ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК!

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК!


Шаҳар ҳокими, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг Янгийўл шаҳрида яшовчи халқимизга МУРОЖААТИ

Азиз ҳамшаҳарлар!

Маълумки, Ер сайёраси – башариятнинг ягона Ватани. Ер – ҳаёт манбаи. Инсон ҳаёти учун нимаики зарур бўлса, барчасини бизга мана шу саховатли замин инъом этади. Афсуски, бугун сувдан, тупроқдан нотўғри фойдаланиш, экологик жиҳатдан зарарли технологияларни қўллаш оқибатида сайёрамизда иқлим ўзгариб, биохилма-хиллик йўқолиб бормоқда. Ер юзидаги 8 миллиарддан ортиқ инсониятнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда БМТ минбаридан инсоният ҳаётига таҳдид солаётган учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбаримиз жорий йилнинг 11 октябр куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.

Доимо она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, атроф-муҳит софлиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келадиган кўпмиллатли Янгийўл шаҳар халқи номидан биз Президентимизнинг ана шу ташаббусларидан руҳ олиб, барчангизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Доно халқимизда: “Яхшидан боғ қолади” деган пурмаъно ҳикмат бор. Шундай экан, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғ-роғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш каби эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурамиз.

Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тўй ва бошқа яхши кунларида ниҳол экишни анъанага айлантирсак, нима дейсизлар?! Бу ғоят савобли тадбир эмасми?

Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!

Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.

Муҳтарам нуронийлар!

Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда. Шаҳримиздаги 7 мингдан ортиқ нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим. Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, 7 мингдан зиёд янги дарахт пайдо бўлади. Ёки ҳар бири ўз ёнига 10 нафар ёшни жалб қилса, бу рақам 10 баробарга ошади.

Ҳурматли томорқа ер эгалари!

Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг улушингиз катта. Биргина кўчат етиштириш бўйича тўхталадиган бўлсак, шаҳримиздаги 4216 та томарқа ер эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузари ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса, шаҳримиз бўйлаб ўртача 43 минг дарахт бунёд бўлади. Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва спортчилар!

Жонажон шаҳримиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.

Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига шаҳримиз ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.

Шундай экан, шаҳримизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!

Мўътабар оналар, азиз опа-сингиллар!

Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзалдир!

Табиат ҳам она каби муқаддасдир! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!

Токи, зурриёдларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.

Айни вақтда, “Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувонарлидир. Бу ишларда 22 та маҳалладаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг ҳам муносиб ўрни бор. Галдаги вазифамиз – ушбу хайрли тадбирларни шаҳар халқи орасида кенг ёйишдан иборат.

Азиз ёшлар!

Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.

Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб, шаҳримизда, ўз хонадонингизда, кўчангизда, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, шаҳримизда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!

Асло унутманг, сиз Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз

– бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.

Қадрли ҳамшаҳарлар!

Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!

Токи, биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин!

Report Page