Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда алимент масаласига доир ишлар 

Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда алимент масаласига доир ишлар 

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов мавзу юзасидан маълумот берди:

Бюро органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш ҳамда фаолият самарадорлигини янада яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 10 ойи давомида жами ундирув 19,5  трлн  сўм.ни ташкил этди.

Бу  кўрсаткич  ўтган  йилнинг шу даврига  нисбатан  10,7  трлн  сўм ёки 121 фоизга ошганлиги кўрсатмоқда.

Биргина, давлат фойдасига 3,1 трлн сўм, жисмоний ва юридик шахсларга фойдасига 8,2 трлн. сўм ундирилди.

Таъкидлаш жоизки, алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бугунги куннинг долзарб йўналишлардан бири ҳисобланади.

Жамиятимизда оила қадриятларига юзаки ёндашиш, ўзаро келишмовчиликлар оқибатида оилаларнинг ажралиши ҳолатларини йилдан йилга ўсиши - ўз навбатида, алимент ундиришга доир ижро ҳужжатлари сонининг ортиб кетишига олиб келмоқда.

Жумладан, 2015 йилда алимент ва моддий таъминот ундирувлари бўйича жами 207 мингта ижро ҳужжати мавжуд бўлган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 379 мингтани ташкил этиб, кейинги 6 йил давомида иш юритувдаги алимент бўйича ҳужжатлар 83 фоизга ўсганлигини кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида Бюро иш юритувидаги жами 379 мингта алимент ва моддий таъминотга доир ижро ҳужжатларидан 78 мингдан ортиғининг ижроси амалда бажарилди.

Бугунги кунда Бюро органлари иш юритувида 300 мингдан ортиқ алимент ва моддий таъминот ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ҳар бир давлат ижрочисига ойига ўртача 110 тадан шу тоифадаги ижро ҳужжатлари тўғри келмоқда.

Ишсизлик оқибатида алимент тўловларини ўз вақтида тўламаслик ҳолатларининг олдини олиш юзасидан мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишга жойлаштириш бўйича амалий тадбир ва меҳнат ярмаркалари ташкил қилиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар ташкил этилган меҳнат ярмаркаларида 29 мингдан ортиқ фуқароларнинг иш бандлиги таъминланиб, ундирув уларнинг иш ҳақларига қаратилди.

Мисол учун, алимент ундириш ҳамда ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш бўйича Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар кесимида ташкил этилган “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент вилоятида 18 минг 525 нафар ва Тошкент шаҳрида 3 минг 423 нафар алимент тўловчилар ишга жойлаштирилди.

Бюрога келиб тушаётган ижро масаласига оид мурожаатларнинг таҳлилига кўра, қарийб 67 фоиз мурожаатлар айнан алимент масалаларига боғлиқ бўлмоқда.

Хусусан, ўтган давр мобайнида жами 138 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган бўлса, шундан 86 мингдан ортиғи бевосита алимент ундириш масалаларига тегишли мурожаатларни ташкил этди.

Алимент ундирув соҳасидаги мавжуд муаммоларга ўзгача ёндашиб, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинларининг яраштириш комиссиялари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда суҳбатлар ўтказиш натижасида оилаларни ўзаро яраштириш ҳамда ижро ҳужжатларини тамомлаш чоралари кўрилмоқда.

Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 17 минг 800 дан ортиқ ижро ҳужжатлари бўйича тарафлар ўзаро яраштирилиб, оилаларни қайта тикланишига эришилди.

Шунингдек, давлат ижрочилари учун кўпинча оғир кечиши мумкин бўлган болаларнинг оналарига олиб берилиши бўйича  1200 та ижро ишлари ижро тамомланди ва 1400 дан ортиқ фарзандларнинг оналари қарамоғига олиб берилиши таъминланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 ноябрдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан жорий йил 1 мартидан алимент мажбуриятлари бажарилишини масофавий мониторинг қилиш бўйича тизим яратиш кўзда тутилган эди.

Шунга кўра, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимига 285 минг 711 нафар алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар киритилиб, жараённи “онлайн” режимда танишиш имконияти яратилди.

Ҳозирда, алимент тўловлари бўйича ишлар ҳам электрон платформа орқали амалга оширилмоқда.

Бу жараён фуқароларимиз учун қулайлик туғдирмоқда ва ходимларнинг алимент тўлови масаласида шаффофликни оширишда ортиқча инсон омилини чеклаш ва коррупцион ҳолатларни олдини олишга хизмат қилмоқда.

Алимент тўловларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишини  назорат қилиш мақсадида “Алоқа банк” томонидан алимент олувчилар номига  банк ҳисобварағи очилиб, уларга 111 мингдан ортиқ пластик карточкалар  тарқатилди.

Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 45,3 млрд сўмлик алимент пуллари ундирилди, шундан 5,8 млрд сўмлик 44 та уй-жой ва 1,4 млрд. сўмлик 15 та транспорт воситаси алимент олувчиларга олдиндан тўлаб  берилиши таъминланди.

Ҳозирда, алимент тўловчи ва ундирувчи фуқароларимиз учун мобиль алоқа воситасидаги MIB.UZ махсус дастури орқали қарздорлик ва тўлов жараёнларини кузатиб бориши имконияти яратилган.


✔️ Ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган саволларга жавоблар:

 

🔹Савол: Ижтимоий тармоқлар орқали келган дастлабки саволда – “давлат ижрочиси агар хорижга чиқмоқчи бўлсангиз, алимент пулларини олдиндан тўлашингиз лозим” деб айтмоқда? бу қанчалик тўғри, олдин тўлаш тартиби қандай амалга ошади ?” деб мурожаат қилган:

Жавоб: Агар хорижга чиқиш имконияти туғилса, алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган тақдирда, мавжуд тақиқларнинг олинишига асос бўлади

Алиментни олдиндан тўлаш тартиби — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 06 октябрдаги 808-сонли Қарори билан белгиланган.

Унга кўра, алимент тўловчи фуқаролар - фарзандлари учун вояга етгунига қадар 5 йилдан кам бўлмаган муддатга алиментларни олдиндан тўлаши мумкин.

Олдиндан алиментларни тўлаш тўғрисидаги келишув нотариал тарзда тасдиқланиб, Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий туман-шаҳар бўлимларига тақдим этилади. Ўз навбатида Бюро давлат ижрочилари тақиқларни ечиш чорасини кўришади.


🔹Савол: Мен ҳозирда алимент пулларимни пластик карточка орқали олиб келмоқдаман, агар мен хорижга кетсам ушбу пластик карточкадан алимент пулларимни олдингидек олишим мумкинми ?  

Жавоб: янги ўрнатилган тартибга кўра, жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб, алимент тўловларини тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишини автоматик назорат қилиш мақсадида, АТ “Алоқа банк”да алимент олувчилар номига банк ҳисобварағи очилиб, уларга пластик карточкалар тарқатилмоқда.

Агар сиз ҳам алимент пулларини ушбу банк пластик карточкалари орқали олаётган бўлсангиз, пластик карточкангизни хориждаги исталган халқаро банк картасига (visacard, mastercard, в.ҳ.) мобил илова орқали интеграция қилган ҳолда алимент пулларини бемалол тасарруф этишингиз мумкин.

Қадрли юртдошлар, алимент ундирувларини таъминлаш орқали вояга етмаган шахсларнинг моддий таъминоти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Бюро органлари учун муҳим масала бўлиб қолаверади.

Алимент тўлаш ота ёки она учун жазо эмас, аксинча мажбуриятдир!

Алимент ундиришдан асосий мақсад боланинг ҳуқуқ ва манфаатлари ва моддий эҳтиёжини таъминлашдир.

Қолаверса, ундирув жараёнларида асосий эътибор оилаларни яраштиришга қаратилмоқда ва борада  барча имкониятларни татбиқ этиб борамиз.

Report Page