Ягона интерактив давлат хизматлари порталида энг оммабоп бўлган давлат хизматлари ТОП-10 лиги

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида энг оммабоп бўлган давлат хизматлари ТОП-10 лиги

Digital Uzbekistan

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ягона Портал) давлат органлари томонидан, шу жумладан пулли асосда кўрсатиладиган интерактив давлат хизматларидан эркин фойдаланишнинг ягона нуқтаси ҳисобланади.

Ягона порталнинг асосий вазифалари;

·                   фойдаланувчиларга давлат органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш учун имконият бериш;

·                   фойдаланувчиларни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги бошқа лойиҳалар билан интеграциялаш;

·                   фойдаланувчиларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш;

·                   давлат органларига мурожаат қилинганда фойдаланувчилар учун бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва уларни бартараф этиш;

·                   «Электрон ҳукумат» тизимини янада ривожлантириш ва давлат бошқарувига замонавий ахборот технологияларини жорий этишда кўмаклашишдир.

2019 йил июнь ойи ҳолатига кўра, Ягона портал орқали 150 дан ортиқ давлат интерактив хизматлари кўрсатиб келинмоқда ва бугун биз сизларга интерактив давлат хизматлари орасида энг оммабоп бўлган хизматлар ТОП-10 лиги тўғрисида маълумот беришга қарор қилдик. Маълумотлар 2019 йил 19 июнь санаси учун кўрсатилган.

Демак:

10-ўрин: Судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисидаги маълумотномаларни олиш учун электрон ариза юбориш – хизмат яримавтомат тарзда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахсларга кўрсатилади. Давлат хизмати кўрсатилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Хизматни кўрсатиш муддати 2 иш куни.

9-ўрин: Ўзбекистон Республикаси ҳудудига темирйўл транспорт воситаси орқали олиб кирилаётган юк ҳақида маълумот олиш – хизмат автоматик тарзда, тадбиркорлик субъектлари - жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилади. Мазкур хизмат Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган юк ортилган темир йўл транспорти воситасининг божхона постларидан ўтиш вақти ва жойи ҳақида маълумотларни олиш имконини беради.

8-ўрин: Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини автомобил транспортида олиб ўтишда юк ташувчилар томонидан Давлат божхона хизмати органларига олдиндан электрон маълумот тақдим этишхизмат яримавтоматик тарзда кўрсатилади ва жисмоний ва юридик шахсларга Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали автомобил транспортида олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларига ўз вақтида олдиндан маълумот тақдим этиш имкониятини яратади.

7-ўрин: Юридик шахслар, жисмоний шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома – хизмат автоматик тарзда кўрсатилади. Солиқ тўловчи юридик ва жисмоний шахсларга, давлат солиқ хизмати органларига ташриф буюрмасдан мустақил равишда солиқ қарзи мавжуд эмаслиги ҳақида электрон маълумотномани шакллантириб чоп этиб олиш имконияти яратилган. 

Мазкур маълумотнома ўзининг уникал рақамига эга бўлиб, барча сўралган корхона ва ташкилотларга тақдим этилиши мумкин. Ушбу ташкилотлар электрон маълумотноманинг ҳақиқийлигини солиқ органларининг маълумотлар базасидан тўғридан-тўғри текшириб олиш имкониятлари ҳам мавжуд.

6-ўрин: Ташқи иқтисодий фаолиятга тегишли контракт (шартномалар) маълумотларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритишхизмат автоматик тарзда кўрсатилади. Ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотлар, тадбиркорлик субектлари томонидан контрактга тегишли маълумотлар асосида “E-Kontrakt” махсус бепул дастурий таъминотлар ёрдамида шакллантирилган ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан берилган Электрон Рақамли Имзо билан тасдиқланган файлни, Ягона портал орқали юклаш йўли билан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тақдим этилади. Дастурий таъминот фойдаланувчилари учун йўриқномани қуйидаги ҳаволалар (“E-Kontrakt” ҳаволаси) бўйича юклаб олиш мумкин.

Ташқи савдо контраклари бўйича маълумотларни ЭРИ билан тасдиқланган электрон кўринишда “E-Kontrakt” 1.1.5-версия ёки "E-KONTRAKT 2.3.1" махсус бепул дастурий таъминотлар ёрдамида шакллантириш учун, фойдаланувчилар компютерларига Java Runtime Environment дастурий платформасининг 7 ёки янгироқ версиясини ўрнатишлари зарур.

5-ўрин: Товарларни электрон декларациялаш – хизмат яримавтоматик тарзда жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилади. Мазкур хизмат орқали тадбиркорлар божхона юк декларациясини ёки божхона қийматига тузатишлар (БҚТ) киритиш шаклларини электрон тақдим этишлари мумкин.

4-ўрин: Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш – хизмат жисмоний шахсларга автоматик тарзда кўрсатилади ва Электрон рақамли имзо бўлишини талаб этади. Хизмат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 26 мартдаги 238-сон қарорига асосан кўрсатилади.

3-ўрин: СТИРни аниқлаш - Мазкур хизмат орқали солиқ тўловчи жисмоний шахслар давлат солиқ хизмати органларига ташриф буюрмасдан Давлат солиқ қўмитасида рўйхатга олинганлиги ҳамда СТИР берилганлиги тўғрисида гувоҳномани автоматик тарзда, электрон кўринишда юклаб олишлари мумкин.

2-ўрин: Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза юбориш – хизмат яримавтоматик тарзда кўрсатилади ва Электрон рақамли имзо талаб этади. Кўчмас мулк объекти мулкдорлари ёхуд ушбу объект бўйича ашёвий ҳуқуқлар эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, чекланган ёки бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб бир ой муддатда кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишлари шарт.

1-ўрин: Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича электрон ариза юбориш – хизмат яримавтоматик тарзда кўрсатилади. Ушбу хизмат орқали болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича навбатга қўйиш ёки йўлланма олиш учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар электрон ариза юборишлари мумкин.

Фуқаролар учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фуқаролар ҳаёти жабҳаларини қамраб олувчи бошқа қатор интерактив хизматларни жорий этиш давом этмоқда. Ягона портал орқали онлайн хизматлардан фойдаланинг, ўз маблағларингиз ва вақтингизни тежанг! 


Report Page