ЯНГИ ЙИЛ ЯНГИ МУВАФФАҚИЯТЛАР ОЛИБ КЕЛСИН!

ЯНГИ ЙИЛ ЯНГИ МУВАФФАҚИЯТЛАР ОЛИБ КЕЛСИН!


 АССАЛОМУ АЛАЙКУМ!

Янги йил остонасида, бағрибутунлик ва саломатлик, очиқ чеҳра билан яна ғойибона дийдор кўришмоқдамиз.

Бизга қувонч ва ширин ташвишлар инъом этган 2023 йил ҳам якунига етиб бормоқда.

Бу пайтда ҳар бир Инсон одатда йилни сарҳисоб қилишни истайди.

Режалаштирган ишларимиз амалга ошдими, деб ортига бир қарайди...

Халқимизнинг туганмас иродаси ва меҳнатлари самараси ўлароқ, қай бир маънода "муваффақиятли", қай бир маънода эса "машаққатли" келган  йил ҳам ўз якунига етди. Лекин ҳар нарсанинг ҳам бир ҳайри бўлгани каби, бу йилнинг ҳам унутилмас лаҳзаларга бой кунлари бор.

Ҳамма соҳаларда бўлганидек, таълим соҳасида ҳам янгиликлар ва инновацияларга хос ислоҳотлар давом этди ва бу қутлуғ йилда ҳам давом этади.

Жумладан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети тарихига бу йил ўзига хос чиройли рақамлар билан киришига ишончим комил.

Дастлаб, Ветеринария медицинаси институти сифатида қайта ташкил этилган олийгоҳ, Президентимиз ва хукуматимиз ташаббуси билан мақоми юксалтирилиб, университетга айлантирилди.

Марказий Осиёдаги ветеринария, чорвачилик ва биотехнология соҳалари учун мутахассис - кадрлар тайёрлайдиган олий таълим маскани ўзининг илмий - замонавий лойиҳалари билан мамлакатимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиш билан йилни якунламоқда.Профессор - ўқитувчилар, талаба - ёшлар ўзларига билдирилган ишончни оқлашда бу йил ҳам давом этади, бошлаган хайрли ва самарали ишлари, лойихаларини давом эттиради, деб умид қиламиз.

Янги йилдан фақат яхшиликлар кутиб қоламиз. 

Режалар, лойиҳалар ва ташаббусларимиз кўп, шунингдек, айрим муаммоларимиз ҳам борлигини тан оламиз. Истиқболдаги режаларимизни амалга ошириш учун вақт ва фидойилик талаб этилади, шунингдек, муаммоларни бартараф этиш учун ўзимиздаги барча имкониятларни ишга соламиз. Мақсадимиз, Самарқанд, Ўзбекистон номи ҳамиша юксак минбарларда эътироф этилсин!

Дунё халқлари янги 2024 йилни кутиб олишга ҳозирланаётган ушбу ҳаяжонли кунларда янги йилимиз бизга янги - янги қувончлар олиб келади, деган умид ҳеч биримизни тарк этмасин.

Кириб келаётган янги йилингиз қутлуғ бўлсин, азизлар! 

“Янги Ўзбекистонни билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этайлик!"


Ҳурмат билан,   

Худайназар Юнусов

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор,

Биология фанлари доктори, профессор

СамДВМЧБУ ректори

Report Page