Яна 266 нафар юртдошимиз Бухорода каратинга олинди

Яна 266 нафар юртдошимиз Бухорода каратинга олинди

Buxoro.uz

Вилоят ҳокимлигида тегишли бошқарма, ташкилот ва корхоналар масъул ходимларидан таркиб топган «СOVID-19» ўткир юқумли касаллигига қарши курашиш ва унинг тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят Штабидан олинган маълумотга биноан, куни кеча, яъни 24 март куни ярим тунда Россия Федерациясидан 614-сонли рейс билан “Внуково - Бухоро” йўналишида учган авиарейс қабул қилинди.

Самолёт бортида 266 нафар мамлакатимиз фуқаролари фавқулодда ҳолатдан келиб чиққан тартиб-қоидалар асосида кутиб олинди.

Шахсига тўхталсак, уларнинг 202 нафари эркак, 64 нафари аёл ва 11 нафари вояга етмаганлар. Йўловчиларнинг 7 нафари нафақа ёшидагилардан иборат бўлса, уларнинг 4 нафари чет давлатдан депорт қилинганлардир. Таркибда вилоятимиздан ташқари, Тошкент шаҳри ҳамда вилояти, шунингдек, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё, водий вилоятларидан, қолаверса, Қорақалпоғистон республикасидан юртдошларимиз бор.

Бухоро халқаро аэропортида тегишли тартибда карантин меъёрларига мувофиқ қарши олинган йўловчилар орасидан тана ҳарорати юқори бўлганлиги сабабли 4 нафар фуқаро вилоят Юқумлик касалликлар шифохонасига олиб борилган. Қолган йўловчиларнинг ҳар бирига нисбатан тиббий-профилактик нуқтаи назардан қаттиқ назорат ўрнатилган.

Афсуски, авиабортда Вобкент туманида истиқомат қилган бир нафар фуқаронинг жасади ҳам қабул қилинган. Маълум бўлишича, Россия Федерациясига қатнаб, ишлаб юрган бу фуқаро инсульт касаллиги натижасида чет элда вафот этган.   

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати