ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ – ЮКСАЛИШ САРИ ЙЎЛ

Яқинда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон Стратегияси” номли китоби нашрдан чиқди. Унда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш борасидаги энг муҳим стратегик йўналишларнинг мазмун-моҳияти очиб берилган.
ЎзЛиДеП Нурафшон шаҳар Кенгаши томонидан 25 – умумий ўрта таьлим мактабида "Ҳалқ таьлими" бошланғич партия ташкилотлари аъзолари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон Стратегияси” номли китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотни ЎзЛиДеП Нурафшон шаҳар Кенгаши Аппарат раҳбари Фурқат Абдужабборов олиб борди. Мазкур китобда Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиётимиз истиқболлари ҳақида атрофлича фикр юритилганини алоҳида қайд этди. Асардан ўрин олган “Янги Ўзбекистон Стратегияси”, “Халқпарвар давлат” “Миллий иқтисодиётни ривожлантириш”, “Адолатли ижтимоий сиёсат”, “”Маънавий тараққиёт”, “Хавфсизлик ва ташқи сиёсат”, “Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар” каби бўлимларга шарҳ бераркан, уларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизнинг бардавом бўлишини таъминловчи истиқболдаги вазифаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилганини таъкидлади.
Тақдимот анжуманида сўз олган партия фаоллари китобнинг “Эркин ва очиқ фуқаролик жамияти” номли қисмида фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича устувор йўналишларни белгилаб берилгани сиёсий партиялар учун услубий қўлланма бўлгани борасида қизғин муҳокамага киришиб, ўз фикр ва ёндашувларини баён этишди.
Тадбир сўнггида унга йиғилганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон Стратегияси” номли китобининг тақдимот тадбирларини кенг аҳоли қатламлари орасида ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаб, жойларда юқори савияда ўтказиб боришга келишиб олишди.
Зухро Мирзоҳамдамова,
ЎзЛиДеп Тошкент вилоят Кенгаши матбуот котиби
Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати
@Nurafshonpressa