Вобкент: Работохун маҳалласида "Vobkent tekstil" МЧЖ ривожланмоқда

Вобкент: Работохун маҳалласида "Vobkent tekstil" МЧЖ ривожланмоқда

Buxoro.uz

Туманнинг барча маҳалласида хотин-қизларга даромадли иш ўринлари ва кам таъминланган оилалар учун даромад манбаини яратиш мақсадида қатор янги лойиҳалар, жумладан, тикув цехлари ташкил этилаётгани яхши натижа бермоқда.

Биргина Работохун маҳалласида ҳам бугунга келиб 381 та хонадон, 557 та оила ва уларда жами 2 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, бунда аввало эҳтиёжманд, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини, шунингдек, ёшлар ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бизнес ғояларини амалга ошириш орқали аҳолининг ишсиз қатламини даромадли қилиш, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Яқинда туман 2-сектори ҳудудидаги Работохун маҳалласида яна бир тикув цехи фаолиятини йўлга қўйгани ҳам бир нечта эҳтиёжманд оила моддий манфаатдорлигини оширмоқда. Тикувчиларга ойлик иш ҳақи миқдори эса 1,5-2 миллион сўм атрофида таклиф қилинмоқда.

Маҳалла чевари Гулчеҳра Ражабова ташаббуси билан ташкил қилинган цех учун 60 та замонавий тикув машинаси ва зарур ускуналар харид қилиниб, кичик корхонада 50 нафар қишлоқ аёлининг бандлигини таъминлаш, барқарор ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Бунда ишлашга келган аёллар дастлаб туман мономарказида касб-ҳунарга ўқитилиб, сертификат ва муқим иш ўрнига эга бўлишмоқда. Ҳозирда цехда трикотаж маҳсулотлари, футболкалар, буюртма асосида аёллар кийим-кечаги тикиб тайёрлаб берилмоқда.  

Кичик корхона раҳбарининг айтишича, эришилаётган даромад ҳисобидан цехни кенгайтириш мақсадида яна 10 та тикув машинаси билан жиҳозлаш ва бунда меҳнат қилаётган жамоа сонини 80 нафарга етказиш чоралари кўрилмоқда. Айни кунда талабгор ҳаваскорлар орасидан бўлғуси чевар тикувчилар мономарказда ўқитилмоқда. Уларга ўқиш даврида ҳам стипендия тайинланган.

Туман ҳокими Фарҳод Умаров ва сектор раҳбарлари Работохундаги тикув цехида бўлишиб, тикувчилар учун яратилган меҳнат шароитлари билан танишиб, тадбиркор аёл бизнес лойиҳасини ривожлантиришга доир тавсияларини ишлаб чиқдилар.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page