Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!

Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!

@davrovozigazeta
Шу кунларда халқимиз қутлуғ сана – Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик байрамига катта тайёргарлик кўрмоқда. Ҳудудларда ўтказилаётган маънавий-маърифий, тарғибот тадбирлари ҳам ушбу айёмни муносиб нишонлашга қаратилган. Мазкур тарғибот тадбирларини ташкил этишдан асосий мақсад, халқимизда шукроналик ҳиссини шакллантириш, Янги Ўзбекистонда янгича дунёқарашни уйғотишдан иборатдир. Гувоҳи бўлганимиздек, халқимиз ўз ҳаётидаги ўзгаришлардан рози бўлиб, ўтаётган ҳар бир кунига шукрона келтирмоқда.


Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини, хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз хусусида гап кетганда, дунёнинг турли қитъалари, халқаро ташкилотлар минбарлари, нуфузли анжуманларда “Янги Ўзбекистон!” деган ибора тез-тез такрорланаётгани қувонарлидир, албатта. Дарҳақиқат, дунёқараши, ҳаётга муносабати ўзгариб, эртанги кун истиқболига бўлган ишончи юксалаётган халқимизнинг орзу-мақсадлари ҳам замон шиддатига ҳамоҳанг бўлмоқда.

Мустақиллик – эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг бош омилидир.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2020 йил 17 декабрда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳар биримизнинг ҳаётимизда энг улуғ ва муқаддас воқелик бўлиб қолган ушбу нурафшон кунни муносиб тарзда кутиб олиш, кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида олиб борилаётган тайёргарлик ишларига янгича маъно ва мазмун бағишлади.

Бу йилги Истиқлол байрами “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида нишонланади.

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Узоқ ва яқиндаги барча давлатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқаларимиз тобора кенгайиб, ривожланяпти. Қувонарлиси, давлатимиз раҳбарининг оқил сиёсати туфайли келажаги буюк мамлакатимиз тараққий топган дунё давлатлари билан бўйлаша бошлади, бундан-да муҳим ўзгаришлар дунёқарашимизда, турмуш тарзимизда юз берди. Республикамиз улкан қурилиш, бунёдкорлик майдонига айланди.

Бугун мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар Ўзбекистон деган бағрикенг юртни кўриш учунгина эмас, айни чоғда, унинг тажрибаларини ўрганиш, ундан ибрат олиш, завқланиш учун ҳам келмоқда. Буларнинг барчаси Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани самарасидир.

Бир сўз билан айтганда, буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Саидаҳмад Ибрагимов,

Олтиариқ тумани 3-ИДУМ маънавий маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

Report Page