Вобкент: “Томорқа — оиламиз учун битмас-туганмас хазина ва даромад манбаи!

Вобкент: “Томорқа — оиламиз учун битмас-туганмас хазина ва даромад манбаи!

Buxoro.uz

Сўнгги икки йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида қайта чирой очган, ҳудудда кенг кўламдаги қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилган "Шоҳнигор" маҳалласи туман марказидан 13 километр узоқликда бўлиб, бугунга келиб унда жами 970 тага яқин аҳоли хонадони, 584 та оила ва уларда 2 минг 200 нафарга яқин аҳоли умргузаронлик қилмоқда.  

Дала-деҳқончилик ишларида, томорқа меҳнатида ҳам миришкор бўлган шоҳнигорликлар  хонадони ва улар ихтиёридаги жами 87 гектардан иборат томорқа ери, қолаверса, унда барпо қилинган иссиқхона хўжаликларида исталган фасл ёки мавсумда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сабзавот-полиз ҳосили етиштирилаётганини кўриш мумкин.

Шу кунларда ҳам бундаги иссиқхона хўжаликларида ёки очиқ майдонда “дуга”ли сим тортиб, плёнка остида  картошка, сабзи, помидор, бодринг, кўкатлардан тортиб, сабзи, бақлажон ва бошқа маҳсулотларгача пешма-пеш етиштирилиб, рўзғор эҳтиёжи учун жамғарилмоқда. Аксарияти 2-4 сотихдан иссиқхонасига эга қишлоқ хонадонларида эрта баҳордан қўни-қўшни томорқаси учун помидор, булғор қалампири, бақлажон ва бошқа экинлар кўчатларини ҳам етиштириш одатга айланган. Албатта, бу ҳам қўшимча даромад.

Туман иккинчи секторидаги мазкур маҳаллада мавжуд ҳар қарич томорқа ери даромад манбаи сифатида алоҳида қадр-қимматга эга. Нега деганда, томорқа ери ёхуд ундаги иссиқхона вақт ўтиши билан барқарор даромад манбаига айланиши мумкин. Айтиш жоизки, ўтган йили ҳудудда ижтимоий муҳофазага олинган 621 та даромади етарли бўлмаган  оиладан 589 тасининг моддий шароити уларни иш билан банд қилиш, такрорий экин учун ер майдонлари бериш, имтиёзли кредит маблағи ажратиш ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш ҳисобидан яхшиланганлиги сабабли халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорлари билан “Темир дафтар”даги рўйхатдан чиқарилган.

Ҳудудда намунали томорқа ер эгаларидан бири Усмон Ражабов ҳам оила аъзолари билан кўп йилдирки, томорқасида тер тўкиб, мўл-кўл ҳосил олишнинг уддасидан чиқмоқда. Унумдор ерда ҳаракат қилиб, уруғ сепган ва кўзлаган ҳосилни олишига астойдил ишонган хонадон соҳиби тижорат банкидан 220 миллион сўм имтиёзли кредит сармоясини расмийлаштириб олиб, ўз томорқасида иссиқхона барпо этиб, унда фарзандлари кўмагида пешма-пеш ҳосил етиштириб келмоқда. 

Қиш-қировли кунларда ҳам миришкор оила 60 сотихдан иборат иссиқхонасида помидор ва булғор қалампири парваришини агротехник талаблар асосида олиб бориб, қўни-қўшниларидан 10 нафарини иш билан банд қилган. Бу орқали тадбиркор ўз оиласи даромадини ошириш баробарида қўли остидагилар моддий манфаатдорлигини таъминлаб,  пишиб етилаётган сабзавот маҳсулотларини бозорга ҳам йўналтирмоқда.

— Томорқада қилинган меҳнат оила рўзғорини гуллаб-яшнатади, муҳими, “қора қозон” қайнаши учун нимаики маҳсулот зарур бўлса, аксарини шу томорқада етиштириш мумкин. Иссиқхонамизда помидорнинг "чинто", "адриатика" ва "аламина" навларидан, бодрингни эса "пантино" нави билан бирга булғор қалампирининг ҳам бир неча сара навларидан 20 минг тупгача парваришлаб, элимиз дастурхонига сифатли ва арзон сабзавот маҳсулоти етиштираяпмиз. Яхши биламизки, деҳқончилик машаққат дегани. Шу боис, иссиқхона хўжалигини дастлаб бир сотихдан бошлаб, секин-аста кенгайтириб бориб, шунга яраша меҳнат қилиб, рўзғордан орттирган маҳсулотимизни маҳалладошлар дастурхонига ҳам етказиб бериб, қўшимча даромадни қўлга кирита бошлаганмиз, — дейди бугун ҳам деҳқон, ҳам тадбиркорга айланган Усмон Ражабов. — Ҳозирда томорқамиз ва даламизда умумий ҳисобда иссиқхонамизни 60 сотихга етказган бўлсак, бунда мавсумга қараб эртанги картошка, пиёз, бодринг кўкатлар билан бирга помидор ва булғор қалампирлари экиб етиштириб келмоқдамиз. Якунига етган йилни олсак, кеч кузда булғор қалампирларидан 80 миллион сўм, 5 сотих ер майдонида етиштирилган помидор ҳосилидан 50 миллион сўм даромад олишга муваффақ бўлдик. Умуман, бир йиллик меҳнатимиз маҳсулини ҳисоб-китоб қилсак,  250 миллион сўм атрофида фойдага эришибмиз.  

Хўжаликда етиштирилган булғор қалампири ва помидор ҳосили ҳар килограми 35 минг сўмдан иссиқхонадан сотилмоқда. Бундан эса миришкорлар кўнгли хотиржам, қўллари эса меҳнатда, келгуси ҳосилга замин тайёрлаш билан банд улар. Муҳими, бир оила шарофатидан ўнга яқин оила ва қолаверса, маҳалладошлар дастурхони тўкин бўлиб бормоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати  

Report Page