ЯНГИ ҲИСОБЛАГИЧЛАР – ФОЙДАЛАНИШДАГИ ЗАМОНАВИЙ ҚОИДАЛАР ВА ЮҚОРИ СИФАТДАГИ ХИЗМАТЛАР

ЯНГИ ҲИСОБЛАГИЧЛАР – ФОЙДАЛАНИШДАГИ ЗАМОНАВИЙ ҚОИДАЛАР ВА ЮҚОРИ СИФАТДАГИ ХИЗМАТЛАР


Сўнгги йилларда мамлакатимизда уй-жой қурилиши жадал суратларда давом этмоқда. Газ таъминоти тизимига уланган хонадон ва хусусий уйлар билан бир қаторда, газ ҳисоблагичларнинг сони ҳам ортмоқда. Шу билан бир қаторда, иккиламчи турар жойларнинг катта бозори ҳам мавжуд бўлиб, улардаги газ ҳисоблагичларидан узоқ йиллар давомида фойдаланилади. Мисол учун, “Ҳудудгазтаъминот” АЖдаги маълумотларга кўра, маиший сектордаги газ истеъмолчиларининг 70 фоизида газ ҳисоблагичлари ўрнатилган. Мазкур ускуналарнинг аксар қисми 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида фойдаланилаётган бўлиб, қиёсловдан ўтказиш чоғида деярли ҳар иккинчи ҳисоблагич қайта тўлиқ таъмирлаш ёки махсус техник хизмат кўрсатиш зарурияти ва ҳатто баъзилари тиклаб бўлмас ҳолатда эканлиги ойдинлашмоқда.

Мавжуд назоратдан ўтказиш тартиби қандай?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сонли “Электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, газ таъминоти корхонаси ўрнатилган муддатдан бир ой аввал текшириш ўтказиш ҳақида газ истеъмолчисига огоҳлантириш беради. Сўнгра, кўрсатиладиган хизматлар учун абонент Давлат хизматлари маркази ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портали (кейинги матнларда: Ягона портал) орқали 44600 сўм тўлаши ва ариза бериши керак бўлади.

Уч кун давомида газ таъминоти мутахассислари газ ҳисоблагични ечиб беришлари, сўнгра текширувдан ўтказиш учун “Ўзстандарт” агентлигининг метрология хизматига беришлари шарт. Бу барча жараён 10 кунгача, агар ҳисоблагич жиддий таъмирталаб бўлса, бундан ҳам кўпроқ вақтни олади. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда истеъмолчилар томонидан текширувга берилаётган ҳисоблагичларнинг деярли ярми, таъмирлаб бўлмас ҳолга келиб қолганлиги сабабли, янгисига алмаштиришни талаб этади.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ метрологик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Ольга Вайзбургнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 9 март ҳолатига кўра, ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш бўйича Давлат хизматлари маркази ва Ягона порталга жами 85866 та мурожаат келиб тушган. “Ўзстандарт” агентлиги метрология хизматидан олинган маълумотларга кўра, 4778 та ҳисоблагич ёки жами мурожаатларнинг 5,5 фоизга яқинида ҳисоблаш ускуналарининг яроқсиз эканлиги аниқланган ва 2,6 мингдан ортиғи таъмирланиб, қайта текширишга юборилган. Хизмат кўрсатиш натижаларига кўра, 33 мингдан ортиқ газ ҳисоблагичлари яроқли деб топилиб, истеъмолчилар хонадонига қайта ўрнатилди. Бугунги кунда мазкур ишлар давом этмоқда.

Истеъмолчига зарар етказилмайди!

2022 йилга қадар истеъмолчиларнинг барча қатламлари учун газ назоратининг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими (АСКУГ)ни жорий этилиши мазкур вазият учун ечим бўла олади. Ушбу масала, Президентнинг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида алоҳида кўзда тутилган. АСКУГ тизими қарзларни пайдо бўлиши ва узилишларни буткул олдини олади, йўқотишларни қисқартириб, “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳақида таъминотчини мунтазам огоҳлантиради.

Мазкур тизимни тадбиқ қилиш механизмларидан бири  бу “ақлли” газ ҳисоблагичларини ўрнатиш билан боғлиқ. Бу турдаги ҳисоблагичлар энергия сарфини юқори аниқликда ҳисоблаб, маълумотларни реал вақт режимида марказга юборади. Шунингдек, дебитор қарзларни буткул қисқартириш ва табиий газни ҳисоблашда кўрсаткичларни биллинг тизимига киритишда инсон омилини чеклайди.

Мутахассисларнинг фикрича, мижозлар учун яна бир муҳим жиҳат шуки, авваллари газ ҳисоблагичлар истеъмолчиларнинг мулки ҳисобланган, энди эса улар газ таъминоти корхонаси балансига ўтказилади. Якунда нимага эришилади?

Янги қоидага кўра, “ақлли ҳисоблагичлар” барча тоифадаги истеъмолчиларга “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳисобидан, яъни бепул ўрнатиб берилади. Бу дегани, ҳисоблагичлар Жамиятнинг ҳудудий бўлинмалари мулки ҳисобланади. Энди истеъмолчилар газ корхонасининг огоҳлантиришини кутишлари, Давлат хизматлари маркази ва Ягона порталга мурожаат қилишларига ҳожат қолмайди. Бир сўз билан айтганда, газ ҳисоблагичларига барча хизмат кўрсатиш ва бу билан боғлиқ харажатлар (ўрнатиш, ечиш, текшириш ва таъмирлаш) газ таъминоти корхонаси томонидан амалга оширилади, истеъмолчи эса фақат ҳисоблагични соз ҳолда сақлаш учун масъул бўлади холос.

Текшириш билан боғлиқ ишлар қай тарзда амалга оширилади?

Агар авваллари бу ишлар мураккаб ва серхаражат бўлган бўлса, энди улар анча соддалашади. “Ақлли ҳисоблагичлар”ни текшириш 10 йилда бир маротаба амалга оширилади. Газ ҳисоблаш ускунаси яроқсиз ҳолга келиб қолган тақдирда, газ таъминоти корхонаси буни ўз вақтида аниқлаб, тегишли чораларни кўради. Келгусида истеъмолчилар турли жойларга овора бўлиб бориш ва ҳисоблагичларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ортиқча харажатлар хақида унутишлари мумкин бўлади. Истеъмолчиларга бўладиган биргина талаб – янги қурилмаларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва уларни соз ҳолатда сақланишини таъминлашдир.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати

Report Page