ЯНА БИР БОР, АДАБИЁТ НАДИР?
(Рассом ТУЗнинг адабиëт ҳақидаги тушунчаси) Эсимни таниганимда адабиëт – бу мактабдаги дарс эди. Бу дарсни ўриндошлик асосида магазинда қоровул бўлиб ишлайдиган «адабиëт муаллими» ўқитарди. У киши адабиëтдан кўра яқинда болалаган итининг кўзи очилмаган кучуклари ҳақида таъсирлироқ гапирарди. Мен дарсдан қочган пайтимда папкамни омонат қилиб қолдирганим мактаб қоровули эса Арипжанов босмахонасида тош босма усулда 1913 йилда босилган Афанди латифалари ва Жангномаий Або Муслим ўқирди.

Ўзбек жамияти мадраса ва унинг ичидаги икки асосий предметдан бири адабиëтга яқин турган доимо. Бу тўплим (афкор омма) кўрилувчи санъат (Ҳайкал, картина, графика, перформанс, инсталация, пантомимо, балет, кино) тилини тушунмайди. Эшитилувчи санъат (Симфоник оркестр, опера, пианино, скрипка, вилончел) ҳис қилмайди.
Сиз айтишингиз мумкин, куй қўшиқни яхши кўради деб. Аслида бу жамият мусиқа деб атайдиган нарса ҳам адабиëт. Шеърларни мусиқа фонида бадиий ўқиш холос. Бу ерда асосан адабиëт доминант. Кино ва театрда ҳам шу. Асосан адабиëт. (Унинг заиф ва нотавон адабиëтлиги бошқа мавзу.) 19 асрдаги Хивада 100та мадраса бўлса 100 тасида ҳам фақат дин ва адабиëт ўқитилган. Бу адабиëт асосан диний догмаларнинг бадиий иллюстрацияси ва импровизациясидан иборат. Дидактикага асосланган сўз ўйини.
Совет давридаги адабиëт эса мутлақо совет мафкураси тарғиботчиси эди. Мустақилликдан кейин "адабиëт ўлди". Аммо бир трактор тепаликка чиқиб мотори ўчиб қолса, инерция билан пастга қараб ўчган мотор билан ҳам юрганидек бу "ўлик адабиëт" ҳам "юришда" давом этди. Яхшиям ғилдираги бор.
Бу кириш сўзини ëзганим боиси биз адабиëт деб ўйлаганимиз воқеликни мен қандай кўришимни билишингиз учундир.
Ғарбда бу соҳанинг номи лотинча literatura — ҳарфлар билан ëзилган деган мазмунда. lit сўзи харф дегани. Бизда эса бу "Адаб" деган сўзига асосланган. Яъни "одобнома" десак бўлади. Бу тарз адабиëтнинг классик намунаси "Кобуснома"дир. 1082 йилда ëзилган. Бу "адабиëт" Кайковус тарафидан миллат ëки халққа атаб эмас Ғилоншоҳдай ҳукмдорга атаб ëзилган. "Эй фарзанд, қул сотиб олсанг унинг тишларини текшириб ол", "Эй фарзанд, хотин билан через день секс қилғил" форматидаги панд насиҳатлар тўплами. Шу маънода орадан 1000 йил ўтиб ҳам бу адабиëт деярли ўзгармай турибди. Асосий гапга ўтсам. Адабиëт надир?
1. Адабиëт – бу санъатдир.
2. Адабиëт – бу кўзқарашдир (Жамиятдаги энг етишкин, илғор, ойдин ва закий ватандошнинг айни жамиятни танқидий элаштиришидир.)
3. Адабиëт – бу кўзгудир (Ëзувчи ирония, танқидий тафаккур, фалсафий таҳлил, муҳимни номуҳимдан ажратиб асл муаммони бўрттириб кўрсатиш, сарказм, ҳажв, инструментларидан фойдаланиб жамият юзига кўзгу тутади.)
4. Адабиëт – бу жамият савияси ҳақидаги сигналдир, Тарбиячидир. ( Ëзувчи ўзи кўтарилган савия чўққисидан туриб ëзади. Жамият эса бу фикрий чўққига тенглашиш учун тиришиш асносида "тарбияланиб қолади."
5. Адабиëт – бу жамиятга билги берувчи қомус.(Масалан, "Уруш ва тинчлик" романи орқали биз биринчи жаҳон уруши ҳақида батафсил билги оламиз.)
Бу хусусиятларни мен Хемингуеэй, Сартр, Золя, Булгаков, Кафка, Толстой, Жек Лондон, Ахматова, Сергей Довлатов ва Орхон Помуқ асарларида топганман. (Рўйхат сал узунроқ аслида.)
Бу умуман адабиëт ҳақидаги тушунчам. Ўзбек совет адабиëти деб аталмиш воқелик бор. (1991 йилдан кейин ўша ўзбек совет адабиëти инерция билан пастга қараб қулаб боргани учун мустақиллик даври адабиëти дейишга тилим бормайди.)
Ўзбек Совет адабиëти Фитрат ва Қодирий мислида мен айтган адабиëт инструментларини дадил тажрибасини бошлади. Аммо 1937 йили бу тажрибага нуқта қўйилди.
Қаҳҳор эса шу эстетик тажрибадан совет жамиятини улуғлаш учун профессионал савияли фойдаланди. Кейин узун бир бўшлиқни худди бугунги каби саводсиз графоманлар "ëзмишлари" тўлдирди.
Сталинизмни қоралаган ХХ қурултойдан кейин Советлар бирлигидаги ëзувчиларда "адабиëт яратишга истак" туғилди. Асқад Мухтор, Одил Ëқубов, Пиримқул Қодиров ўша музлар эриши деганмиз замон махсули (ижобий маънода).
Кейин яна саводсиз савиясиз графоманлар тўдаси бир муддат бой берилган майдонни тўлдирди. Дунëнинг олтидан бирини эгаллаган СССР деган давлат оғроми остинда ëзувчи бўлишдан кўра бўлмаслик эҳтимоли катта эди. Аммо физикларнинг айтишича қаттиқ босим остида қум зарраси ҳам бриллиантга айланади.
Етмишларга келиб ўша давр мафкура босимига исëн қилган кичик гуруҳ пайдо бўлди. Бу гуруҳдагилар Рауф Парфи, Муҳаммад Солиҳ ва бошқалар. Бу гурух лидери шубҳасиз Муҳаммад Солиҳ эди. Бу ëзганларимда асосан насрга эътибор беряпман. Шу боис ўша йилларда Неъмат Аминов ва Мурод Муҳаммад Дўст асарларида шу пайтгача ноëб бўлиб қолаëтган "ирония" борлигини "миннатдор ўқувчи" ўлароқ эслайман.
Хулоса
Қодирий ëзишга чоғланди аммо ўлдирдилар. "Ўткан кунлар" илк машқ ўлароқ қолди. Неъматжон Аминов ëзишга чоғланди. "Елвизак" асари машқлигича қолди. Одил Ëқубов ëзди. Яхши ëзди аммо буюклик зинасининг пастки поғонасида қолди. Мурод Муҳаммад Дўст ëзди ва яна ëзишга чоғланди аммо лавозим деган пашшатутар сирачга ëпишиб қолди. Шу билан даврнинг адабиëтга ажратган лимити тугади. "Кичкина Шаҳзода"ни таржима қилиб кўзимни очган Хайриддин Султон энди каламуш каби безбет мулозимга айланишга маҳкум эди.
Иддао
Бугун адабиëт йўқ. Кечмиш адабиëт тарихи бор. Келажакда "ўзбек адабиëти" деган ҳодиса юз беришига илмий далилларим йўқ.