Вобкент: хонадон бройлер жўжа боқишдан 40 кунда 16 миллион сўм фойда олди

Вобкент: хонадон бройлер жўжа боқишдан 40 кунда 16 миллион сўм фойда олди

Buxoro.uz

Тажрибада синаб, ҳисоб-китоб қилинса, қарийб икки ойда битта бройлер жўжа боқиш учун ўртача 35 минг сўм харажат қилинар экан. Ҳар бир жўжа 1,5 килограм гўшт қилса, камида 65 минг сўм фойда олинади. Бу дегани, 1 минг бош жўжа парваришидан якунда рўзғорга 55 миллион сўм даромад олиб кириш мумкин. Айни кунда Бешрабод маҳалласида ҳам аҳолининг паррвандачиликка қизиқиши кучаймоқда. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида бройлер жўжа етиштираётган хўжаликлардан бири Инобат Қурбонова оиласидир. 

— Ўтган йили туман ҳокимлиги кўмаги билан “Халқ банки”дан 32 миллион сўм кредит маблағини расмийлаштириб олиб, 1 минг бош бройлер жўжа харид қилиб, иш бошлаганмиз, — дейди хонадон соҳибаси, тадбиркор Инобат Қурбонова. — Биринчи уринишда бундан 60 миллион сўм атрофида даромад қилдик. Бугунга келиб товуқхонамизни жиҳозлаб, бройлер жўжа сонини 1800 бошга етказганмиз. Оила аъзоларимиз, фарзандлар билан бирга шу иш билан бандмиз. Албатта, бундан яна 12 миллион сўмга етказиб фойда олишни кўзлаяпмиз.

Туман ҳокими Фарҳод Умаров бошлиқ мутасаддилар, маҳалла фаоллари бу хонадонда бўлишиб, паррандачилик меҳнати ва ундан келаётган даромад билан қизиқдилар. Оила аъзолари билан суҳбатлашиб, уй-рўзғор шароитида яхши даромад топиш имкониятларини ўргандилар. Хонадонларда йил давомида 3-4 мартагача гўшт йўналишида бройлер жўжа боқишни оммалаштириш чора-тадбири белгиланди.    

Статистик маълумотларга назар солсак, ҳозирда туманда аҳоли хонадонларидан ташқари, паррандачилик билан машғул хўжалик сони 6 тага етган. Уларда боқилаётган парранда сони эса 95 минг бошни ташкил этмоқда. Жумладан, тармоқда ўтган йиллардан фаолият юритиб келаётган масъулияти чекланган жамияти сифатида “Biloniy Invest”, “Chicken Gold Vobkent” корхоналарини келтириш мумкин. Бунда туман инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастурига асосан, икки субъект учун умумий қиймати 3 миллиард сўмга тенг сармоя тикилмоқда. Бунинг натижасида икки паррандачилик фермасида 10 кишининг доимий бандлиги таъминланмоқда.

Шунингдек, туманда "Umid oil Vobkent parranda" МЧЖ томонидан ҳам аҳоли дастурхонини тухум ва парҳезбоп гўшт билан таъминлашда катта тажриба тўпланган. Йил ўтган сайин бу субъект товуқхонасида парваришланаётган парранда сони ўсиб, корхона туфайли эндиликда Ҳажувон маҳалласида бройлер йўналишидаги жўжа боқиш, ҳалол меҳнати орқасидан ҳар 40-45 кунда мўмай даромадга эга бўлиш ҳаракатидаги хонадонлар сафи кенгаймоқда. Ички имкониятларни кенгайтириш ҳисобидан эса корхона маъмурияти келгуси ойларда яна иккита павильон барпо этиб, парранда боқиш ва бройлер гўшт етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш ҳаракатида.

— Майдони 80 сотихни эгаллаган паррандачилик корхонамизда ўтган йили 2 та павильон қуриб, бунда жами 20 минг 500 бошгача бройлер йўналишидаги жўжа боқилмоқда, — дейди "Umid oil Vobkent parranda" МЧЖ раиси Миршод Ўринов. — Бунинг учун “Микрокредитбанк”нинг туман филиали билан ҳамкорликда 1 миллиард 500 миллион сўм кредит маблағини расмийлаштириб олиб, бройлер жўжа ва уларнинг озиқ–овқат маҳсулотларини харид қилганмиз. Ҳозирда жўжаларнинг ҳаво ҳарорати ва намлиги мақбул меъёрда сақланиб, сув ва озуқа билан автоматик таъминлаш механизмини қўлламоқдамиз. Натижада, жамоамиз билан йилига 100 минг бошгача экология ва санитария талабларига жавоб берадиган товуқ парваришлаш имкониятига эгамиз.

Ихтисослаштирилган хўжаликлар билан бирга туманда аҳоли хонадонларида айнан товуқ, курка, ўрдак, ғоз, бедана парваришлашга қизиқиш кучайиб бораётганини "Ниёзхўжа" МФЙ Қорёғди қишлоғида яшовчи Алишер Ниёзов хонадони мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу оила даромад топиш учун 7 йилдан буён паррандачилик билан шуғулланиб келади. Ўтган йили хонадон соҳиби имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан товуқлар сонини кўпайтирган. Бугунга келиб эса бунда 120 бош товуқ парваришланяпти. Бу дегани, ҳар куни 80-90 дона атрофида тухум олинаётгани рўзғор кам-кўстини қопламоқда. Парранда учун кундалик зарур озуқаси ҳам шу ҳовли этагидаги 8 сотихли экин еридан чиқяпти. Унда маккажўхори, тариқ, шунингдек, карам, сабзи ва бошқа сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Мухтасар айтганда, халқимизнинг “Парранда – етти хазинанинг бири” дегани шу бўлса керак.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 

Report Page