ЯШИЛ ҚУШЛАР МАНЗУМАСИ
Бир шеър талқини
ЯШИЛ ҚУШЛАР МАНЗУМАСИ
(Эшқобил Шукур ижодида “Насойимул-муҳаббат” баҳралари)
Маърифат нури ва ҳикмат зиёлари
Агар маърифат нури ва ҳикмат зиёлари бўлмаса, у шеърият яшовчан бўла олмайди. Янги давр, яъни XX–XXI аср ўзбек адабиётида маърифат тамойиллари ижодкорларнинг тарихга, тарихий шахслар ва мумтоз адабиётга бўлган муносабатлари орқали намоён бўлади. Насрда Ойбек, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Хайриддин Султонов буюк тарихий шахслар ҳаётига мурожаат қилиб, мумтоз асарлар ижод қилдилар. Шеъриятда Мақсуд Шайхзода, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева имкон қадар мумтоз шеърият нурларидан баҳра олиб, шеърда ҳикматли сўз айтишга уриндилар.
Мақсуд Шайхзода маърифатга ташна шоир эди. Мирзо Улуғбек маънавий оламига мурожаат қилиб, совет мустамлакаси мафкураси доирасидан чиқа олмаса-да, маърифат диёридан ўзига яраша насиба олди. Абулла Орипов ўлмас шеърияти, “Ҳикмат садолари” (“Арбаъйин”) ва “Ҳаж дафтари” туркумлари билан ўз номини абадият дафтарида муҳрлади. Эркин Воҳидов девон тузиш ва ғазал санъати, “Ғазал оқшоми” суҳбатлари орқали девон адабиёти ва мумтоз шеърият билан алоқадорлигини таъминлади ва шубҳасиз, абадиятга дахлдор шоирга айланди. Рауф Парфи ўз ижодини буюк озарбайжон мумтоз шоирлари билан боғлади, Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари” асари муҳитида яшади, жаҳон маърифатпарвар шахслари ва озодлик курашчиларининг ном ва таъсирларини ўзбек шеъриятига олиб кирди, туркий дунёни бирлаштириш ғояларини куйлади. Омон Матжон ўз ижодини нурли манзил томонга бурди: Хожагон-Нақшбандийя шайхи, муршиди комил, авлиё зотларнинг улуғларидан бўлмиш Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (Хожа Аҳрори Валий) даргоҳларига бош уриб, у зот ҳақларида “Халоскор руҳ” асарини ёзди, маънавият оламидан насиба терди. Ҳалима Худобердиева Турон ва Туркистон ғоялари билан ўз ижодига ижтимоий руҳ ва зийнат бахш этди. Хуршид Даврон қадимий Самарқанд руҳини адабиётга олиб кирди.
Мумтоз адабиёт билан алоқадорлик
Айтиш лозимки, мумтоз адабиётдаги бадиий тафаккур ва ҳикмат анъаналари ижодкорнинг ўша мумтоз адабиёт билан алоқадорлигида давом этади. Эшқобил Шукур мумтоз адабиёт бадиий, миллий, маърифий тафаккур ва ҳикмат анъаналарини “Лой чақмоғи” туркумида давом эттирди. Афсус, бу ўзига хос теран маърифий туркум ҳақида мунаққид олимларимизнинг бирор тадқиқот руҳидаги мақола ёзганини кўрмадим. Қуйида Эшқобилнинг “Зуннун Мисрийнинг яшил ўлими” шеъри хусусида фикр юритмоқчиман.
Шоир ёзади:
Шайхнинг хазон куни баҳорлар келди,
Фалак яшил байроқ тусига кирди.
Кўк юзини тутди соясиз
Ниҳоясиз яшил қушлар, ниҳоясиз...
Зуннун Мисрий ким бўлган?
Ҳазрат Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида ёзишича, Зуннун Мисрий авлиё зотлар ва тасаввуф тоифасининг биринчи табақасидандир, Имом Молик ибн Анаснинг шогирди бўлиб, у зотнинг мазҳабидадир. У зотнинг муайян мавзуларга ажратилган ҳадислардан иборат “Ал-Муваттоъ” (“Халқчил китоб”) асарини шахсан ўзидан таълим олган, фиқҳ илмларини ўқиган. У кишининг пири Мағрибда Шайх Исрофил бўлган. Ҳазрати Абдуллоҳ Ансорий эътирофига кўра, “Зуннун Мисрий замоннинг имоми, даврнинг ягонаси ва бу тасаввуф тоифасининг бошидир. Барча валий зотнинг нисбати ва изофати (боғлиқлиги ва интисоби) у кишига бўлган”.
“Яшил ўлим”нинг далили
Шоир Эшқобил Шукур нима сабабдан тасаввуф арбобларидан бўлган валий зотнинг вафотини “яшил ўлим” деб номлаяпти? Бу сатрларнинг таъвили нимадан иборат? Бу ўлим – абадий ўлмасликдир. Бунинг таъвили ҳазрат Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” китобида гўзал шаклда баён қилинган. Асарда айтилишича, ҳазрати Зуннун Мисрийнинг жанозасини, яъни тобутини қабристонга олиб боришда ниҳоясиз – сон-саноқсиз яшил қушлар унинг жасадига соя солиб борар эди. Шу даражадаки, борган халойиқ у яшил қушларнинг соясида борарди. Шундан сўнг Зуннун Мисрийнинг ҳаёти, йўли ва таълимотига насбатан халқ кўнглида қабул қилиш қарори воқеъ бўлди.
Уч сафардан келтирилган уч илм
Ҳазрат Навоийнинг бу яшил қушларни зикр қилишдан бир мақсади бор. Зуннун Мисрий айтади: “Уч сафар қилдим ва уч илм келтирдим. Биринчи сафарда бир илм келтирдимки, уни хослар ҳам, халқ оммаси ҳам қабул қилдилар. Иккинчи сафарда бир илм келтирдимки, хослар қабул қилдилар ва омма қабул қилмади. Учинчи сафарда бир илм келтирдимки, на хослар қабул қилди, на омма қабул қилди. Қочоқ, қувғин ва ёлғиз бўлиб қолдим”.
Уч илмнинг тафсили
Хожа Абдуллоҳ Ансорий қуддиса сирруҳу дедики: “Биринчиси тавба илми эдики, уни хослар ҳам, омма ҳам қабул қилдилар. Иккинчи, таваккул, муомалот ва муҳаббат илми эдики, уни хослар қабул қилдилар, омма қабул қилмади. Учинчи, ҳақиқат илмидирки, халқнинг илми ва ақлининг тоқатидин ташқарида эди. Халойиқ англамади ва уни инкор қилишга тушди. Таърих икки юз қирқ бешда Зуннун Мисрий қудиса сирруҳу оламдин ўтгунича бу инкор давом этди”.
Халқнинг эътирофи ва қабул қилиши
Ниҳоят, Зуннун Мисрийнинг тобутига яшил қушлар соя солиб борганини кўргач, бутун халқ у кишини эътироф этди ва таълимотини қабул килди. Бунга яна бир сабаб бор эди, сўнгги кунда у кишининг қабри бошида битилган бир хат топдиларки, унда: “Зуннун Аллоҳнинг суюкли бандаси ва шавқи-муҳаббати туфайли Аллоҳ йўлида жонини фидо қилгувчидир”, деб ёзилган эди. Бу хат одамзотнинг хатига ўхшамас, уни ҳар қанча ювсалар, яна ёзиғлиқ кўринар эди.
Эшқобил Шукур ёзади:
О, шайхнинг тобути гўристон қадар
Дарахтдай кўкариб улгурди... Шажар.
Ёраб, не масофа қондан жонгача,
Шайх кўкариб улгурди гўристонгача.
Яшил қушлар сири ва ҳақиқати нимадан иборат?
Муборак ҳадис китобларида шаҳидларнинг руҳлари яшил қушлар ичида жойлангани ҳақида
кўпгина ҳадислар бор. Хусусан, Абдурраҳмон Жалолуддин Суютийнинг “Барзах ҳаёти” китобида бу ҳақда ғоят гўзал ҳадислар келтирилади. Имом Муслим ҳазрати Ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар: “Шаҳидларнинг руҳлари жаннатдаги яшил қушларнинг ичида бўлиб, қушлар хоҳлаган томонига учиб юриб, Арш остидаги қандиллардан бошпана топади”.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий “Шуъабул-иймон” китобида ҳазрати Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қиладилар. Жаноб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дўстларингиз бирор киши туфайли мусибатланса, Аллоҳ унинг руҳини яшил қушнинг ичига жойлайди. Қуш эса, жаннат дарёларига келиб, меваларидан ейди ва Арш соясида осилган олтин қандиллардан макон топади”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Абдуллоҳ ибн Ҳамид, Ибн Абу Шайба “Муснад”ларида, Имом Табароний “Маожим” китобида ҳазрати Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қиладилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шаҳидларнинг руҳлари яшил гумбаз остида жаннат эшиклари ёнидан оқувчи дарё устида бўлиб, ризқлари уларга эртаю-кеч келиб туради”.
Имом Табароний Омир ибн Ҳабибнинг “Маросил” китобидан ривоят қилади: “Ҳазрати Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мўъминларнинг руҳлари ҳақида сўраган эдим: “Мўъминнинг руҳи жаннатда хоҳлаган томонига сайр қиладиган яшил қушнинг ичида бўлади”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, кофирларнинг руҳлари-чи?” – деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сижжийнда ҳибс қилинган бўлади”, дедилар.
Ёраб, не ғавғода тан ила кўнгул,
Дарахт тобут ичра ўсарди бир гул.
Икки дунё аро тилим ва тилим
Ястаниб ётарди ям-яшил ўлим.
Каромат билан келтирилган илм
Яшил қушларнинг яна бир сири шундаки, Зуннун Мисрийнинг маъно оламидаги сўнгги – учинчи
сафардан келтирган илми қадам билан юриб бориб келтирилган илм эмас, балки худди у зотнинг жанозасига соя солган қушлардек, ҳиммат, жаҳд ва жавонмардлик, балки каромат билан келтирилган илм эди. Шайхул-Ислом Абдуллоҳ Ансорий шундай деган. Яшил қушлар жаҳон тарихида Зуннун Мисрийдан кейин яна Имом Шофиъий ҳазратларининг шогирди – Муъаззинийнинг жанозасига ҳам соя солганлари нақл қилинади (Зуннун Мисрий ва Муъаззиний ҳақларида барча маълумот ҳазрати Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” китобидан олинди). Бу каромат у азиз зотларнинг Ҳақ таоло ҳузурида юксак маънавий мартабаси борлигини кўрсатади.
Хулоса шуки, Зуннун Мисрий жони ва моллари билан Аллоҳ йўлида ўзини фидо қилиб ўтгани сабабли яшил қушлар кароматига ноил бўлди. “Насойим ул-муҳаббат” китобида келган “Шавқи-муҳаббати туфайли Аллоҳ йўлида жонини фидо қилгувчидир”, деган таъриф бунинг исботидир.
Ер юзида ўтган ва яшил қушлар ичида жойланган барча шаҳидларнинг руҳлари Зуннун Мисрийнинг ўлими ва Аллоҳга етишувини муборакбод қилиш ҳамда руҳини олқишлаш учун биринчи осмонга тушганлар.
Яшил қушларнинг соябон бўлиб тушиши Зуннун Мисрий шаҳидлик мартабасини топганига далолат қилади. Чунки баъзи нодон кишилар ўйлаганидек, шаҳидлик фақат жангларда ўлиш ёки ўлдирилишдан иборат эмас.
Мумтоз адабиёт, хусусан, “Насойим ул-муҳабат” асари буюк илҳомлар, ҳикмат ва ирфонлар манбаидир. Бу асарни ҳозирги тилга мувофиқлаштириб, соддалаштирмоқ ўта зарур хизматдир. Бу ўлмас асар адабиёт учун ҳали кўп яхши шеърлар мистоқи бўлиб хизмат қилади.
Мумтоз адабиёт билан алоқадор бўлган шоирлар ижодида айрича бир юксаклик ва теранлик кўзга ташланади. Бунинг далили ўлароқ, Эшқобил Шукурнинг “Лой чақмоғи” туркум шеърлари ўзбек шеъриятининг яхши ва юксак намуналаридандир.
Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
Бобур номидаги халқаро мукофот соҳиби.
"Жадид" газетасининг 2025 йил, 5-декабрь сонидан олинди.