“ЯНА КЕЛГАЙМИ ОЛАМГА СИТОРА СИНГАРИ СОБИР..”
Dadaxon Muhammadiy, filologiya fanlari bo'yicha falsafa doktori (PhD)Шоирнинг метафора ишлатиш маҳорати – унинг тасаввури, зеҳни, мавҳум туйғуларни аниқ образларда жонлантира олиш қобилияти орқали намоён бўлади. Шеърда маъноси биз учун аниқ бўлган оддий сўзга иккинчи, янги, кутилмаган маънонинг юкланиши ана шу маҳоратнинг бир кўринишидар. Арасту айтганидек, “фақат шунигина ўзгалардан ўзлаштириб бўлмайди, бу қобилият истеъдоднинг белгиси бўлиб хизмат қилади. Ахир, яхши метафоралар яратиш – ўхшашликни кўра олиш демакдир”. Бунда нафақат тасвир, балки руҳий кечинмаларнинг ҳам ўзига хос ифодаси назарда тутилади.
Ситора Шомуродованинг “Ўзим ҳақимда” шеърида шундай сатрлар бор:
Юрагимга сиғмайди қушлар,
Торланиб боряпман тобора.
Кўринишидан оддий ва самимий бу икки мисрада туйғулар бадиий метафоралар орқали ифода қилинади. “Қушлар” метафорасини инсон қалбида туғилаётган орзу-умидлар, ҳиссий тўлқинлар, эркка чанқоқ туйғулар рамзи сифатида талқин қилииш мумкин. Улар “юракка сиғмаслиги” ҳолатида эса лирик қаҳрамоннинг ички дунёсида оромсизлик юзага келаётгани намоён бўлади. “Торланиш” эса ана шу оромсизликка ифода топилмаётгани, сиқилаётган руҳиятнинг бадиий кўринишидир. Инсоннинг эркка бўлган чанқоғи, ана шу чанқоқ ва реаллик ўртасидаги қаршилик эстетик таъсирни кучайтиради. Метафораларнинг ихчам, таъсирчан ва теранлиги шундан.
Шеърнинг давомидаги:
Ишқинг нафас, менга ҳаводир,
Сен – умримда гўзал хавотир,
– сатрларида эса муҳаббатнинг инсон эҳтиёжларидан кўра чуқурлиги бадиий метафоралар орқали ифодаланади. “Ишқинг нафас” иборасидаги муҳаббат – бу шунчаки ҳис ёки кайфият эмаслиги аён. Метафорик ҳолатда келаётган “нафас” сўзи ички кучни англатиб, ишқни реал ҳаётга боғлайди. “Ҳаво” эса шу маънони янада мустаҳкамлайди: Муҳаббат ҳаводек зарур, ундан маҳрумлик – нафассизлик, яшамасликдир. Иккинчи мисрадаги “гўзал хавотир” ибораси оғриқ ва қувончни, хавотир ва таскинни бирлаштиради. Лирик қаҳрамондаги ич-ичига сиғмаган қайноқ эҳтироснинг эстетик ифодаси бу. Унда муҳаббат ҳаёт билан бирга ширин оғриқ каби ҳис қилинадиган хавотирни ҳам уйғотади.
Шеърнинг сўнгги бандида орифона тасвирлар бўртиб кўринади:
Абадий ишқ асрорин топдим,
Раҳматига тўлганда кафтим,
Ёрга юрсам, Ёр менга чопди,
Ёрланиб боряпман тобора...
Ушбу бандда лирик қаҳрамон инсоний муҳаббатдан фарқли равишда абадий ишқни – илоҳий муҳаббатни кашф қилганини ифодалайди. “Абадий ишқ асрори” тасаввуф адабиётида Ҳақ Таоло билан юзлашиш маъносида талқин қилинади. Ишқ бу ерда илоҳий муҳаббат – ишқи ҳақиқийдир.
“Раҳматга тўлган кафт” эса фано тушунчаси билан боғлиқ. Кафт – банданинг Аллоҳдан яхшилик тилаб қилган дуоси рамзи. У раҳматга тўлган бўлса, демак, Илоҳий нур, тажаллий ёки мағфират унга нозил бўлди.
“Ёрга юрсам, Ёр менга чопди” сатри ўта аниқ тасаввуфий ақидани ифода этади. Сўфийлик таълимотига кўра, агар банда Аллоҳ томон бир қадам юрса, У бандага юз қадам юради. Бу – “Мажозий ёр” (инсон) орқали “Ҳақиқий Ёр”га (Худога) олиб борувчи йўлдир. Шеърда севги ила Ҳаққа юрганида, Ҳақ ҳам унга юзланмоқда. (Ёр сўзининг катта ҳарф билан бошланганидан ҳам унда инсон назарда тутилмаётгани англаш мумкин) Охирги мисра – “Ёрланиб боряпман тобора” жумласи Ҳаққа етишишнинг, Аллоҳ билан бир бўлишнинг янада аниқроқ ифодасидир.
Ситоранинг “Мен сенинг дунёнгдан...” деб бошланувчи шеърида шундай банд бор:
Мен сенинг дунёнгдан ташқаридаман,
Дунёнгки, бир менга очилмас эшик.
Дунёнгки, бир менсиз гуллаган чаман,
Дунёнгки, бир менинг исмимсиз қўшиқ...
Унинг дунёсидан ташқарида бўлиш – бу жисмоний узоқликдан кўра руҳий олисликни, бегоналикни англатади. Сатрнинг ўзи метафорик ҳолатда. “Дунёнгки, бир менга очилмас эшик” сатридаги “эшик” метафораси нафақат ушбу банд, бутун шеърдаги умумий ҳолатни кўрсатиб беради. Кейинги сатрлардаги “чаман” ва “қўшиқ” метафоралари орқали севгилининг гўзал ҳаёти тасвирланади. Аммо у гўзалликда шоир (ёки лирик қаҳрамон) иштирок этмайди. Яъни у севикли учун муҳим эмас. У йўқ.
“Менинг исмимсиз қўшиқ” – бу мазмун жиҳатдан содда метафора эмас. Қўшиқ сўзи бадиий асарларда инсон умри сифатида талқин қилинади. Шу жиҳатдан қараганда, “дунёнгдан ташқаридаман” деяётган лирик қаҳрамон ана шу дунёнинг – бир инсон умрига тенг қўшиқда унинг исми, ўрни йўқлигини айтяпти.
Шоир индивидуал поэтик тасаввур намуналарини ўзини тўлиқ намоён қилади. Унинг истеъдоди, маҳорати ана шу жараёнда янада ёрқинроқ кўринади. Яъни, анъанавий метафораларни ишлатишдан ташқари ўзига хос янги метафораларни яратиши шоирнинг услубидаги ўзига хосликни белгилашнинг асосий жиҳатларидан биридир.
“Ушалмас орзулар” шеърида шоира анъанавий образлар, ўхшатишларни ишлатишдан ташқари ўзининг индивидуал метафораларини намоён қилади:
Сенли хаёлларни суриш ҳам бир бахт,
Орзу – мен ҳаётдан қочиб борар жой.
Шундай маъво бўлса: денгиз, тоғ, дарахт,
Бир кулба, бир стол, икки финжон чой.
Шеърда шаклан кичик, маънан мукаммал бахт ҳақида сўз кетяпти. “Сенли хаёллар” – бахтли лаҳзаларнинг метафорик ифодаси. Ҳаётнинг оддий ва самимий онлари. “Орзу – мен ҳаётдан қочиб борар жой” сатрида шоира ҳаётнинг мураккаб ташвишларидан бироз узоқлашиш асносида орзуни метафорик ҳолатда “жой” сифатида тасвирлайди. Кейинги сатрлардаги денгиз, тоғ, дарахт тасвирлари инсон руҳиятига табиат билан уйғунлик, софликни олиб киради. “Бир кулба, бир стол, икки финжон чой” тасвири эса ҳеч қандай метафорасиз, бадиий безакларсиз ҳам гўзал манзарани ифода этади. Бу тасвир орқали севган инсон билан бирга ўтказилган вақт қиймати, қиммати янада ошиб боради.
Ситора Шомуродованинг мумтоз йўлида ёзилган шеърлари унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. Истеъдоднинг мутолаа, илм билан камол топтириш ҳақида устозлардан кўп эшитганмиз. Ситоранинг мумтоз шеърият илмидан сув ичганлиги, шу йўналишдаги олимлиги унинг маҳоратини яна оширганини ҳам кўрсатади. Шоиранинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Агарчи сенсизин сабр айламак...” деб бошланувчи ғазалига боғлаган мухаммаси ҳам ўзига хос.
Бирор шоирнинг ғазалига мухаммас боғлаш ҳозирги шоирлар ижодида кам кузатилаган ҳолат. Бу жараён шоирнинг маҳоратини намоён этиш билан бирга унинг бошқа шоирга бўлган эҳтироми, руҳий яқинлиги ва ижодий мулоқотини ҳам англатади. Бундай шеърий боғлиқликда шоир ғазалга, унинг руҳиятига таъсир этмаган ҳолда, ўз дунёқараши ва туйғуларини қўшади. Демак, мухаммас боғлаш катта масъулиятни, маънан ҳақдорликни талаб этади.
Нигорон кутганингдан келмаса ахбор, мушкулдир,
Дилинг сиррин яширсанг, кўз этар ошкор, мушкулдир,
Сенингсиз ғам, сенинг-ла ҳам етар озор, мушкулдир,
Агарчи сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкилдур
Сенинг бирла чиқишмоқлик доғи бисёр мушкулдур.
Мазкур банддаги асосий метафора ва образлар мухаммас боғланган ғазалнинг ифода услубида бўлиб, уни янада терароқ англатишга қаратилган. “Нигорон кутганингдан келмаса ахбор”, яъни, “интиқиб кутилган хабарнинг келмаслиги” жумласидаги “ахбор” умид ва интизорликни ифода қилиш учун қўлланади. Кўзлар – ҳақиқатни фош қилувчи восита. “Дилинг сиррин яширсанг, кўз этар ошкор” – жуда мураккаб ё англаш қийин сатр эмас. “Сенингсиз ғам, сенинг-ла ҳам етар озор” жумласидаги сўз ўйини юқоридаги сатрлардаги ифодани янада мустаҳкамлайди. “Сенинг бирла чиқишмоқлик доғи бисёр мушкулдур” сатрида эса айтилмоқчи бўлган фикр энг юқори нуқтасини топади.
Сени дерман ҳаётимда, чу исминг кўнглима жодир,
Бу ушшоқ элида йўқдир сенингдек раҳмсиз жобир,
Яна келгайми оламга Ситора сингари собир,
Висолинким тиларсен, нозини хуш тортқил, Бобур,
Ки, олам боғида топмоқ гули бехор мушкулдир!
Мухаммаснинг ушбу сўнгги банди нафақат метафораларга, балки ҳайрат, изтироб ва маҳзун муҳаббат ҳиссига бой. “Сени дерман ҳаётимда, чу исминг кўнглима жодир” мисрасида сўнгги икки сўз метафорик ҳолатда ишқнинг қалбга қандай сингганини, ҳаётга бўлган муносабатни ҳам ёр исми билан боғлиқ эканини кўрсатади. Иккинчи сатрдаги “ушшоқ эли” иборасида ошиқлар, яъни муҳаббат аҳлини назарда тутилиб, “жобир” (жабр қилувчи) сўзи билан ошиқона шикоят, аммо яширин бир мафтунлик ифодаланади. Бу ерда “раҳмсиз жобир” сўзлари “Ситора сингари собир” ибораси билан зидлантирилади. (Собир – сабр қилувчи) Лирик қаҳрамон сабр рамзи сифатида ўзини кўрсатади. Жабрнинг қачондир ниҳоя топиши умиди бор бу ерда.
Мухаммаснинг асл муддаоси – бандинг бошидаги уч сатри кейинги икки сатрга уйғун келиши талабидир. Бу ерда Ситоранинг қаламига мансуб уч сатр Бобурнинг икки сатри учун дебоча бўлиши лозим. Демак, Бобур ғазалидаги “Висолин ким тиларсен, нозини хуш тортқил, Бобур” сатри “севгининг оғриғини, синовини ҳам гўзал қабул қил, чунки у висол билан тўлар”, деган мазмунни ифода қилишини ҳисобга олсак, Ситоранинг сатрлари ўзи муддасига эришган.
Бир шоирнинг умумий ижодига унинг икки-уч шеъри таҳлили билан баҳо бериш мушкулдир. Аммо унинг сўз ишлатиш маҳорати, илми, ижодга масъулияти икки-уч сатридаёқ кўриниб туради. Шу маънода, юқорида Ситора Шомуродованинг шеърлари орқали айтмоқчи бўлганимиз – шоирнинг метафора ишлатиш маҳоратидир. Бу унинг туйғуни жонлантириш, маъноларни кўчириш, образ орқали руҳий ҳолатни ифода этиш ва ўқувчини ҳис қилишга чорлаш қобилиятида кўринади. Шоиранинг ижодига кенгроқ кўламда қизиққан ўқувчи буни янада теранроқ кўради, англайди.