“ЯНГИ ДУНЁВИЙ ТАРТИБ” ВА БИЗ

“ЯНГИ ДУНЁВИЙ ТАРТИБ” ВА БИЗ


2021-йилдан бошлаб кейинги ўттиз йил миллий давлатчилигимиз, ўз байроғимизни сақлаб қолиш ёки давлат сифатида маҳв бўлиш ҳал бўладиган оғир бир даврдир. Бу танловни давлат ва миллат ўлароқ биз қилмадик. Бугунги дунёнинг, халқаро сиёсий ҳамжамиятнинг, инсоният тараққиётининг етиб келган нуқтаси сабаб бунга. Аслида, кейинги ўттиз йил юзлаб мамлакатлар тақдирида ана шундай оғир синовни бошдан кечириш битилган. Глобаллашув, феминизм, жинсий озчилик ҳуқуқлари учун курашлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро сиёсий институт сифатида заифлашуви, давлатларнинг мудофаа баҳонасида тажовузга йўл қўйиши, сунъий очарчиликларни вужудга келтириш, эпидемия ва пандемиялар – буларнинг бари дунё тамаддунида хаос бошланганини кўрсатмоқда. Албатта, Вудро Вильсоннинг юз йил аввал айтган гапи бу хаоснинг вужудга келиш сабабларини очиқлайди: “Замонавий дунёда урушларнинг сабаблари саноат ва коммерция рақобатида яширинганини билмаган эркак, аёл ёхуд гўдак бормикан дунёда?”. Кўриниб турибдики, замонавий дунёдаги хаос илдизи бундан юз йил аввал кўкара бошлаган. Хўш, бу хаос табиийми ёки сунъий? 

Бошқариладиган хаос

Вестфаль шартномаси принципларига асосланган дунёвий тартиб тўрт асрдирки, яхши ёки ёмон бўлсин, мавжуд бўлиб келди. Тўғри, Генри Киссенжер 2014 йилда чоп этган “Дунё­вий тартиб” китобида шундай деган эди: “Ўзимизни алдамайлик: ҳақиқий идеал глобал “дунёвий тартиб” ҳеч қачон бўлмаган”. Аммо, дунё мамлакатлари тўрт асрдирки, Вестфаль шартномаси принципларига асосланган халқаро муносабатлар тизимида яшаб келмоқда. Кучлар мувозанатини сақлашга қаратилган бу дунёвий тартиб йигирма биринчи аср­нинг бошига келиб дунёда сиёсий мувозанатни сақлаш учун етарли бўлмай қолди. Яна Генри Киссенжерга мурожаат қиламиз: “Биз айни дамда дунёвий тартиб концепцияси моҳияти тамомила англашилмаётган тарихий бир даврда яшаяпмиз. Хаос бизга (инсониятга) таҳдид солмоқда”. Урушлар, рангли революциялар, хаос... ва буларнинг бари бошқариладиган хаос — четдан туриб бошқариладиган урушлар, четдан бошқариладиган революциялар. Бугун ҳеч ким учун сир эмас: буларнинг барчасини дунёнинг исталган нуқтасига “экспорт” қилиш мумкин. Истанг ўарб­га, истанг Шарққа. Чунки ҳамма ернинг ўз оғриқли нуқталари бор. Керакли миқдорда молиявий манба ажратиш ва ижтимоий тармоқлар орқали “керакли” йўналишга жамоатчилик фикри йўналтирилса бас — масофадан туриб дунёнинг исталган нуқтасида олов ёқса бўлади. Қачонки, ижтимоий тармоқларнинг барчаси четдан бошқарилгандан кейин...


Бугун бу хаос яратиш технологиялари ҳақида деярли барча хабардор. Парадоксал ҳолат шуки, улар фош бўлганига қарамай, ҳануз улар самарали қўлланилмоқда. Ва таассуфки, улар ҳануз натижа бермоқда.


Буларнинг барчасини кузатар эканмиз, бугун дунёвий тартиб ҳануз мавжудми, дея савол берамиз. Пандемияга қарамасдан содир бўлаётган, давом этаётган уруш ва хаосни кузатар эканмиз, албатта, саволга жавоб аниқ: “Йўқ!”.


 Дунёвий тартиб бу тинчликнинг асосидир, хаос эса урушнинг. 


Дунёвий тартибнинг зидди бўлмиш хаосни ҳозир деярли бутун дунёда кузатишимиз мумкин. Сурия, Ироқ, Украина, Беларусь, Қирғизистон, Афғонистон, Франция ва ҳатто бутун жаҳонга дунёвий тартиб ҳақида бонг урувчи Америкада ҳам хаосни кузатаяпмиз. 


 Хаос кўпчилик учун аянчли оқибатлар келтириб чиқариши, кўпгина қурбонларга сабаб бўлиши аниқ. Аммо хаосда ҳам худди урушдагидек — доимо мағлублар ва ғолиблар бўлади. 1930-йилларда бутун дунёдан қарздор бўлган Америка Иккинчи жаҳон уруши сўнгги — 1945 йил охирига келиб дунёвий кредиторга айлангани каби хаосдан ҳам катта фойда кўрадиганлар ҳамиша мавжуд. 

Аср парадокси

Дунё сиёсатида парадоксал ҳолат вужудга келди. Дунё сиёсатида икки — бир-бирига тамомила зид тенденцияларнинг кучайиши кузатилмоқда: хаосни кучайтириш ва глобал ижтимоиятни тартибга келтиришга уринишлар. Албатта, хаосни кучайтириш тенденцияси халқаро молиявий ва сиёсий беқарорлик билан боғлиқ. Иккинчи тенденция эса халқлар ва давлатларнинг ўзаро эҳтиёжлари ўсиши, глобал фуқаролик жамияти ривожланиши натижаси ўлароқ вужудга келмоқда. Инсониятнинг эртаси — бугунги халқлар ва давлатларнинг барқарор халқаро муҳитни шакллантириш учун мақсадли саъй-ҳаракатига боғлиқ. Халқаро сиёсатнинг йирик тад­қиқотчиларидан бўлган Ж.Айкенберри таъкидлаганидек: “Халқаро муносабатларда энг катта масала бу тартиб масаласидир — у қандай шаклланган, қандай парчаланади ва қандай қайта шакллантирилади?”.

Мирзиёев феномени

Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган 2016 йилнинг декабридан бугунги 2021 йил январига қадар ўзбек жамиятида рўй берган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий трансформация жараёнларига баҳо берилса, мислсиз ўзгаришлар баробарида, кўпчиликнинг назаридан четда қолаётган глобал натижалар ҳам борлигини унутмаслик керак. Шубҳасиз, бугун инсоният ва дунё сиёсий олами пандемия сабабли асосий эътиборни уни бартараф этишга қаратган. Аммо пандемиянинг вужудга келиши дунёдаги сиёсий жараёнларни, айниқса, глобал геостратегик манфаатлар тўқнашуви жараёнларини тўхтатгани йўқ. Билъакс, дунёдаги кучлар пандемияни ўз таъсир доирасини кенгайтириш, кўпроқ иқтисодий манфаатдор бўлиш қуроли сифатида ҳам ишлатаётгани бор гап. Дунё сиёсати таҳлилчилари бежиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг регионал сиёсатда мисли кўрилмаган тўғри йўл тута бошлаганини кўриб яхши маънода “ҳайқириб” юборгани йўқ. Ва айни дамда 2017 йилда бу сиёсатни “максимал даражада хато”, дея жар солишлар баъзи ташқи кучлар томонидан бекорга ташкил этилмади. Гап фақат дунёнинг ривожланаётган мамлакатларидан бирида янги Президентнинг иқтидорга келиб, мамлакатида сиёсий ислоҳотларни бошлаб юборганида эмас эди. 


Шавкат Миромонович Мирзиёев 2016 йил иқтидорга келди. 2016 йил — Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий аҳвол оғирлигини кўр-кўрона рад этиб, сиёсий муваффақиятлар сунъий яратилиб, унга маҳлиёлик авж олган бир давргина бўлиб қолмай, жаҳон сиёсий оламида хаос энг юксак даражага кўтарилган бир давр эди. “Рим клуби”, “Яқин Шарқ институти” каби ўнлаб халқаро таҳлил марказлари тинмасдан дунё молиявий олами ортида турган “кучлар” — вужудга келган хаосни бартараф этиш ва янги дунёвий тартибни вужудга келтириш учун учинчи жаҳон уруши бошланиши ҳақида бонг ураётган эди. Ва уларнинг акcарияти: “Яқин Шарқдаги дестабилизация бунинг учун етарли эмас, АҚШ ўз кучларини Афғонистондан олиб чиқиши билан у ердаги кучларни (эслатиб ўтаман, айнан ўша пайтда Суриядаги террорчи гуруҳларнинг 3500 га яқин аъзоси “ғаройиб” тарзда шимолий Афғонис­тон ҳудудларида пайдо бўлиб қолган эди — эслатма муаллифники) турли томондан молиялаштириш бошланиб, Тожикистон ҳамда Ўзбекистонга террористик ҳужумлар орқали Марказий Осиёда олов чиқади ҳамда бу олов бутун дунёни қамраб олади”, деган прогнозни қилишганди.

2016 йил охирига қадар ҳаммаси айтилган шу сценарий бўйича давом этиб келди. Зотан, бу вайронкор сценарийни амалга ошириб, инсониятнинг бошига учинчи жаҳон уруши офати очилишига ҳамма шароит етарли эди: Афғонистонда ҳукумат ва Толибон гуруҳи зиддияти кескинлашган, устига-устак, “ғаройиб” тарзда Сурияда юрган террорчиларнинг шимолий Афғонистон ҳудудида пайдо бўлиши, Марказий Осиё юраги бўлмиш Ўзбекистоннинг қўшнилар билан ўта зиддиятли муносабатлари... — Марказий Осиё тайёр порох бочкаси эди. Пилигини ёқиш учун гугурт ҳам чақилган эди. Аммо, доимгидек яратиқнинг эмас, Яратганнинг иродаси устун келди: Ўзбекистон раҳбарлигига Шавкат Миромонович Мирзиёев келди. Шу боис, “Унинг давлат тепасига келиши Тангрининг инояти” дейишса, мен буни бўрттириш деб қабул қилмайман. Чунки, айнан Шавкат Миромонович Мирзиёев­нинг регионал ташқи сиёсатда кескин бурилиш қилиши дунёни уруш оловига буркамоқчи бўлганлар режаларини барбод қилди. Ён қўшнилар билан тамомила янги форматдаги дўстликка, ўзаро тенглик ва ишончга асосланган очиқ муносабатлар ўрнатилиши, энг муҳими, бу ишларни ўта шиддат билан қисқа фурсатда амалга ошириши Марказий Осиё давлатларини бир тану бир жонга айлантирди. Барча беш давлат шахсий эмас, умумий манфаатлардан келиб чиқиб қарор қабул қилишни бошлади. Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг энг юксак сиёсий муваффақияти – дунё сиёсий оламига “Афғонистонга муаммо эмас, имконият сифатида қараш”га ишонтира олгани эди. Бунинг учун Ўзбекистон Афғонистонга оид мисли кўрилмаган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий лойиҳаларни ишлаб чиқиб, уларни ҳамкорликда амалга оширишни таклиф қилиши ва биринчи қадамни қўйиши муваффақият сабаби бўлди. Бу билан, энг аввало, Марказий Осиёни кейинги 50 йилда олови ўчмайдиган дунёнинг уруш ўчоғига айланишининг олди олинди. Мард бўлиб айтиш керак: бу — тўғри сиёсий тадбир билан миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, дунёни урушдан асраб қолиш эди. Бу — Афғон давлати ва миллати тарихи учун янги ва ёруғ саҳифа очилишига имконият яратиш эди. Шу нуқтаи назардан, 2020 йил декабрдаги Президент Мурожаатномасида Шавкат Миромонович томонидан 30 июлни Халқлар дўстлиги куни деб белгилаш, геостратегик жиҳатдан жуда катта аҳамият касб этади. Кўриниб тургани бу қадам билан Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистонни бутун Осиёнинг тинч­ликпарвар музокара ва келишувлар амалга ошириладиган ҳудудига айлантирмоқчи. Зотан, узоқ бўлмаган эллик йиллик тарихда Тошкент кўпгина халқаро сиёсий келишувлар имзоланадиган, учрашувлар ўтказилган ҳудуд бўлгани маълум.


Айнан ана шу — инсоният тарихида ўта муҳим чигал вазиятга оқилона ечим топгани учун ҳам Президент Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамжамиятнинг ҳақли эътирофига сазовор бўлди.


Фукидид тузоғи

Қадимги грек тарихчиси Фукидиднинг қуйидаги иқтибоси тарих китоб­лари ва халқаро муносабатлар таснифида кўп қўлланилади: “Айнан Афинанинг юксалиши ва Спартанинг бу юксалишдан қўрқуви урушни муқаррар қилди”. Кўплаб тарихнавислар Пелопеннесдаги урушнинг кўплаб сабабларини очиқлашган. Аммо Фукидид бошқалардан фарқли ўлароқ, инсоният тарихидаги энг фалокатли ва сирли урушларнинг асосий сабаби энди шаклланаётган куч амалдаги иқтидорга таҳдид туғдириши фалокатли ва шафқатсиз урушни истисно тариқасида эмас, қонуният тариқасида вужудга келтиришини таъкидлаган. Бундай ҳолат милоддан аввалги V асрда Афина ва Спарта, бир аср аввал Буюк Британия ва Германия ҳамда деярли шу даражада 1950 — 1960 йилларда АҚШ ва Совет иттифоқи ўртасида рўй берган. Фукидид тузоғи моҳиятан икки кучдан бири кучайгани сари иккинчиси билан уруш аниқ рўй беришига олиб келишини англатади. Бу қонуният барча соҳаларга оид. Аммо халқаро муносабатларда бу тузоқ ҳамиша фалокатли якунланади. Бугунги АҚШ ва Хитой савдо уруши, АҚШ ва Россия геостратегик ҳарбий рақобатининг кучайиши каби ҳолатлар инсоният бошига ҳалокатли оқибатлар олиб келиши мумкин бўлган кескин бир даврда яшаётганимизни англатади. 

Президент нега осон йўлни танламаяпти?

Бундай вазиятда иқтидорга келган Президент Мирзиёев учун энг осон бошқарув усули унгача мавжуд бўлган тузумни давом эттириш эди. Аммо айнан (!) ўз миллатини ҳокимиятдан кўра кўпроқ севгани учун (ҳа, айнан севгани учун, чунки бундай жонфидоликнинг бошқа сабаби бўлиши мумкин эмас!) миллатига нисбатан давлатнинг муносабатини қўрқмасдан ўзгартирди. Чорак аср зуғум билан товуш чиқармасликка ўргатилган халқ­қа бемалол ўз изтиробу муаммоларини баралла айтиш имконини — ҳуқуқини қайтарди. Миллатга доим юқоридан қарашга, уни истаганидек кўйга солишга ўрганган давлат бошқарув аппаратини миллатнинг остонасига бориб унга хизмат қиладиган, унинг манфаатлари учун ишлайдиган халқ хизматчисига айлантирди. Ким нима деса десину, аммо қоратанлиларга оид қонун қабул қилингандан кейин унинг ҳаётдаги ижросини амалга татбиқ қилиш учун АҚШдек давлатга юз йил кетганида, Ҳукуматни халқ хизматчиси қилишга Мирзиёев тўрт йилда эришгани ҳазилакам гап эмас. Бу учун улкан жасорат ва қатъият керак эди. 2020 йил декабрдаги Парламентга Мурожаатида Президент Мирзиёев Шавкат Миромоновичнинг ҳокимлик институти тўғрисидаги 27 йил аввал қабул қилинган қонуннинг бугунги кун ислоҳотлари талабларига мутлақо жавоб бермаслигини, уни тубдан ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлаши бошқарув тизимининг янада халқчил бўлиши учун трансформация жараёни кутилишини англатади. Президент ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш дардидаги одам бўлганида халқ учун фойдали бўлган бундай ислоҳотларга қўл урмаган бўларди. Айнан шу сабабли ҳам халқаро экспертлар Президент Мирзиёевни миллатпарвар Президент, деб эътироф этиб келмоқда. 

Аччиқ саволларга очиқ жавоблар

“Оқ ва қора” муаллифлик кўрсатувимга юзлаб саволлар келиб туради. Айниқса, Президентнинг 2020 йил декабрь ойидаги Парламентга Мурожаатидан сўнг жуда кўп аччиқ саволлар келди. Улар орасида энг кўп такрорлангани қуйидагилар: “Учинчи Ренессанс бўлишига ишонасизми?”, “Ислоҳотлар нега кўринмаяпти?”, “Президент ҳақида ёзган китобингиз нега чиқмади?” ва энг кўп такрорланадигани “Ҳалиям Президентга ишонасизми, нега?”


Фурсатдан фойдаланиб, мақоланинг сўнгсўзи ўрнида ушбу саволларга шахсан жавоб бериб кетмоқчиман: 


— Учинчи Ренессанс даврининг пойдевори бу миллатимизнинг генларида ва руҳий қудратида. Шахсан мен худди Президент Мирзиёев каби миллатимизнинг интеллектуал ва руҳий қудратига ишонаман. Президент ўтган салкам беш йил давомида бу руҳий қудратнинг, миллий интеллектуал салоҳиятнинг ўзини намоён этиши учун барча шароитларни яратиб берди. Энг асосийси, Президент халқ­нинг эҳтиромини ўз ўрнига қўйди;


— Ислоҳотларни ҳамиша кўзи очиқлар кўради. Ўзгаришларни кўргиси келмаганлар кўзини юмиб олиб, кўрмадим, деб тураверади; 


— Президентнинг 2016 йил декабрь ва 2019 йил март оралиғидаги фаолияти таҳлилига оид ёзилган китобимни чоп этишимга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Китобни чоп этиш учун молиявий имкониятим йўқлиги сабабли чоп этилмаяпти.  


Энди энг охирги саволга бафуржа тўхталсак: 


Ҳа, мен қамалиб чиққанимга қарамасдан, ҳануз Президентимга ишонаман. Нега? Чунки, биринчидан, менинг озод этилишим, бу — сўз эркинлиги, демократик принципларнинг — автократик бошқарув принциплари устидан, Президент демократик сиёсий иродасининг эски чорак асрлик догмалар устидан шуб­ҳасиз ғалабаси эди. Иккинчидан, Президент Мирзиёев шахс сифатида нодир ва беназир тафаккурли шахс эканини яхши биламан. Учинчидан, Жон Фитцжеральд Кеннедининг бир гапини эсга оламан: “Ё инсоният урушларга барҳам беради ёки уруш инсониятга барҳам беради!”. Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз сиёсати билан дунё сиёсат майдонида урушларга барҳам берувчи глобал сиёсатчи сифатида тарихга ўз номини ёза олди. Жаҳонда янги дунё­вий тартибни вужудга келтириш жараёни бошланган кейинги ўттиз йилда биз ўз давлатимизни, байроғимизни, динимизни, тилимизни, Ватанимизнинг ҳар қарич тупроғини, келажагимизни асраб қолиш учун Президент Шавкат Миромонович жуда узоқни кўзлаб геостратегик энг тўғри қарорлар қабул қилаётганини кўпчилик қатори мен ҳам аниқ ва тиниқ кўриб-билиб, тан бериб, бундан фахрланиб яшаяпман.


Аллоҳ Ватанимизни ва давлатимизни ўз паноҳида асрасин!

Report Page