ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЁШЛАР МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ҚИЁФАСИ

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЁШЛАР МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ҚИЁФАСИ

 


Ширинбой Олимов – БухДУ “Педагогика” кафедраси мудири, педагогика фанлари доктори, профессор

 

Республикамиз мустақиллигига 30 йилдан ошган бир даврда мамлакатимиз мазмунан ва моҳиятан янгича иқти­содий-сиёсий, маънавий-маърифий қиёфа касб этиб, тамомила янги жа­мият, янги турмуш, янги ҳаёт қуришга қадам қўйди ва мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш ғояси ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий тараққиётнинг устувор йўналишига айланди. Халқимиз тарихан қисқа давр ичида ўзлигини англаган, дунёқараши кенг, онги теран, тафаккури ва тасаввурида эркинлик, мустақиллик, демократия, ижтимоий адолат кўпириб турган халқлар сирасига қўшилди. Аждодларимизнинг узоқ асрлар мобайнида яратган ғоят улкан ва бебаҳо маънавий ҳамда тарихий-маданий меросидан кенг фойдаланиш имкониятлари вужудга келди. Қадриятларимиз тикланди, бу маънавий бойлик ва илмий таълимотдан баҳраманд бўлган халқимиз, ўз йўлбошчиси Ш.М.Мирзиёев раҳнамолигида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, маданий-сиёсий ҳаётни қуриш йўлидан ишонч билан олға интилмоқда.

Бу вазифа эса бугун ҳар доимдагидан ҳам кўпроқ халқимизнинг, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг истиқболи маданий-интеллектуал қиёфаси, илмий дунёқараши, жисмоний баркамоллигини таъминлайдиган маънавий-ахлоқий таълимот билан бойитилган ўқув-тарбиявий ишларимизни кучайтиришимиз, улар мазмунини ижтимоий-иқтисодий тараққиёт омиллари билан бойитишимизга даъват этмоқда. Зеро, маънавий-ахлоқий салоҳияти юксалган инсон ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиёт қонунларини тўғри англай олади, жаҳон цивилизациясида қадрият­ларидан ўз миллий хусусиятларини сақлаган ҳолда баҳраманд бўла олади, ўз озодлиги, ўз эрки, ўз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун кураша олади. Шунингдек, бундай инсон, бундай халқ келажак ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ўз билими, ўз кучи, ўз садоқатини аямасдан ҳуқуқий адолатли давлатни қуриш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришни ўзининг инсоний бурчи, ўз масъулияти, ўз тақдири деб билади ва фаолиятини шунга йўналтиради.

Шу ўринда эътироф этиш жоизки, кишилик жамиятининг тарихий тараққиётида бирор мамлакат, бирор халқ ўз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий, маърифий ривожини инсонлар онги ва қалбида, маънавий-ахлоқий фазилатларнинг юксалишисиз тасаввур қила олмаган. Юксак маънавият ва ахлоқий баркамоллик ҳар қандай халқ, ҳар қандай давлат ривожининг бош мезони бўлиб хизмат қилган. Маънавий-ахлоқий жиҳатдан тараққий этмаган халқ, мамлакат истиқболга эриша олмаган, таназзулга учраган. Маънавий заифлик, ахлоқий ноетук жамиятни, миллатни ҳалокатга олиб келган ва мамлакатни хавф остига солган.

Ёшларимиз маънавий-ахлоқий маданиятини юксалтириб бориш мамлакатимизда мустақилликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий демок­ратик давлатни қуриш ва фуқаролик жамияти асосларини ривож­лантириш жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, «инсон ақлан, ахлоқан такомиллашиб, фан ва техника ютуқларини, жамият тараққиёти тажрибаларини ўрганиб, ўзлаштириб боргани сари маънавий омилларининг жамият ҳаётига бўлган таъсири тобора ортиб бораверади. Натижада, жамият тараққиётини инсон онгли равишда бошқаради», дейди фалсафа фанлари доктори, академик Э.Юсупов.

Шунга биноан Республикамизда 2020 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-637-сон “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни яратилганлиги таълим тизимининг янги “модели” яратилдики, баркамол авлодни, яъни янгича онг, янгича тафаккурга эга бўлган, янги шахсни, янги жамиятни яратувчини тарбиялаш амалга ошади. Бу борада жаҳон андозаларига мос, барча шарт-шароитларга эга бўлган олий таълим муассасаларида илм-фан, касб-ҳунар сирларини ўрганаётган, хорижий мамлакатлар ёшлари билан рақобатга кириша оладиган, ўзга миллат, ўзга халқлар тиллари, маданиятини чуқур эгаллаган олий маълумотли мутахассисларнинг тайёрланаётгани айтилган фикрларимизнинг далилидир. Демак, бизнинг асосий орзуимиз – маънавий-ахлоқий етук, эркин фикрлайдиган, рақобатбардош, ижодий қобилиятларимизни ривожлантириб, билимли, эътиқодли бўлиб шаклланиш экан, ҳар биримиз ушбу эзгу мақсад сари интилишимиз зарурдир. Биз учун яратилган ҳар бир шарт-шароит, имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз касбимизни эгаси бўлишимиз талаб этилади. Бу эса бизнинг мустақил Республикамизнинг ривожланишига, уни асраб-авайлашга, мавжуд тинчлик ва осойишталикни сақлашга, ўзимизнинг маънавий-ахлоқий қиёфамиз ва тарбиямиз мазмуни билан жавоб беришимиз, шукрона қилишимиз ҳисобланади.

 



Report Page