Янги Конституция – янги давр йўлида
Янги Конституция – янги давр йўлидаБугун мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси давом этаяпти. Бу борада ҳар бир фуқаро қулай инклюзив таклиф юбориш имкониятига эга бўлди. Конституциявий қонунимиз лойиҳасида Конституциянинг кўплаб моддаларига 200 дан ортиқ тузатишлар киритиш назарда тутилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида “инсон қадри” ислоҳотларнинг бош мезони бўлганлиги сабабли, киритилиши кутилаётган ўзгартиришлар, қўшимчалар ва янги нормалар ҳам “инсон – жамият – давлат” тамойилига асосланган.
Бугун қай бир ривожланган мамлакатнинг тараққиёт тенденцияга юзланманг, унда илм соҳибларига, хусусан, педагогларга юксак ҳурмат, катта эътибор самарасини англаш қийин эмас. Мамлакатимизда ҳам устоз ва муаллимлар ҳурмати, ижтимоий мақомини кўтариш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Бунгача ўқитувчилар бугунги кундагидек юксак қадрланмаган. Узоққа бормайлик, яқин тарихимизда пахта йиғим-теримида қатнашиш, нормани бажариш, пахтани ўтоқ қилиш, тагини юмшатиш, шанбаликларга чиқиш, атрофни тозалаш каби ишларнинг барчасида ўқитувчи иштирок этар эди. Бу ишларнинг барчасида кўп йиллик тажрибага эга бўлиб қатнашганмиз.
Янги Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар бўйича эса Конституциявий қонун лойиҳасининг 41-моддасида ўқитувчининг жамиятда тутган юксак ўрнини юқори даражада эътироф этиб, муҳрлаб қўйиш таклиф этилмоқда. Яъни, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда. Бу ҳар бир пегагог ходимга маънавий мадад, руҳ бағишлайди, доимо давлат эътиборида, ҳимоясида эканлигини ҳис қилган ҳолда ўз вазифаларини астойдил бажариш иштиёқини оширади.
Давр ўзгармоқда, тараққиёт янгиланмоқда, лекин ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам ўқитувчининг ёш авлодга берадиган таълим-тарбиясига эҳтиёж, маънавий талаб ўз аҳамиятини йўқотмайди. Чунки жамият ўз муҳити билан инсонни ўзгартирса, инсонни фақат илм-фан, таълим ўзгартиради, ривожлантиради ва бу, шубҳасиз, ўқитувчининг машаққатли меҳнати билан боғлиқ. Ўқитувчи бугун улуғланмоқда. Бу учун биз давлатимизга, ўқитувчи номини улуғлаётган давлатимиз раҳбарига ташаккурлар изҳор этамиз!
Ўқитувчиларга юксак эътибор ва эҳтиром қилинаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш биз ўқитувчиларга қатъий мақсадлар сари олға интилиб яшаш ва ишлаш учун ҳар томонлама зарур ва шарт. Негаки, ҳар қандай жамият уйғониши, тараққиёти асосини илм-фан, таълим-тарбия, санъат, адабиёт, янги технология, инновациялар ташкил этади. Илм-фанни эса, албатта, ўқитувчи, устоз ўргатади ва юксалтиради.
Янги Конституцияда акс этиши кутилаётган янги қўшимча ва ўзгартишлар замон талабига тўла мувофиқ бўлиб, ҳар бир моддадаги ўзгариш том маънода фуқаролар ва халқ манфаати йўлида қилинган олий ҳаракатдир ва ушбу янги Конституция Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини янада мустаҳкамлаб, фаровон ҳаёт сари порлоқ йўл очажак, деб умид қиламиз.
Хулоса қилиб айтганда, биз устоз-педагоглар Конституциямизга киритилаётган ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган ҳолда бугунги ислоҳотлар жараёнида ўз фаолиятимиз билан юртимиз равнақига сидқидилдан хизмат қилишда давом этамиз.
М.Н.Хикматова