ЯНГИ ЁТОҚХОНА – БОЛАЖОНЛАРГА ЯНГИ ЙИЛ СОВҒАСИ

ЯНГИ ЁТОҚХОНА – БОЛАЖОНЛАРГА ЯНГИ ЙИЛ СОВҒАСИ


Туманимиздаги 36-ихтисослаштирилган махсус мактаб интернати тарбияланувчилари учун айни кунлар – Янги йил арафаси икки карра байрамга айланди. Бугун уларнинг қувончининг чеки йўқ.

Бугун ушбу муассасада янги 150 ўринли ётоқхона болажонларга фойдаланишга топширилди. Барча қулайликлари мужассам ушбу ётоқхонада 2, 3 ва 4 кишилик жами 55 та хона мавжуд бўлиб, хоналарнинг барчаси ўзгача дизайнда безатилган.

Ётоқхонанинг тантанали топшириш маросимида туман ҳокими Ш. Ш. Набиев сўзга чиқиб, сўнгги 2 йил давомида Хўжа Ҳасан ҳудудида амалга оширилган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларига тўхталиб, ушбу ётоқхона ҳам мана шундай замонавий иншоотлар қаторига қўшилаётганини таъкидлади ва болажонларни, йиғилганларни яқинлашиб келаётган янги йил билан табриклади.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари Ботир Усмонов, вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Нурбек Улуғбердиев, НКМК 5-кон бошқармаси директор муовини Алижон Базаров ҳам сўзга чиқишди. НКМК томонидан болажонларга янги йил совғалари улашилди.

Рамзий қизил лента кесилгач, йиғилганлар ётоқхона ичига кириб, унда яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

Шу куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, Ўзбекистон “Адолат” СДП туман Кенгаши ва Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюушмаси туман Кенгаши томонидан болажонларга қишки иссиқ кийимлар, байрам совғалари тақдим этилди.

Байрам олдидан ташкиллаштирилган ушбу катта тадбирлар, улашилган совғалар кўнгли кемтик бу болажонларнинг ҳар бирининг кайфиятини тоғдек кўтаргани, уларга байрам кайфиятини яна бир бор улашгани шубҳасиз.

Report Page