Яхшиликнинг мукофоти-фақат яхшилик

Яхшиликнинг мукофоти-фақат яхшилик


Маълумки, Ислом дини таълимотида башарият аҳли Аллоҳ таоло томонидан берилган энг улуғ неъмат – умр неъматини фақатгина эзгу ва хайрли ишларга сарф қилиши лозим эканлиги таъкидлаб ўтилади.


Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар – садақаи жория, манфаатли илм, ҳамда солиҳ фарзанд. (Имом Бухорий)


Инсон вафот этганидан сўнг унинг савоб ва гуноҳ амаллари ёзилиб турадиган ҳисоб-китоб дафтари Аллоҳнинг амри билан ёпилади. Аммо, уч амалининг савоби узлуксиз равишда ёзилиб туришини Аллоҳ қиёмат кунигача бардавом қилиб қўяр экан.


Садақаи жория – инсонлар ҳар доим ундан манфаат топадиган амал. Яъни, Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳаёти давомида халқ манфаат топадиган масжид, мадраса, турли илм даргоҳлари ва йўлларни барпо этиш ҳамда шунга ўхшаш эзгу ишларни амалга оширишдир.


Хайр-саҳоват, меҳр-оқибат, сийлаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо соҳибига зийнат бўлиб келган. Бундай олийжаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади.

Хайр-эҳсоннинг яхшиси бу қийинчилик ва муҳтожлиги бор ҳақли одамларга яхшилик қилишдир.


Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки:

“Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир, унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманига топшириб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳам ҳожатида бўлади. Кимки мусулмондан ғам ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат ғам ташвишларидан уни халос этади. Кимки мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг ҳам айбини беркитади”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Мусулмон киши ўзимнинг ташвишим етарли, дея ёнидаги биродарининг ташвишини ёдидан чиқармаслик керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари ва умматларининг ташвишларини ўз ҳолига ташлаб қўйганлари йўқ, балки уларнинг ташвишларини ҳам ўзларининг ташвишлари деб билганлар.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўллари маҳкам ушлаган ҳолда, бизнинг Хўжаобод туманимизда 15 нафар турар жойларига эҳтиёжи бор фуқароларимизга Туманимиз хокими, мутасадди ташкилотлар ва саҳоватпеша тадбиркорлар ёрдами билан замонавий, ҳамма шароитлари бор уй жойлар бир йил мобайнида қуриб битказилиб ўз эгаларига топширилди. Тадбирда Вилоятимиз хокими Абдурахманов Шухратбек Кушакбаевич шахсан ўзлари ташриб буюриб, туманимиз фуқароларига ва қурулишда иштироқ этган барча мутасаддиларга самимий тилакларини билдириб, ўз миннаддорчилигини изҳор қилди. Янги ҳонадонларга кириб, уй эгалари ҳаққига ва Юртиимзда бундай хайрли ишлар кўблаб бўлишлигини, Юртиимздаги барча соҳаларга Аллоҳ таоло барака беришини, Биз фуқароларга кечасию кундузи жон куюктириб ҳизмат қилаётган Юртбошимиз ва барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни қилаётган хайрли ишларида Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлишини сўраб дуо хайрлар қилинди.


Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон


Report Page