Вобкент: Низом Ҳусниддинов органик ўғит—биогомус майдонини кенгайтирмоқда

Вобкент: Низом Ҳусниддинов органик ўғит—биогомус майдонини кенгайтирмоқда


Қишлоқ хўжалигида маҳсулдорликни оширишда органик ўғитлардан кенг фойдаланилади. Шундай фойдали воситалардан бири биогомус, гўнгдан тайёрланган сифатли табиий ўғит бўлиб, аграр мажмуа таркибидаги барча қишлоқ хўжалик экинларида қўллаш мумкин. Унинг таркибида 50 фоизгача қуруқ органик масса, 10-12 фоиз гомус, 0,8 фоизгача миқдорида азот, 5 фоиз фосфор, 9 фоизгача калий, 5-8 фоиз кальций ва бошқа микроэлементлар мавжуд.

Диёр маҳалласида истиқомат қилаётган миришкорлардан бири Низом Ҳусниддинов ҳам ташландиқ ётган чоғроқ ерни тасарруфига олиб, унда айнан биогомус тайёрлашга киришган. Эрта баҳорги ёғингарчиликлар туфайли тупроқ остидаги ҳашарот ва чувалчанглар органик массаларга ўрмалашиб, ер юзасига чиқади. Тадбиркор ўзи тайёрлаган ерда ёмғир чувалчанги учун махсус сув сепиш мосламаларини ўрнатиб, ўғитдаги намликни барқарор сақлаган ҳолда чувалчангларни кўпайтириб, органик ўғит тайёрламоқда.  

Маълумотларга биноан, заминимизда чувалчангнинг 4 турини учратиш мумкин. Аммо улардан фақат бир неча туригина биогомус учун яроқли ҳисобланади. Чувалчанглар кўп уруғ ҳосил қилади. “Қизил Калифорния чувалчанги” маҳаллий “ёввойи” чувалчангга нисбатан жуда фаол ва серпуштдир. Агар унинг озуқаси етарли бўлса, “уйи”ни тарк этиб кетмайди. Узунлиги 99 миллиметргача, тана диаметри 3-5 миллиметр бўлиб, қулай шароитда ҳар 7 кунда уруғлайди.

—Дастлаб атиги 3 квадрат метр ҳажмда олиб келинган “Калифорния қизил ёмғир чувалчанглари”ни ташландиқ ерни тайёрлаб, 24 квадрат метр жойга биогомус ўғит-маҳсулотини етиштириш учун ёйиб чиқиб, қаровини олиб бордик,—дейди Низом Ҳусниддинов.—Бунинг учун 4,5 миллион сўм сармоя сарфланди. Уч нафар мавсумий ишчи ўрни яратиб, 8 ой мобайнида 62 миллион сўм даромад олишга муваффақ бўлдик. Бугунга келиб биогомус ишлаб чиқариш майдонини 50 сотихга етказганмиз. Жорий йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги деҳқончилиги учун 100 миллион сўм соф фойда олишни мақсад қилганмиз.

Органик биогомус тайёрлашни барқарор изга солаётган тадбиркор Низом Ҳусниддинов эндиликда ўз томорқасида фаолиятни кенгайтириб, 10 нафар доимий ишчи ўрни яратишни ният қилган. Шу мақсадда у ижтимоий тармоқда органик модда тайёрлаш услуби ва тадбиркорлик фаолиятини ёритувчи телеграмм каналини ташкил этиб, мазкур канал орқали ҳозирда бошқа маҳалла ва қишлоқлардаги томорқа хўжаликларига ҳам сифатли биогомус маҳсулотини етказиб беришни йўлга қўймоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page