Водийдаги профессионал таълим муассасалари ўрганилди

Водийдаги профессионал таълим муассасалари ўрганилди

@eduuz

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона ва Андижон вилоятларидаги профессионал таълим муассасаларида бўлиб, ўқув биноси ҳамда амалиёт хоналари, шунингдек ўқув жараёнини ташкил этиш ҳолати билан танишди.

Учрашувда дастлаб, давлатимиз раҳбарининг аҳолини касб-ҳунарга тайёрлашни такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар мазмун-моҳияти тушунтирилиб, айниқса, касб-ҳунар таълимини замон талабларига мослаштириш бўйича янги тизим жорий қилиниши ҳамда профессионал таълимни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, келгуси йилдан илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақи олийгоҳ педагоглариникига тенглаштирилиши борасида тўхталинди.

Мулоқот давомида вазир ўринбосари муассаса фаолиятини ўрганиш натижалари таҳлилига тўхталиб, ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини айтди. Муаммолар ечимига тавсиялар берилиб, айримлари ислоҳ этилаётган тизим доирасида ҳал бўлиши қайд этилди.

Шунингдек, касб-ҳунар мактабининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш, унинг ташкилий-кадрлар масаласига жиддий эътибор қаратиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтирган ҳолда қўшимча даромад манбаларини топиш борасида фикр алмашилди.

Учрашув сўнгида мавжуд айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди.

Маълумот ўрнида, Фарғона ва Андижон вилоятларида бугунги кунда 144 та профессионал таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 65 та касб-ҳунар мактаби, вазирлик ва идоралар тизимидаги 38 та коллеж ҳамда олий таълим муассасаси ҳузуридаги 41 та техникум мавжуд бўлиб, уларда 282 та касб ва мутахассислик бўйича жами 84 минг 626 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Бугунги кунда вилоятдаги профессионал таълим муассасаларида жами 5 698 нафар педагог-кадрлар фаолият олиб бормоқда.


Report Page