Яхшилик қўлимиздан келмаса, ёмонлик қилмайлик!

Яхшилик қўлимиздан келмаса, ёмонлик қилмайлик!


Мирзо Улуғбек туманининг “Чимён” маҳалласида бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани, хусусан, “Қорасув” каналининг бўйи ободонлаштирилиб, аҳоли дам олиши учун махсус ўриндиқлар ўрнатилгани ҳақида бир неча бор ёзган эдим. 

Ҳақиқатан ҳам қисқа вақт ичида канал қирғоғи сайловчиларимнинг кўнгилли дам олиш жойга айланди. Айниқса, ёзнинг бугунгидек жазирама кунларида сув бўйида, соя-салқинда дам олиб, суҳбатлашишга нима етсин. 

Аммо яқинда ижтимоий тармоқларда канали бўйига ўрнатилган ўриндиқнинг синдирилгани ҳақидаги суратни кўриб, афсуски, бунинг қадрига ҳамма ҳам етавермас экан-да, дея таъбим хира бўлди. Ахир бу лойиҳани тайёрлаб, тасдиқдан ўтказишимиз осон бўлмади. Маблағ топиш бўйича қанчалар овора бўлганимиз ҳақида эса гапирмасам ҳам бўлади.


Айбдор ҳам топилди. Жазоланди ҳам.


Шу йилнинг 1 июнь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида ушбу иш бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Айбдор ўз айбини тан олиб, пушаймонлигини айтиб, кечирим сўради. Оилавий аҳволи оғирлигини маълум қилди. Суд шуларни эътиборга олиб, айбдорга БҲМ икки баравари (490 000 сўм) миқдорида жарима, шунингдек, уч сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. 


Албатта, ҳар қандай жазо, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик жазосиз қолмайди!


Шу ўринда бир мулоҳаза: қачон давлатнинг мулкини ўзимизникидек асраб-авайлашни ўрганамиз?Ахир бундай қулайликлар одамларнинг яхши яшаши, дам олиш учун қилинади-ку. Қолаверса, унга кетган маблағ ҳам сизу бизнинг пешана теримиз. Одамларга, давлатга яхшилик қилиш қўлимиздан келмас экан, ёмонлик қилмайлик. Хуллас, лоқайдлар, умуман, барчамиз ўзгаришимиз керак. Акс ҳолда жамиятимиз яхши томонга ўзгармайди.


@deputat_ziyayev

Report Page