Яҳудий қизи

Яҳудий қизи

Мафтуна Умрзоқова

 Яҳудий қизи (ҳикоя)

Печга ўтин қалаб, деворда чиққиллаб турган соатга қарадим, деразадан ташқарига разм солар эканман атрофга ўлик бир сукунат чўкган, бу эса инсон ҳаёлига ғамгин ва мўрт хотираларни ёдга соларди холос. Тунлар шунчалар узайган эдики, бамисоли дўзах. Гоҳо юракга йиғилган ғусса, виждон азоби сув деворидай устингдан босиб, нафасингни бўғади. Бироқ ҳаёт ҳали кўркини йўқотмаганлиги ҳақидаги ўй деворда жилваланган миллион рангни камалакларга парчалаб ташлайди.

Кутилмаганда маҳкама ҳовлисида ғала-ғовур эштилди. Сигаретани лабимга қистириб, ҳовлига чиқдим. Аскарлар ёш бир қизни ўртага олишиб, унга оч бўридай бири олиб, бири қўйиб хирралик қилишарди.

—Бу нима майнавозчилик? Қовоқхонадаги маишат камлик қилиб, шу ергача олиб келдингларми?!—Деб асабий кайфиятда аскарларга ўшқираман. Аскарлар овозимдан чўчиб, ҳаммаси қаддини ростлаб, ўнг қўлини чаккасига ниқтаб "чес" берганча тик туришди. Маҳкама зиналаридан оғир қадамлар билан ёнларига бордим. Сигарани кескин ерга улоқтириб, нигоҳим билан айбдорни аҳтара кетдим.

—Хўш, Эрих, вазият ҳақида зудлик билан изоҳ бер! — Эрих сафдан бир қадам олдинга чиқиб,

—Ўртоқ генерал, бу қизни чегаранинг жанубий томонда, ўрмон ёнидан ўтган дарёдан кечиб ўтаётганда қўлга тушурдик, — деб қизга ишора қилди.Тартибсизликдан азбаройи жахлим чиққан ва бу қизни шунчаки бир бузуқи деб ўйлаганим сабаб аввалига унга эьтибор бермадим. 

— Ёнингизга олиб киришдан олдин тинтув жараёнини ўтказаётган эдик, —Эрих сўзларини дона-дона қилиб оқловни якунлади.

—Шунақа дегин? —Деб қизга бошдан оёқ синчковлик билан тикиларканман, қоронғуда юзининг шарпаси кўринарди холос. Эгнидаги кийимлари жиққа ҳўл бўлиб, унинг сарвдек қоматига чиппа ёпишган, қиз эса совуқ зарбидан, қолаверса қўрқувдан тиши тишига тегмай, нигоҳи ер чизиб, дағ-дағ қалтирар эди.

—Бечора қизни шу ерда, галалашиб тинтув қилмоқчи эдингизми?— Эрихни чотига ўхшатиб тепаман. У бир дам эгилиб, яна ўзини ўнглаб олади, —қизни хонамга олиб киринг.—Аскарлардан иккитаси қизни икки қўлидан тутиб етаклаб келар, Эрих бўлса ортимдан бўралаб сўкиниб қолганини кўнглим сезиб турарди.

Аскарлар уни остонада қолдиришди. Қизга қайрилмай, иш столим ёнидаги ўриндиқга чўкарканман: 

—Марҳамат ўтиринг, —печ ёнидаги ўриндиқга ишора қилдим.

—Минатдорман, жаноб.

Унинг сеҳирли, майин овозини эшитган заҳотим ялт этиб қарадим. "Ё Парвардигор", —унинг ҳуснини лампа ёруғида кўриб, шундай деб юборишимга бир баҳия қолганди. Нам, сариқ сочлари олтиндек ялтирар, қошлари ва мўйлови устидаги сув томчиси саҳардаги шабнам резасидек жиловланиб турарди. Қизнинг қошлари ва кўзлари оралиғи бирмунча кенг, лаблари қондай қизариб турарди. Мовий кўзлари алланечук ғамни ифодалаётгандай, лекин айнан мана шу мовийлик унинг сариқ сочлари билан чинакам уйғунликни ҳосил қилиб, уни янада мафтункор қилганди. Кутилмаган гўзаликдан ақлим шошиб, бир неча дақиқа шамдай қотиб қолдим. Ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилиб, шундоқ ҳам тахланган столни яна тартиблай бошладим.

Ич-ичимда кимдир менинг тизгинсиз, ағдар-тўнтар бўлиб кетган фикрларимни бошқаришни бошлади," қиз бечорага қаҳва дамла! ", деб ҳукумронона буюруқ берар, мен ҳам бу ички овозга беихтиёр бўйсуна бошладим. Ўрнимдан даст туриб, печ устида қайнаётган чойнакни олгани борарканман, айни дамда қизга яқинлашганим сари қоним тошиб, гупуриб оқаётгандай ҳис қилдим ўзимни.

Қаҳва дамлаб, —мана, ичиб олинг. Ичингизга иссиқ кирсин. Ўзингизни уйингиздагидек ҳис қилаверинг.— дегач охирги гапим нақадар ахмоқона эканлиги сезиб, "оғзингдан гапинг оқмай, шалвмрамаў ўл", ўзимга-ўзим қарғаниб қўйдим ҳам. Рост-да, ахир у маҳкамада-ку, ўзини қандай эркин тутиши мумкин?!

Қиз ҳам менинг бу ҳаракатларимдан ажабланар, лекин меҳирбончилик қилайитганим унга ҳуш ёқаётганлиги билиниб турарди. Бу эса мени унга нисбатан мулозаматимни янада ошириб юборишимга сабаб бўлди. Қиз қаҳвага ҳижолатомуз, ийманибгина қўл чўзар экан,

— Кўп раҳмат! —Яна ўша овозда, лекин бу сафар шўхчанлик билан такрорлади. Қизнинг лабидаги югурган табассум эса, мени бутунлай маҳв этганди. Жойимга қайтгим келмади. Шу сабаб қизнинг ёнидаги ўриндиқга уни чўчитиб юбормаслик учун оҳиста чўкдим.

—Исмингиз нима? — дедим ниҳоят оғиз жуфтлаб. У ҳозиржавоблик билан:

—Азра. Азра Гунета!

Исмини эштишим билан юрагим "шиғ" этди.

—Яҳудиймисиз? —Ундан зўр бир гина оҳангида сўрарканман.

—Ҳа

Тамом! Бу тасдиқни эштишим билан бутун шахд-у шижоатим кафтимдан сувдай сирғалиб тушди. Қиз сўзида давом этиб, —шу ерга яқин қўшни қишлоқда яҳудийлар ошёни бор, яьни мен яшайдиган қишлоқча.— У шошиб гапирар, аммо иложи борича ҳижжалаб тушунтиргиси келарди.—Афсуски, бир неча кун олдин у ерга ҳужум қилишди. Эштишимча, қонга тўймагур Гитлер яҳудийларни оммавий қиришга фармон берган, —қиз шунчалар соддалигидан немис генералига шу гапларни валдираб ўтирибди-я! Яҳудийман дейишини ўзиёқ унинг қанчалар ғўр эканлигини исботи эди, аслида. 

Қизнинг бир неча сония аввалги " иқрори " ҳафсаламни қанчалик пир қилган бўлса, ундан кейинги дўстига дийдиё қилаётган гўдакникидек арзлари мени шунчалик севинтирганди. Гитлерни қарғаниб тилга олганини эштиб кулиб юбордим. Буни кўрган Азрада эса сал аввалги тортинчоқликлар йўқолиб, менга қўшилиб озгина кулиб қўйди.

—Хўш-хўш, давом этингчи? Фақат секинроқ, илтимос.

—Мен чегарани бузиб ўтишни сира ўйламагандим. Чин сўзим. Шунчаки, дарё ўзани мени оқизиб келди.

—Дарёга нега тушдингиз, ҳар қалай шу изғиринда кўнглингиз чўмилишни тусамагандир?

—Йўқ-йўқ. Асло! —Нозик қўлларини бараварига силкиб, йўқ ишорасини билдираркан, —гап шундаки...—У негадур ўйчан қотиб қолди. Мен ҳаммасини эслаб олиш учун шундай турибди деб, уни кузатиб турарканман, қизнинг юзига провардида маҳзунлик эниб, секин-секин гапира бошлади. Энди унинг овозидаги шўхшанлик бутунлай сўнган, ёқимсиз бир сокинлик эса ўртадаги суҳбатни бўлиб қўйганди.

—Уч кун илгари, эрта тонгда қишлоғимизга қуролланган аскарлар бостириб келишди. Онам буни узоқдан илғаган экан. Мени юзларимдан шапатлаб, ҳовлиқганча уйғотди ва туғулганига атига беш ой бўлган укамни йўргакга солиб, ўрмон томон югурдик. Аскарлар эса, тинч аҳоли маст уйқуда, ғафлатда қолдириб, афтомат ва пулимиётлардан ўқ узиб, қира бошлашди. Қишлоқдаги аёллар, қариялар, гўдаклар чинқириғи ва ўқ овози бир-бирига сингиб кетди.

Қизнинг нозик лабларига ёш сирғалиб туша бошлади, —Бу ҳақиқий фожеа эди. Худо ҳаққи қасам ичаманки, умрим бино бўлиб бундай дахшатга дуч кeлмаганман.—Азра қўлидаги қаҳва финжонини ёнидаги қайрағоч столига қўяркан йиғи аралаш ҳикоясини давом эттирди.

—Ўрмонга ичкарилаб кетмагандик, чунки, аскарлар бу ерга келмайди деган фикр бизга ҳотиржамлик берган ва қишлоқда содир бўлаётган воқеалардан тамоман эсанкираб қолгандик. Аммо, кўп ўтмай бошқалар ҳам қуролланган аскарлардан қочиб биз томон, ўрмонга югуриб келишарди. Аскарлар ҳам уларни таьқиб қила бошлашди. —Воқеа тезлашгани сари қизнинг кўзидаги қорачиқлар ҳам каттариб, унинг ичига ваҳима тўлиб борарди, —онам чап қўлида мени етаклаб, ўнг қўлида йиғлайвериб қизариб кетган укамни кўтарганча ўрмон оралаб, ҳарсиллаб югура кетти. Ўрмон ичидаги дарё устидан ўтган эски бир кўприкга яқинлашганда онам ортига қайрилди, табиийки мен ҳам. Таьқибчилар бизга яқинлашиб қолганини кўрган онам бутунлай эсанкираб қолганди. У ниҳоят бир қарорга келди: кўприк остида сув жуда саёз ва суст оқарди. Укам билан мени кўприк остига, дарёнинг сувдан юқорироқ қуриқ қисмига жойлаштирди. Онам ҳали ҳам йиғидан тинмаган укамнинг оғзига чап кўкрагимни солишни буюраркан, шу ердан ўзи келиб олиб кетмагунича ҳеч қайерга жилмаслигимизни яхшлаб уқтирди. Афтидан, аскарларни чалғитиш учун ўзи тўғрига югурди. Кутилмаганда...—Қиз гапида бироз тўхтаб, чуқур нафас ростлади-да, —кутулмаганда онам минали ҳудудга ўтиб кетди ва кўз олдимда майда-майда бўлакларга бўлиниб, сочилиб кетди.

Қиз ҳўнгираб йиғлаб юборди. Мен эса бу дахшатли ҳикоядан заррача таьсирланмадим. Урушда бундан-да дахшатлироқ воқеалар гувоҳи бўлиб, дийдам қотиб кетган эди. Фақат Азранинг йиғлашидан руҳан азият чека бошладим. Унинг заифлиги яна ўзимни кучли ҳис қилишимга туртки бўлди.

—Йиғламанг, хоним. Истасангиз ортиқ гапирманг. Кўриниб турибди, сиз жуда қўрқиб кетгансиз, —деб қизга секин яқинлашдим. Азра ҳуркак оҳудай сесканиб кетди. Уни оҳиста бағримга босдим.

—Укам... —Қиз пиққиллаб бурнини торти-да, давом этди. —Оппоқ йўргакдаги, ҳали ёшига ҳам тўлмаган мурғаккина укам чўкиб кетди. Дарё суви бирдан кўтарилиб, иккимизни ҳам оққизиб кетди, —бу сафар қиз бутунлай фиғони фалакга чиқиб йиғларди.

—Ҳаммаси жойида, Азра. Сиз бу ерда бутунлай ҳавфдан ҳолисиз. Бир томондан олиб қараганда, укангизнинг шунчаки чўкиб ҳалок бўлгани ҳам яхши бўлгандир. Ўйлаб кўринг-а, агарда у "Освенсим" ёки "Бухенвалд" каби фашист конслагерларига тушиб қолгандачи? Ким билади, қандай азоб чекарди... Балки, фашистлар ёш гўдакни қиймалаб, ўз асирларига едирашлари ҳам мумкин эди.

Унинг йиғиси ташқаригача эштилди шекилли, эшикни тақиллатмасдан Фридрих югириб кирди. Қараса қиз бағримда, кўзларида жиққа ёш.

—Тинчликми, ёшлар?—деб истеҳзоли кулиб қўйди. Бу ерда лавозими мендан бир поғона кичик бўлган Фридрих яқин дўстим бўлиб, ундан бошқа мен билан ҳазил-мутойибага боролмасди. Қиз Фридрихни кимгадир ўхшатди, чамамда, унга анграйиб қолди.

—Тинчлик, бирпас ёлғиз қолдир. Ҳозир чиқаман.—Фридрих эса амрингиз вожуб дегандай ҳарбий шапкасини кўтариб, тиззаларини ҳиёл букди-ю, юзида кулгу билан эшикни орқасидан ёпиб қўйди.

Чамаси, энди ўн еттини қоралаган бу беғубор қизча, бағримга бошини қўйгач ўзининг фожеавий ҳикоясини унитиб, менинг туғёнларимга жим қулоқ сола бошлаганди. У энди йиғлашдан тўхтаган, бағримда жим ҳаёл сурарди. Азранинг нафасини яқиндан ҳис қилар, унинг иссиқ тафтидан юрагим орзиқиб кетаётган эди. Бошини кўтариб менга қараркан, беихтиёр лабимиз лабимизга яқинлашди. Содда асирамдан бўса олишга чоғланганимда Азра:

—Сув. Сув олиб келолмайсизми? —Ҳафсалам пир бўлиб, ўрнимдан қўзғалдим. Столим устидан сигара ва ёндирғични олиб, ташқарига чиқдим.

Ҳовлидаги аскарлардан бирига сув олиб келишни буюрдим. Эшик ёнида мени Фридрих кутиб олди. —Чаккимас, ошна. Қайердан кун чиқибдики, бизнинг генералимиз қизларга қиё боқишни бошлаган бўлса?

—Йигитлар дарёдан олиб келишди.

—Балиқ дегин! —У шундай деб, елкамга қоқиб, кулиб юборди.

—Уч кун олдинги яҳудийлар қишлоқчаси эсингдами?—Сигара олиб ёндирарканман, — у ўша ерда яшаркан

—Жин урсин, еврей эканми?

—Ҳа. Фридрих. Мен шунча йил давомида қидирган, қалбимни туб-тубида яширинган муҳаббатни қўзғовчи гўзаллик ва нафисликни фақат унда кўрдим.

—Эсингни ебсан. Яхшиси қиладиганингни қил-да, йўқот.

—Йўқ. Азрани Гитлери тугул авлиёсига ҳам бериб қўймайман.

—Секинроқ, овсар. Гинерал бўла туриб сен шундай десанг, — у шундай деб менга бошдан оёқ сўкингандай қараб қўйди.

Қўлида челак кўтарган аскар имиллаб етиб келиб, сувни хонамга қўймоқчи бўлди. Уни ичкарига, Азрани ёнига киришга қўймадим. Челакни олиб ичкарига кирдим. Азра печ ёнидан иш столим ёнига бориб қолганди. Негадир кўзлари ола-кула, қўлларини ортга қилиб турарди. Мен секин эшикни ёпидим. У ортидан столим устида турган тўппончани чиқарди ва мени нишонга олиб тураверди.

—Эсладим, уч кун илгари сен ҳам, ўртоғинг ҳам ўша ерда эдинглар. Ҳа-ҳа, аниқ эсимда. Ваҳший аскарларни сен бошқариб тургандинг.—Қиз шундай деркан қўлидаги тўппонча ҳамон менга қадалган, асаби борган сари таранг тортилган тордай қалтирар, пешонасидан реза-реза тер оқарди.

—Азра, ўзингни қўлга ол. Илтимос, гапларимга қулоқ сол. Мен сени севаман. Тўғри, ишонмаслигинг мумкин, аммо чиндан шу орамизда ўтган бир соат менга бутун умрлик бахтни берди. Қишлоқ масаласига келсак... Конслагерда тажриба қуёнчаси бўлиб, очликдан азобланиб ўлгандан оддий ўқ зарбидан қийналмай жон бергани яхши эмасми? Ҳаёт нимагаям арзирди ўзи?—Савол устига савол ёғдириб, қизни ҳовридан туширишга урунаман. Бироқ қиз қилт этмай тураверади.

—Ҳаммамиз ҳам бир кун ўлишимиз керак. Қачонлигини эса унчалик ҳам аҳамияти йўқ.

—Тўғри айтасан, бунинг аҳамияти йўқ.—Азра қўлини секин тушира бошлагач ўзига кела бошлаганидан севиниб, у томон одимлаётган заҳотим ўқ овози чиқади.

—Лекин сен бугун ўлишинг керак! —Қиз ёнимда гапираётган бўлса ҳам овоз узоқдан эштилгандай туйилади. Ерга гурсиллаб йиқилдим, елкамдан иссиқ қон сизиб чиқаётганлигини сезаман. Атрофимни аскаркар чулғаб олади, кўз олдим хиралашиб, "қизга тегинманг" —дея хушимдан кетдим.

Бир-неча кун ўтгач ҳарбий госпитилда кўзимни очдим. Узоқ карахтликдан сўнг, Фридрихни ёнимга чақиртираман. Палатага яна ўша истеҳзо аралаш таббасум билан дўстим кириб келди.

—Хўш, ошиқ-у беқарор, тузукмисан?

—Ўлгандан баттар. Азра қани?—Унинг оғзини пойлар эканман," отиб ўлдирдим", демаслигини илтижо қилардим ҳаёлан.

—Освенсимда.

Ана холос, бу сўзни эшитдим-у, эндигина кучга кирган танамни кимдир ўласи қилиб калтаклагандай шалвираб қолдим. Шифтга термулганча яҳудий қизнинг мовий кўзлари ва тилларанг сочларини кўз олдимдан бир-бир ўтказардим...

Яҳудий қиз


Report Page