ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИДА
Ҳикоя
Абдураҳмоннинг киракашлик қилаётганига ҳам бир йилча бўлиб қолди, бекорчиликдан эмас, мажбурликдан. Уч боласининг кичиги ногирон. Неча йил кўрсатмаган шифокорлари қолмади, бефойда. Охири тақдирга тан беришди. Унинг тенгдошлари бу йил мактабга боришди. Онаси гоҳо уни ногиронлик аравачасида кўчага олиб чиқса, Абдураззоқ ўзига тенгдош болаларнинг югуриб юрганлигини кўриб онасига “менам улар билан бирга ўйнагим келаяпти”, деб хархаша қилади. Шунда онаизор: “Бунга яқин қолди, озгина сабр қилгин”, -дея ўғлини овутган бўлади-ю, ичидан зил кетади.
Янги йил яқинлашгани сайин Абдураззоқ “биз ҳам телевизордагилардек чиройли арча ясатайлик”, деб ота-онасини ҳол-жонига қўймайдиган бўлиб қолди. Нима қилиш керак? Йўли битта: ота янаям кўпроқ ишлаб, арча учун пул тўплаши керак. Лекин бунинг ҳеч иложи бўлмаяпти. Топгани автомашинанинг ижарасию рўзғордан ортмаяпти. Мана бугун ҳам янги йил бўлишига қарамай кўчага чиқди. Яхшироқ ишлаб топса, дастурхонга у-бу оларди, балки арчага ҳам етиб қолар. Ҳозирча чўнтагида 200 минг сўм пули бор...
У шуларни хаёл қилиб ўтираркан, кимдир автомашина ойнасини чертди: “Ака, бизни палон жойга олиб бориб қўёласизми?” Абдураҳмон ён томонига ўгирилиб қаради. Тўрт йигит унга қараб турарди. Ўша “палон жой” анча узоқ эди. Кўп вақти кетади. Арзимаган пул беришса, борганига арзирмикан?
–Ака, – деди уларнинг орасида энг каттакони бўлса керак, автомашинанинг очилган ойнасидан энгашиб қараб, – сизни рози қиламиз, 500 минг сўм бўладими?
Пулни эшитиб Абдураҳмон сергак тортди. Ёнидаги 200 минг сўмга ёқилғи қуйса, боришга арзийди. Ҳарҳолда чўнтагида 500 минг сўм пули бўлади-ку.
Абдураҳмон автомашинасига ёқилғи қуйгач, йўлга тушишди. Узоқ юришди. Йигитлар айтган манзилга етиб келганида, қош аллақачон қорайган эди. Айтилган пулни олгач, автомашина рулини ортга бурди. Эҳ-ҳе, уйига қайгунича ҳали қанча йўл юриши керак. Аксига олиб ҳаво айниб, қор учқунлай бошлади. Йўлга чиқаётганида ана шунисини ҳисобга олмаган экан. Қор ёғиши борган сари тезлашар, Абдураҳмоннинг автомашинаси йўлда гўёки коньки учгандек сирпана-сирпана олдинга йўрғаларди.
Қайтишда йўл жуда узоқ бўлиб кетди назарида. Машинасининг ғилдиракларини аллақачон алмаштириши керак эди. Лекин бунга пул қаёқда. Энди бир амаллаб уйига етиб олса бўлгани. Бахтига йўлларда транспорт қатнови анча камайган эди. Бўлмаса бу ғилдираклар билан бирорта бахтсиз ҳодиса содир бўлиши ҳеч гап эмасди.
Янги йил киришига бир соат қолганида боя қўзғалган жойига етиб келди. Энди тезроқ супермаркетга кириб пулига яраша кичкинагина арча, ўйинчоқлар ва у-бу егуликлар олиб уйига шошилиши керак. Уйида уч қоракўз унинг қайтишига маҳтал бўлиб тургандир, айниқса, кичкинаси.
У шундай хаёллар билан пулини чамалаб барча керакли нарсаларни олгач, кассага бориб, пулини узатди.
Кассада ўтирган йигит бир пулларга, бир Абдураҳмонга қаради, кейин бош чайқади.
– Ака, бу пуллар сохта-ку.
– Йўғ-э, бўлиши мумкин эмас, – Абдураҳмоннинг ранги гезарди. – Бу, ҳалол ишлаб топган пулим ахир.
Кассадаги йигит елкасини қисди.
Бирпасда ёнида супармаркет иш бошқарувчиси пайдо бўлиб, вазиятга ойдинлик киритди. Пуллар ҳақиқатан ҳам сохта эканлигига амин бўлган Абдураҳмон бошини эгганича олган ҳамма нарсаларини касса олдида қолдириб ортига қайтди. Қўлидаги пулларни ғижимлаб, ташқаридаги чиқинди қутисига ташлади-да, автомашинасини ўт олдирди.
Ҳаммаёқни ёш боланинг тиззасигача келадиган қор қоплаб бўлган ва айни пайтда яна ёғишда давом этаётганди. Қор ёғишини болалари билан бирга қачондан бери орзиқиб кутаётганди. Ўзича ёғочдан чана ясаб ҳам қўйганди. Ҳозир эса шу қор ҳам кўнглига сиғмади. У турмуш ўртоғи очган дарвозадан машинасини ичкарига олиб кирди-да, тушкун кайфиятда ҳовлига қадам қўйди. Меҳмонхонасида чироқ порлаб турар, телевизордан шўх қўшиқ янграрди. Хотинининг:”Яхши келдингизми, дадаси?” деган саволига жавоб қайтармади. Нима дейди? Бир сўм пулсиз, совғасиз, шўппайиб келдим, дейдими? Ҳозир у отаси келганини кўриб югуриб чиқаётан болалари, уларнинг ортида ногиронлик аравачасида мўлтираб турган боласининг кўзларига қандай қарайди?
У болаларини бағрига босганча хонага кираркан, ҳайратдан қотиб қолди. Уйнинг бурчагида ясатилган арча порлаб турар, хонадаги хонтахта усти ҳам турли ноз-неъматлар билан тўла эди.
У хотинига савол назари билан қаради.
– Буларни боя бир саховатпеша инсон келиб ташлаб кетди, – деди Малоҳат кўзлари ёшланиб, – кимлигини ҳам айтмади. Боламизнинг даволаниши учун етарли пул ҳам берди.
Абдураҳмоннинг бирдан ўпкаси тўлиб, кўзларида ёш айланди, бир йўқотишнинг ортида бир ҳикмат бор деганлари шу бўлса керак.
–Қани, болажонларим, – деди қорни таталаб кетаётганини ҳам унутиб, – кийининглар, янги йил ҳам кирай деб қолди, уни ташқарида оппоқ қорда кутиб оламиз.
Жамила АРСЛОНОВА.