Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси муҳокамаси юзасидан 

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси муҳокамаси юзасидан 

https://t.me/aoka_uz

Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган эди.

Фармон лойиҳаси муҳокамада турган 2021 йил 30 декабрдан 2022 йил 14 январга қадар 43 мингдан ортиқ кўрилган ва 525 та таклифлар билдирилган.

Ҳозирда мазкур таклифлар асосида Фармон лойиҳасини янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳада кўп соҳалар бўйича янги тартиб-қоидалар, хусусан аҳоли ва тадбиркорлар учун енгиликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятидаги ўзгаришлар, давлат бошқаруви органлари фаолиятини трансформация қилиш борасидаги янги ислоҳотлар ўз аксини топган.

Жумладан, давлат бошқаруви органларининг “Давлат – инсон учун” тамойили асосида ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларни режалаштиришга қаратилган янги тизим яратилади.

Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларининг бир йиллик иш дастурини, шу жумладан жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш, уларнинг ижро ҳолатини доимий эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади;

давлат органларида мурожаатларни таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудлар (шаҳар, қишлоқ ва маҳалла) кесимида ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича дастурларни ишлаб чиқилиб, эълон қилиб борилади;

давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини жамоатчилик томонидан

кузатиб бориш тизими яратилади;

ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, лойиҳада хусусий секторга ўтказиладиган ва уларни жалб қилиш мумкин бўлган айрим давлат функцияларини ошириш белгиланмоқда. Бунда:

айрим соҳалардаги давлат назорати, шу жумладан ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, таълим сифатини назорат қилиш, дори воситаларини сертификатлаштириш каби функцияларга хусусий сектор вакилларини жалб қилиш;

хусусий секторни жалб қилиш самарадорлиги юқори бўлган соҳаларни аниқлаб, айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш назарда тутилади.

Фармон лойиҳасида давлат бошқарувини номарказлаштириш ҳисобига маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва ҳудудий давлат бошқаруви органларининг жойларда масалаларни ҳал қилишдаги ролини ошириш бўйича ҳам янги тартиболар белгиланиши назарда тутилган.

Бунда Республика давлат бошқаруви органларининг функция ва ваколатларини ҳудудий давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказишнинг тартиби ишлаб чиқилади.

Шунингдек, ҳудудларни ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишда барча даражадаги давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларининг самарали ишлаши учун рақамли технологиялар жорий қилинади.

Бундан ташқари, лойиҳада хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш борасида ҳам муҳим режалар белгиланган.

Хусусан:

-        мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ барча маъмурий ҳужжатларни қатъий равишда фақат суд тартибида бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш амалиётини жорий этиш;

-        иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (камайиб борувчи) давлат божи ставкаларини қўллаш;

-        давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш;

-        инсофли эгалловчининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш ва мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмларини қўллаш тартибларини жорий қилиш белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Фармоннинг қабул қилиниши натижасида келгуси йилларда 7 устувор йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб олинади ва халқимиз фаравонлиги, юртимиз равнақи йўлида амалга ошириладиган ислоҳотлар кенг кўламда давом эттирилади.

 


Report Page