Янги Ўзбекистон - миллатлараро тотувлик улуғланган мамлакатдир
«Бир-бирини тушуниш – бир хил тилда сўзлашиш эмас,
Бир-бирини тушуниш – бир хил туйғуни ҳис этишдир»
Мавлоно Жалолиддин Румий.
Жаҳон ҳамжамиятидаги миллатларнинг бир-бирига аҳиллик ришталарини боғловчи ғоя бу - миллатлараро тотувлик ғояси яъни миллатпарварлик ғоясидир. Ҳозирги даврда миллатлараро тотувлик ғояси cайёрамизда яшаётган 1600 дан зиёд этник гуруҳларнинг тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик асосида тинч-тотув яшашлари учун ягона маърифий ғояларнинг биридир.
Ўзбекистонда ҳукм сураётган миллатлараро бағрикенглик асосини ЮНЕСКО томонидан “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” декларацияси, Ўзбекистоннинг Конституцияси ва тегишли қонунлари, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ
72-Ассамблеясидаги маърузасида илгари сурилган ғоялар ташкил этмоқда. Ҳозирги даврда Янги Ўзбекистонимизда ҳар йили “30 июл – Халқлар дўстлиги куни” сифатида кенг нишонланиб, ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар мамлакатимиздаги 137 турли миллатлар вакилларининг бир бирига бўлган меҳр-оқибатини ва тотувлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Ушбу санани нишонлашдан асосий мақсад ҳамкорлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва одамлар, давлатлар ва умуман жамиятнинг турли тузилмалари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришдан иборат.
Кўпмиллатли мамлакат сиёсатининг асосий мақсади миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни шакллантиришдир. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ миллий сиёсатнинг ўзига хос йўли ишлаб чиқилдики, айни шу сиёсат миллий бағрикенгликнинг барқарор ривожланишига замин яратди. Ўзбекистонда шаклланган бундай миллий бағрикенгликдан кенг дунё жамоатчилиги ўрнак олишга интилаётгани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистонда яшовчи турли миллат вакилларининг маданий эҳтиёжларини қондириш учун миллий маданий марказлари фаолият юритади. Дастлабки миллий маданий марказлар корейслар, қозоқлар, яҳудийлар, арманлар томонидан республика вилоятларида 1989 йилда ташкил этилган. Бу марказларнинг чинакам ривожланиши ва равнақ топиши Ўзбекистоннинг мустақилликка эришгандан кейин бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги қарори билан ташкил этилган Республика байналмилал марказлар маркази эса ушбу миллий маданият марказлар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга ёрдам кўрсатади.
Бизнинг туманимизда ҳам Туркман Миллий маданий маркази фаолият кўрсатиб, этномаданий эҳтиёжларни қондиришга, миллий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Тўрткўл туманида ҳам 230000 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 60 фоизини ўзбек, 24 фоизини туркман, 7 фоизини қозоқ, 6 фоизини қорақалпоқ, 3 фоизини рус, татар, корейс ва бошқа миллат вакиллари ташкил қилади.
Тумандаги жами 67 та умумтаълим мактабларининг 41тасида ўзбек, 20 тасида туркман, 5 тасида қозоқ, 1 тасида қорақалпоқ тилида таълим берилади.
Ўтмиш тарихга назар ташласак, ўтган асрнинг 30-йилларида очарчилик туфайли ўнлаб миллат вакиллари бир бурда нон топиш илинжида Ўзбекистонга келган ва ўзбек халқи уларни меҳр билан қабул қилган, нон берган. Шунинг учун “Тошкент - нон шаҳри”, деб бежизга айтишмайди. Иккинчи жаҳон урушида ўзбек халқи яна минг-минглаб оилаларни, етим болаларни ўз бағрига олди, ҳеч ким кўчада қолгани йўқ. Буларни тарихий аччиқ қисматли воқеаларни эсламай бўлмайди. Ўзбек халқининг бағрикенглигини, болажонлигини ҳеч бир ўлчам билан таққослаб бўлмайди.
Исроил элчиси Ўзбекистонга таъриф берганида: “Бу мамлакат яҳудийлар қувғин қилинмаган дунёдаги ягона мамлакатдир” деган экан. Қрим-татар миллий маданий маркази фаоли Фебзи Якубовнинг ёзган китобида шундай сатрлар бор: “Сингапур микротехнология, Германия саноат техникаси, Нидерландия қишлоқ хўжалигида энг илғор ўринда туради десак, унда шак-шубҳасиз Ўзбекистон бошқа миллат ва элатларнинг шаъни ва қадр-қимматини қадрлашда энг олий ўринда туради”, деган самимий эътирофи, бутун ўзбек халқига берилган буюк эҳтиромдир.
Энг муҳими, Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги ПФ-5876-сон Фармони билан миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг мақсадлари, принциплари ва асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Биринчидан, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш — миллатлар ва элатларнинг вакиллари ўртасида конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни шакллантириш масаласига изоҳ берилган.
Иккинчидан, миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати — жамиятда миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва тартибга солиш соҳасида давлатнинг тизимли фаолиятидан иборат бўлиб, фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенглигини таъминлашга қаратилган.
Учинчидан, миллатлараро бағрикенглик — фуқаролик жамиятининг ижтимоий нормаси бўлиб, бошқа миллат ва элатлар вакилларининг умуминсоний қадриятларга зид бўлмаган нуқтаи назарларига, динлари, урф-одатлари, анъаналари ва маданиятига нисбатан муросаи мадорада намоён бўлади.
Албатта, “Халқлар дўстлиги куни” Янги Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада ривожлантиришга, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий-ҳуқуқий жиҳатдан намунали тарзда шарт-шароитлар яратилганлигини намойиш этишга хизмат қилмоқда. Ушбу буюк ва эзгу мақсадларни амалга ошириш учун ҳам Ўзбекистонда ҳар йили 30 июль – “Халқлар дўстлиги куни” сифатида кенг нишонланаверади. Мазкур байрам “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт”да яшаётган бағрикенг халқимизга муборак бўлсин.
Жонибек Сеттиев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари