ЯНГИ ҚУРИЛГАН “УЗУН” ТЕМИР ЙЎЛ ВОКЗАЛИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

ЯНГИ ҚУРИЛГАН “УЗУН” ТЕМИР ЙЎЛ ВОКЗАЛИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ


27 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида “Узун” темир йўл вокзалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Темирйўлчилар томонидан қурилиб, Янги йил байрами арафасида фойдаланишга топширилган ушбу муҳташам вокзал туман аҳолиси ва фойдаланувчи йўловчилар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Тантанали очилиш маросимида “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамияти бош директори Шарофиддин Қодиров, “Термиз минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси раҳбари Фарход Ғиёсов, Узун тумани ҳокими маслаҳатчиси, Нуронийлар жамғармаси раиси Мирбобо Тошбоев, меҳнат фахрийлари темирйўлчи мутахассислар ҳамда оммавий аборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Мамлакатимизнинг жанубий ҳудуди бўлган Сурхондарё вилоятининг Узун тумани юртимизнинг энг гўзал, кўркам ва табиати бетакрор гўшасида жойлашган сўлим масканларидан бири.

Денгиз сатҳидан 1 минг 523 метр баландликда жойлашган ушбу туман Термиз шаҳридан қарийб 180 километр узоқликда жойлашган .

Туман аҳолиси учун темир йўл асосий транспорт турларидан бири. Шу боис “Узун” темир йўл вокзали ушбу туман ва унга туташ ҳудудлардаги аҳолини Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва бошқа ҳудудлари билан ҳамда мамлакатимизнинг пойтахти ва вилоятлари билан боғлаб туришда муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидлаш лозимки, туманнинг марказида жойлашган “Узун” вокзали бугунги талабга жавоб бермас эди. Ўтган вақт давомида ушбу вокзалда таъмирлаш ишлари олиб борилмагани ва бу ердан фойдаланаётган йўловчилар сонининг йил сайин ортиб бориши сабаб аҳолига сифатли ва ишончли хизмат кўрсатишда ҳам қийинчиликлар юзага кела бошлади. Шу боис ушбу вокзални қайта қуриб, кенгайтириш ва йўловчилар учун ҳар томонлама замонавий шароитларни яратган ҳолда хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашни ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганди.


“Тоштемирйўллойиҳа” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари томонидан тайёрланган лойиҳа бўйича қурилган ушбу вокзал миллий ва замонавий уйғунликни касб этиб, сифатли қурилиш маҳсулотлари билан мустаҳкам барпо этилди. Вокзал атрофига, ташқи ва ички қисмига миллий анъаналаримиз асосида безак берилиб, кутиш зали, дам олиш ва ювиниш хоналари замонавий қурилиш маҳсулотлари билан жиҳозланди. Кўркам ва маҳобатли кўриниши билан Узун туманидаги энг чиройли масканларидан бирига айланди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти маблағларига қурилган ушбу вокзалда барча бунёдкорлик ишлари белгиланган тармоқ жадвали асосида амалга оширилди. Вокзал биноси икки қаватли бўлиб, лойиҳада режалаштирилган ишларга кўра, электр марказлаштириш пости билан қўшилган темир йўл вокзали, қозонхона, трансформатор станцияси, йўловчилар учун платформа, омборхона, автотураргоҳ қурилди. Шунингдек, темир йўл чиптахонаси, назорат ўтказиш пункти барпо этилди.

– Эски вокзалимизда 40-50 нафар йўловчига хизмат кўрсатилар ва замонавий қулайлик борасида мамлакатимизнинг кўплаб вокзалларидан ортда қолаётган эди, – дейди “Узун” вокзали раҳбари Ботир Мирзоқулов – Бунга бир сабабдан вокзалнинг эскириб, таъмирга муҳтож бўлиб қолгани бўлса, иккинчи сабабдан фойдаланаётган йўловчиларнинг кўплиги боис кутиш зали сиғимининг кичиклиги ҳамда замонавий дам олиш хоналарининг бўлмаганлиги билан боғлиқ эди. Пухта лойиҳа асосида бунёд этилган замонавий вокзалда эса йўловчилар учун барча шароитлар инобатга олинган. Хусусан, бир вақтнинг ўзида 100-150 нафар йўловчини сиғдира оладиган ва ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам мўътадил ҳарорат ҳукм сурадиган кутиш зали, замон талабларга мос дам олиш хоналари, чиптахона, она ва бола ҳамда тиббий пункти хоналари мавжуд. Шунингдек, жорий йилнинг 11 декабридан Тошкент – Сариосиё – Тошкент йўловчи поездининг ҳар куни ҳаракатланиши йўлга қўйилганлиги кўплаб йўловчиларнинг қувончига сабаб бўлди.

Янги вокзалда йўловчилар учун қуйидаги қулайликлар мавжуд:

– юқори даражадаги сервис хизматлари кўрсатиш зали;

– замонавий темир йўл чиптахонаси – 1 та;

– йўловчилар учун айвон – 100 кишилик;

– перрон (узунлиги – 650 метр, эни – 14 метр);

– платформа – 2 та (узунлиги 650 метр, эни 10 ва 8 метр);

– чиптахона АСУ “Экспресс-3” тизимли ускуналар билан таъминланган;

– электрон чипталарни рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилган;

– 5 та устунли ҳаво совутгич мосламалари билан жиҳозланган;

Шунингдек, бепул сервис хизматлари, она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси, қўл юки аравачаси, ногиронлар аравачаси, маълумотхона, электрон маълумотлар таблоси.



Report Page