“Vobkent textile” МЧЖ янада кенгайтирилади

“Vobkent textile” МЧЖ янада кенгайтирилади

Buxoro.uz

Тикувчилик айни кунда нафақат Вобкент тумани, балки вилоятнинг барча маҳалласида хотин-қизларга муқим иш ўринлари ва кам таъминланган оилалар учун даромад манбаини яратишнинг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу нуқтаи назардан, бугун Вобкентда бўлган вилоят ҳокими Ботир Зарипов янги лойиҳалар, жумладан, тикув цехларини кўпайтириш ва маҳсулдорликни ошириш туфайли чеварлар моддий манфаатдорлигини оширишга доир ўз тавсияларини берди.

Биргина Работохун маҳалласида ҳам бугунга келиб 381 та хонадон, 557 та оила ва уларда жами 2 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, бунда аввало эҳтиёжманд, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини, шунингдек, ёшлар ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бизнес ғояларини амалга ошириш орқали аҳолининг ишсиз қатламини даромадли қилиш, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Яқинда “Бухоро Агрокластер” пахта-тўқимачилик кластерига қарашли пахта қабул қилиш масканидаги бўш турган иншоот негизида яна бир тикув цехи фаолиятини йўлга қўйгани ҳам бир нечта эҳтиёжманд оила моддий манфаатдорлигини оширмоқда. Тикувчиларга ойлик иш ҳақи миқдори эса 1,5-2 миллион сўм атрофида таклиф қилинмоқда.

Маҳалла чевари Гулчеҳра Ражабова аввал икки йил Шофиркон туманига қатнаб, “Amirtex” фабрикасида уста чевар вазифасида ишлаган, эндиликда эса унинг ташаббуси билан ташкил қилинган цех учун 60 та замонавий тикув машинаси ва зарур ускуналар харид қилиниб, кичик корхонада 50 нафар қишлоқ аёлининг бандлигини таъминлаш, барқарор ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Бунда ишлашга келган аёллар дастлаб туман мономарказида касб-ҳунарга ўқитилиб, сертификат ва муқим иш ўрнига эга бўлишмоқда. Ҳозирда цехда трикотаж маҳсулотлари, футболкалар, буюртма асосида аёллар кийим-кечаги тикиб тайёрлаб берилмоқда.

— Ўзим Кумушкент маҳалласиданман, бу корхонага ишга кирганимга уч ҳафта бўляпти,— дейди нафақада бўлишига қарамай, астойдил тикувчиликка ҳавас қилиб, даромадли бўлишга интилаётган Матлуба Жамилова. — Тўрт фарзандим бор, албатта, улар орзу-ҳаваси учун меҳнат қилишимиз керак. Ҳозирда “Устоз-шогирд” йўналишида иш ўрганяпман. Бу ердаги шарт-шароит бизга манзур. Кунлик бажараётган ишимизга қараб иш ҳақи оламиз.

Кичик корхона раҳбари Гулчеҳра Ражабованинг айтишича, эришилаётган даромад ҳисобидан цехни кенгайтириш мақсадида яна 10 та тикув машинаси билан жиҳозлаш ва бунда меҳнат қилаётган жамоа сонини 80 нафарга етказиш чоралари кўрилмоқда. Айни кунда талабгор ҳаваскорлар орасидан бўлғуси чевар тикувчилар мономарказда ўқитилмоқда. Уларга ўқиш даврида ҳам стипендия тайинланган.

Ботир Зарипов мазкур тикув цехида бўлиб, бунда тикувчи-чеварлар учун яратилган меҳнат шароитлари билан танишди. Якунда туман масъулларига тадбиркор аёл бизнес лойиҳасини ривожлантиришга доир топшириқлар берилди.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page