ЯНГИ АВТОБУСЛАР КЕЛТИРИЛДИ

ЯНГИ АВТОБУСЛАР КЕЛТИРИЛДИ


Сўнгги йилларда транспорт тизимини тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, ҳаракат таркибини замонавий, йўловчи учун қулай транспорт воситалари билан тўлдириш бўйича қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Хусусан, пойтахт жамоат транспортининг асосий бўлаги ҳисобланган автобусларни янгилаш борасида "Тошшаҳартрансхизмат"" АЖ томонидан сезиларли самарага эришилди.

Айниқса, сўнгги йилларда ҳаракат таркиби юртимизда ишлаб чиқарилаётган "Man", "Isuzu" русумли ҳар тарафлама қулайликларга эга автобуслар билан янгиланаётгани йўловчиларга манзур бўлмоқда.

Айтиш лозимки пойтахт жамоат транспорти тизимида хусусий секторнинг ҳам улуши бор. Айни кунда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ тизимида 10 га яқин хусусий корхоналар йўловчи ташиш билан шуғулланади. Улар томонидан йўналишларга қўйилган автобусларнинг асосий қисми хизмат муддатини ўтаб бўлган транспорт воситаларидир. Қолаверса, бугун хусусий корхоналар томонидан тасарруф этилаётган автобусларнинг йўловчилар учун бир мунча ноқулайлиги, бу эса баъзан йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлаётгани ҳам бор гап.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси томонидан ана шу жиҳатлар инобатга олиниб, хусусий корхоналар олдига ҳам ўз ҳаракат таркибини янгилаш вазифаси қўйилди.

Шундан келиб чиқиб "Автосантранс-сервис" МЧЖ ҳам 9 та янги автобус харид қилди. Хитойнинг " Yutong hongkong limited" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган мазкур автобуслар газ ёқилғисида ҳаракатланади. Бу эса аввало атроф-муҳитга етадиган зарарнинг камайишига олиб келиш билан бирга муқобил ёқилғи турларидан кенг фойдаланиш имконини беради. Қолаверса, газнинг суюқ ёқилғига нисбатан бир неча баробар арзонлиги корхонанинг иқтисодий самарадорлигига ҳам ижобий таъсир ўтказади.

Умумий 52 нафар йўловчига мўлжалланган ушбу автобуслар ўрта сиғимли бўлиб, 30 та ўриндиққа эга.

Ишлаб чиқарувчи корхона ушбу транспорт воситаларининг 150 минг километргача бенуқсон ҳаракатланишига кафолат бермоқда.

Ушбу автобуслар пойтахт йўлларида қатнаётган хусусий корхонага тегишли эски "Isuzu" русумидаги автобуслар ўрнида ҳаракатланиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, "Автосантранс-сервис" МЧЖ "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ тизимидаги хусусий корхоналардан бири ҳисобланади.