Вобкент: Мавлуда Ҳикматова иссиқхонасида бодринг ва лимон гуллади

Вобкент: Мавлуда Ҳикматова иссиқхонасида бодринг ва лимон гуллади


Томорқачиликда вилоятга намуна қилиб кўрсатса арзийдиган "Шакаркент" маҳалла фуқаролар йиғинида бугунга келиб 1 минг 75 та хонадон, 2 минг 300 га яқин оила ва жами 4 минг 500 дан ошиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, “Бир қишлоқ — бир маҳсулот” тамойили асосида ундаги ўнлаб томорқа ва иссиқхона хўжаликларида исталган фасл ва мавсумда ҳосил етиштирилаётганини кўриш мумкин.

Чоғроққина экин еридан йилда уч мартагача ҳосил олиш ҳадисини ўзлаштирган миришкор оилалар кўп. Помидор, бодринг, картошка, пиёз, карам, ошқовоқ ва бошқа сабзавот маҳсулотлари, тўқсонбости экинлар, қолаверса, ҳатто қишки мавсумда ҳам исмалоқ, кўкат етиштириб мўмай фойда олиш, айниқса, эрта баҳордан аҳоли томорқалари учун иссиқхоналарда кўчат етиштириб сотиш кенг урфга айланган. Бундай кезда шакаркентликларнинг ярмидан кўпи помидор, булғор қалампири, карам, бақлажон, қулупнай каби маҳсулот кўчатларини тайёрлаб, етиштириб чиқармоқда. Кўп йилдирки, бу ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқлар миришкорлари нафақат ўзларида, балки қўшни туманлардан келадиган харидорларга ҳам сабзавот маҳсулотларини сотиб, меҳнатларига яраша фойда кўришмоқда.

Шундайлардан бири шакаркентлик Мавлуда Ҳикматовадир. Хонадон бекаси турмуш ўртоғи ва ўғли, келини билан биргаликда ҳовлидаги томорқа ерининг 4 сотих қисмида икки қаватли плёнкадан “ваакум” услубида иссиқхона қуриб, бир неча йилдирки, унда помидор, бодринг, пиёз, картошка ва кеч кузга бориб турли кўкатлар ва исмалоқ билан бирга ошқовоқ экиб етиштириб келади. Қишда ҳам иссиқхонани бўш қолдирмаган оила миришкорлари сабзавот кўчатларини етиштириб сотиб, даромад қилишнинг уддасидан чиқмоқда. Дарвоза олдидаги чоғроқ ерда барпо қилинган 1 сотихли иссиқхонада эса 20 тупга яқин лимон бутаси яшнаб турибди.

—Эрта баҳорда 4 сотих иссиқхонамизда жўяк тортиб, қишда “воронка” услубида, уруғдан экиб етиштирган 2 хилдаги, “Рекорд” ва “Орзу” навли бодрингдан минг тупга яқинини кўчириб ўтқазиб парваришлаяпмиз,—дейди Мавлуда Ҳикматова.—Ҳозирда ер чопиш, бегона ўтдан тозалаш, дармондорисини бериб суғориш, бўй чўзган ниҳолларни ипга тортиб саралаш ишларини бажариб, бу ердан 3 тоннага етказиб ҳосил олиш ҳаракатидамиз. Ёз фасли ўрталарида бодрингни саранжомлаб олиб, ерни обдон тайёрлаймиз. Август ойига бориб булғор қалампири, қовун-тарвуз етиштиришга тушамиз.

Оиланинг бир йиллик мавсумдаги деҳқончиликдан топаётган даромади 100 миллион сўмдан ошади. Иккинчи ҳосилга сабзавотдан баракали ҳосил етиштирилса, ундан кейин “тўқсонбости” услубида экиладиган кўкатлар ҳам хонадонга қўшимча даромад дегани. Қолаверса, шу кунларда мўъжаз иссиқхонада сара ҳосилдан нишона сифатида лимон буталари ҳам гулга кирган. Бу йилги кутилаётган цитрус мева салмоғи ҳам 300 килограмдан кам эмас. Бунинг замирида эса оила миришкорларининг пешона тери, машаққатли меҳнати ётибди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page