Вобкент: Латифсобунгарда Иззатулло Зиёдуллаев томорқачилиги кўпларга ибрат

Вобкент: Латифсобунгарда Иззатулло Зиёдуллаев томорқачилиги кўпларга ибрат


Вобкент тумани "Латифсобунгар" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлсангиз, албатта қишлоқда меҳнатни яратиш ва яшнатишдан иборат деб билган маҳнаткаш ва ғайратли одамларнинг йил бўйи тинмасдан сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштирадиган  томарқаларига бир марта назар солинг. Улар шунчаки тер тўкаётганлари йўқ, балки рўзғорларини бут, дастурхонларини сероб қилиш учун ростманасига ишламоқдалар.

Бу қишлоқда ердан унумли фойдаланаётган хонадон—деҳқончиликни пухта эгаллаган Иззатулла Зиёдуллаев бошлиқ оила аъзолари меҳнатига назар солсак. Айни пайтда оиланинг ичкари ҳовлисида 2 сотих иссиқхонаси ва ташқарида яна 2 сотих экин ери бўлиб, ҳар йили улардан 3 мартагача помидор, бодринг, турли кўкатлар, ловия, қизил лавлаги, етиштириб олинмоқда. Томорқа атрофидаги ўн тупдан ошиқ мевали дарахт ҳосилидан хонадон аҳли баҳраманд бўлмоқда. Ҳадемай, гилос ва ўрик мевалари саранжомланиб, шарбат ва мурабболар ёпиб тайёрланади. Бир томонда эса ҳовлига кўрк бағишлаб, сара навлардан барпо қилинган токзор бу йил шиғил ҳосил тугмоқда.    

Эрта баҳордан иссиқхонанинг 2 сотих ерида 450 туп “аламина” навигша мансуб  помидор кўчати парваришланмоқда. Ҳозирда ғарқ пишиб етилаётган помидор ҳосили билан бирга очиқ майдондаги 3 сотих ерда тайёр бўлган ошқовоқдан баракали ҳосил олинмоқда. 

—Шу йил февраль ойидан экин ерини тайёрлаб, экин-тикин ишларига киришганмиз. Иссиқхонамизда бодринг етиштириб, биринчи марта бозорга чиқариб сотишга эришдик,—дейди серғайрат отахон Иззатулла Зиёдуллаев.—Қовоқдан яхши ҳосил кўтардик. Яна баҳорни илк ойида плёнка остида ўзимиз етиштирган помидор кўчатларини бозорга чиқариб, аҳолига сотганимизни айтмасак бўлмас. Очиқ майдондаги томарқамизда ҳам помидор етиштиряпмиз. Насиб бўлса, бир ойда ҳосилини териб оламиз. Мақсадимиз экин еридан мўл ҳосил етиштириб, аввало рўзғоримиз, қолаверса, қишлоқдошларимиз дастурхонини сероб қилишдир.

Дарҳақиқат, оила соҳиби Иззатулла Зиёдуллаевга бугун умр йўлдоши ва фарзандлари, ҳатто набиралари доимий кўмакдош. Улар қайси касб-корда бўлишмасин, албатта, томорқада ишлаб, сабзавот маҳсулотлари етиштиришга вақт топишади. Шу боис, оила аъзолари томорқа ери ва иссиқхонадан йилига 3 мартагача баракали ҳосил олиш ҳаракатидалар. Қолаверса. бу хонадонда соғин сигир, бузоқ ва новвос ҳам боқилаётгани рўзғор бутлиги, дастурхон тўкинлигига хизмат қилмоқда.  

 —Йиғинимизда Иззатулла Зиёдуллаев сингари тадбиркор ва тиниб-тинчимас оила етакчилари талайгина. Бугун улар сингари меҳнаткашлар саъй-ҳаракати билан ўнлаб оилаларда сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш, рўзғор эҳтиёжини қондириш, томорқачилик маданияти шаклланмоқда. Ўз навбатида, томорқа даромад манбаи деган оддий ҳаётий тамойилни илгари сурган ҳолда биз улар фаолиятини кенг оммалаштиришга ҳаракат қилмоқдамиз,—дейди маҳалла раиси Аҳмад Шоназаров.—Зеро, хонадон қут-баракаси меҳнатдан, тинлик-тотувлиги ҳалол меҳнатдан келадиган даромад туфайлидир.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page