Вобкент: моҳир чопондўз чевар Дилбар Тешаева ҳамда миллиондан ортиқ сават тўқиган Наим Идиев ҳақида эшитганмисиз?

Вобкент: моҳир чопондўз чевар Дилбар Тешаева ҳамда миллиондан ортиқ сават тўқиган Наим Идиев ҳақида эшитганмисиз?

Buxoro.uz


Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Одамлар меҳнат қилиб, ўз пешона тери эвазига бой бўлиши ва ҳеч кимдан кам бўлмаган яхши ҳаёт кечириши учун нимаики зарур бўлса, барча шарт-шароитни яратишимиз лозим”, деган сўзларини телевидение орқали эшитиб, кўриб, ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган она юртида бой-бадавлат, бахтли-саодатли ва осуда ҳаёт кечиришга ҳақли эканига, иш излаб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлмаслиги кераклигига яна бир бор амин бўлдим — бу Вобкент тумани Шоҳнигор қишлоғида яшовчи моҳир тикувчи Дилбар Тешаеванинг дил сўзлари.

Бинобарин, бугун мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини оширишда муҳим қадамлар қўйилмоқдаки, бу халқ хўжалигининг ҳар бир жабҳасини ривожлантиришда ўз самарасини бермоқда. Хотин-қизлар ва ёшлар ишбилармонлиги муҳитини яхшилаш йўлидаги ислоҳотлар тадбиркорликни ривожлантириш, ишсиз аёлларни касб-ҳунарга йўналтириш, ташаббусларни қўлаб-қувватлаш орқали бизнесни кенгайтириш билан боғлиқ барча жараённи соддалаштириш, молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда имконият яратиб беришга қаратилган.

Юртимизда халқ амалий санъати турлари ичида қадим бир ҳунар борки, бу ҳам бўлса, каштадўзлик, сўзанадўзлик, қуроқчилик, зардўзлик билан бирга шу кунга қадар етиб келган чопондўзлик санъатидир. Бу маҳорат ва чеварлик албатта, халқимизнинг азалдан миллий кўринишдаги одми кийинишида, халқнинг оддий турмушидан тортиб, бой-амалдор ёки амир саройидаги алоҳида табақага мансуб зодагонларнинг зардўзи тўнларида ўз аксини топган. Қувонарлиси, бугунгача ана шу чопондўзлик санъати қишлоқ жойларида ҳам Дилбар Тешаева сингари чеварлар қўлида сайқал топиб келаётганидир.

Тикувчи аёл томонидан ҳар ойда қўл кучи билан, игна-қатимда 6-8 тагача бежирим чопон тикиб тайёрланаётгани, маҳалладан тушаётган буюртмалардан орттириб бу тўнларни бозорга олиб чиқиб сотилаётгани ҳунарманд аёл ва унинг шогирдлари уддабурролиги маҳсули десак, муболаға эмас. Қўли қадоқ чеварларимиз ўзлари тикиб сотаётган маҳсулотидан орттирган даромади эвазига кейинги тўнлар учун зарур мато, пахта ва бошқа зарур ашёларни заҳира қилишга одатланишган.

— Узоқ ўтган кунларимни эсласам, юрагим ўртаниб, бағрим эзилиб кетаверади. Негаки айнан шу чопондўзлик ҳунари онамиз, бувиларимизни уруш пайтларида оғир турмуш қийинчиликларидан, очарчиликлардан омон олиб чиққан, — дейди Дилбар Тешаева. — Бой бўлмасак-да, ота-онамиз ҳалол меҳнат билан бизни боққан, едириб ичирган. Ўзим шу ҳунар билан шуғулланаётганимга ўттиз йилдан ошибди. Ҳозирда қаватимиздан етишиб чиқаётган шогирдимиз ҳам 15 нафарга етибди. Гарчи бугун давр, урф бошқалигига қарамасдан, бозорда чопон растасида савдо ёмонмас, айниқса, тўйлар мавсумида. Шу кунларда уйда ўтириб, шогирдларим билан гурунглашиб, ҳар бир тикиб чиқарган тўнимдан ўртача 100 минг сўм фойда олаётганим ҳам бунга мисол.

Дилбар чеварнинг таъбири билан айтганда, аслида ҳам, аёлнинг қадами теккан саҳро бўстонга, қўли теккан тикан гулга айланиши таъриф-тавсиф қилинишида ҳам ҳикмат бор. Юрагида минг бир эзгу ният билан фаолият юритаётган моҳир ҳунарманднинг неки, орзу-мақсади бўлса, ўзига хос машаққатли меҳнати ортидан эришиб келаётгани ҳам бошқаларга яққол ибрат.

Чопондўзлик каби халқимиз ичида азалдан мавжуд бўлган яна бир ноёб ҳунар тури бу сават тўқиш санъатидир. Ота-боболаримиз қадимдан томорқа ва ҳовли-жой атрофларини шох-шаббалардан қилинган махсус тўсиқ—тўрлар билан ўраб, шунинг баробарида уй-рўзғор учун зарур идиш, сақлаш ёки ташиш буюми сифатида ҳар хил дарахт новдаларидан турли-туман саватлар тўқишгани ҳам яхши маълум. 

Қизиғи, шаклу шамойили, ҳажми ва ишлатиш жойига қараб саватлар турлича номлар билан аталган. Масалан, кажава сават, нон сават, элама сават, қошиқдон сават, гулдор сават, дастурхон сават, тўр сават, узум сават, босма сават ва ҳатто бозори саватлар. Бугунга келиб ҳам кимнингдир назарида эскирган мазкур ҳунарни эъзозлаб келаётган оилалардан бири "Шоҳнигор" маҳалла фуқаролар йиғини, Работишайх қишлоғида истиқомат қилаётган Наим Идиев сулоласидир. Бу ҳунарманд ўз пайтида отаси Ражаб бобо Идиевдан сават тўқиш сирини пухта ўзлаштирган.

— Сават тўқишни олдин шунчаки қизиқиш учун ўрганган бўлсам, мана, 15 йилдан ошибдики, бу ишни касб-коримга айлантирганман, — дейди моҳир ҳунарманд Наим Идиев. — Дастлаб тирикчилик учун шуғулланган бўлсам, кейинчалик юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга бўлган эътибор ва берилаётган имтиёзлар иш кўламини ва табиийки, даромадни оширишга рағбат уйғотди. Ҳозирда кўпроқ буюртма асосида маҳсулот ишлаб чиқариб, моддий манфаатдорлигимизни ҳам оширяпмиз.

Ҳунарманднинг айтишича, саватлар деворгул ва яна тут ва тол дарахти новдаларидан, пишиқ хивчинидан тўқилади. Битта сават тайёрлаш учун икки соат вақт тақозо қилинади. Астойдил қунт қилган одам бу ҳунарни уч-тўрт кунда ҳам ўрганиб олиши мумкин экан. Устанинг эса шогирдлари маҳорат сабоғида, қўл ҳаракати ва тўқиш “техникаси”га қараб, зеҳн солиб ўрганишмоқда.

Шу маҳалладаги ёшлар етакчиси Акмал Аҳмадов бошчилигида бир гуруҳ ёшлар ҳам айни кунларда ҳунарманднинг хонадонига тез-тез қатнаб, сават тўқиш ҳунарини пухта эгаллашга жазм этишган. Наим Идиев эса улар хоҳиш-истагини бажонидил қабул қилиб, ўз ҳунарини астойдил ўргатишга киришган. Ҳолбуки, ҳозирга қадар миллиондан ортиқ сават тўқиган устанинг бундан димоғи чоғ.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 

Report Page