Янги Ўзбекистонни ёшларсиз қуриб бўлмайди!

Янги Ўзбекистонни ёшларсиз қуриб бўлмайди!


  2019 йил 27 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Тошкент шаҳрида жойлашган “Муҳаммад ал-Хоразмий” номли мактабда ёшлар билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар ҳамда ушбу муаммоларнинг ечими бўйича уларнинг таклифлари билан қизиқиб, муаммоларни ечишда ва қийинчиликларни енгиб ўтишда ёшларнинг шижоати, интилиши ва куч ғайрати керак эканлиги тўғрисида таъкидлаган эди. Ушбу йиғилиш давомида юртбошимиз томонидан барча Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларига ёшлар билан учрашиш ва уларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича топшириқлар берилган эди. Учрашувда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари, полковник Ш.Н.Рахмоновнинг Нуробод тумани ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди. 

  Учрашув ёш ижодкорларнинг шахсий ижод намуналарини кўздан кечириш билан бошланди.

    Мадҳиямиз садолари баралла янграгандан сўнг, тадбир очиқ деб эълон қилинди.

Тадбирда, Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосари, туман прокурори, Ички ишлар органларининг фахрийлари ҳамда барча мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этишди. 

  Сўзга чиққан, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари, полковник Ш.Н.Рахмонов, бугунги кунда ёшларнинг даврдан ортда қолмаслиги, доимо замондан бир қадам илгари қадам ташлаши керак эканлигига, барча соҳаларда билимли, сиёсий ва ижтимоий фаол, халқ манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган, ҳалол ва жонкуяр, ёш раҳбарларни тарбиялаш барчанинг олдида турган энг асосий масала эканлигига тухталди.

  Шунингдек, бугунги кунда ёш оилалар ўртасидаги ажримлар масаласи кун сайин долзарб тус олаётганлигини, битта ажрим ортида қанчадан-қанча оилалар фожиаси, ота-оналар изтироби, тирик етим бўлиб қолаётган фарзандлар тақдири ётганлигини таъкидлаб ўтди.

  Туман хокимининг ўринбосари, ёшлар масаласига ҳар бир туман ҳокимлиги мутасаддилари, ташкилот раҳбарлари ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, ишни ҳамжиҳатликда ташкил этиши лозимлиги, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

  Сўзга чиққан фахрийлар ўзларининг бой хаёт тажрибаларини ёшлар билан бўлишишди.

Ёшлар билан учрашув очиқ, самимий ва дўстона тарзда ўтказилиб, ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар учрашув иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди.

  Ёшлар томонидан қилинган ҳар бир мурожаатни ижросини таъминлаш учун алоҳида ташкилот масъуллари бириктирилиб, вилоят 3-сектори раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан алоҳида назоратга олинди.

Тадбир сўнгида, бир қатор ёшлар бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси ҳамда қиммат бахо совғалари билан тақдирланишди.

  Cамарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

 

 

Report Page