидан ҳам ўзгариш­лар ўрин олди.

 

Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмаслиги белгиланган эди. Янги Меҳнат кодексида дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларнинг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги кераклиги белгиланди. Шу муносабат билан Пленум қарорининг 10- ва 11-бандларида меҳнат шартномасида дастлабки синов шартлари батафсил баён қилинган.

 

Қарорнинг 12-бандида эса судлар дастлабки синовдан ўта олмаганлиги сабабли ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилинишининг қонунийлигига оид даъволарни кўришда иш берувчи бундай асослар билан фақат дастлабки синовнинг натижалари қониқарсиз бўлгандагина меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эканлиги, ходимнинг меҳнат шартномасида белгиланган ишни бажара олмаслиги аниқ фактлар асосида тасдиқланган бўлиши лозимлиги ҳақида батафсил тушунтириш­лар берилган.

 

Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган Пленум қарори айни вақтда ягона суд амалиётини шакллантириш ҳамда иш берувчи ва ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишда муҳим раҳбарий кўрсатма бўлиб хизмат қилади.


Report Page