Вобкент: “Бозоржойи” да Феруз Мавлонов бройлер жўжасини 3 минг бошга етказди

Вобкент: “Бозоржойи” да Феруз Мавлонов бройлер жўжасини 3 минг бошга етказди

Buxoro.uz

Чорбоғинав, Бозоржойи ва Оталиқ қишлоқларини ўзида бирлаштирган “Бозоржойи” МФЙ да бугунга келиб 626 та хонадон, 679 та оила ва уларда жами 2 минг 700 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, ўтган 2023 йил даврида уйма-уй юриб ўрганишлардан сўнг 61 нафар аёл “Аёллар дафтари” га, 47 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари” га ва 4 нафар фуқаро “Темир дафтар” га киритилган.

Шунингдек, ҳудудда 3 та боқувчисини йўқотган, қолаверса, 172 нафар қийин аҳволдаги оилалардан иш излаётган меҳнатга лаёқатли фуқаро бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Асосийси, ўтган йили туман тижорат банклари билан ҳамкорликда ҳудуддаги ёрдамга муҳтож 90 дан зиёд фуқарога тавсиянома асосида, умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағи расмийлаштириб берилгани улар бандлигини таъминлаб, моддий аҳволини яхшилашга хизмат қилмоқда. Мазкур сармоя чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик, пазандачилик каби 7 та йўналишда ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганларга асосан 33 миллион сўм атрофида берилган.

Жумладан, 22 нафар фуқаро ўз томорқасида 1 сотихдан 4 сотихгача иссиқхона барпо этиш, 15 нафар фуқаро паррандачиликни ривожлантириш, 14 нафар хотин-қиз чеварлик-тикувчиликда, 4 нафар фуқаро маиший хизмат, миллий ширинликлар ва пазандалик йўналишида иш бошлашган бўлса, яна 20 нафар меҳнатга лаёқатли ёшга ўз истагига кўра мотокультиватор, пайвандлаш, дурадгорлик ускунаси ва шу каби меҳнат қуроллари олиб берилган. Худди шундай, ҳудудда тавсиянома асосидаги 33 миллион сўм кредит маблағини олиб, сунъий ҳавза очиб, балиқчиликка қўл урганлар ҳам бор.

Худди шундай, кейинги икки йилда биргина бройлер жўжа парваришидан баракали маҳсулот етиштираётган оилалар қаторида бозоржойилик ўндан ортиқ оилани санаш мумкин. Жумладан, Рустам Ражабов ва Ғолиб Мавлоновлар, Барчиной Бароитова ҳам ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида ўтган йилларда “Агробанк” туман филиалидан имтиёзли кредит маблағини олиб, иш бошлашган.

Шунингдек, Ғолиб Мавлонов хонадонидагилари билан 33 миллион сўм сармоя эвазига биринчи уринишда 1 минг бош жўжа олиб, иш бошлаган бўлса, бугунга келиб улар парваришлаётган бройлер жўжаси 3,5 минг бошга етказилган. Ҳисоб-китоб қилинса, ўртача 40 кунлик боқишдан сўнг ҳар бири ўртача 1,5 килограмдан гўшт берган бу паррандалардан ишбилармон оилалар 5 тоннадан ошириб гўшт ва 130 миллион сўмдан зиёд моддий манфаат кўришган.

“Бир маҳалла—бир маҳсулот” тамойили асосида паррандачилик тармоғи, жумладан, бройлер жўжа етиштиришга қизиқиш кучайган Бозоржойида ёш миришкор Феруз Мавлонов ҳам бултур парҳезбоп гўшт етиштириш йўналишида, бройлер жўжа олиб, улар сонини 500 бошга етказиб, товуқ боқиш тажрибасини пухта ўзлаштирган. Ҳар қирқ кунда кушхонага топширилиб, парҳезбоп гўшт сифатида бозорга чиқарилаётган бу тадбиркорлик ишидан унинг оиласи мўмай     даромад топмоқда. Шунинг учун эндиликда Феруз Мавлонов товуқхонасини кенгайтириб, хона ҳароратини барқарор сақлаш чорасини кўриб, товуқлар кундалик озуқаси учун омухта емини жамғариб, суғориш тармоғини шай қилган.

— Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, бир ойлик парваришдан кейин оиламизга бундан 20 миллион сўмга яқин фойда кирар экан, — дейди Феруз Мавллонов. —Асосийси, товуқхона ва етарли шарт-шароитини тахт қилиб, эмин-эркин ишлаб, бор имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳозирда бройлер жўжа сонини 3 минг бошга етказишга эришдик. Бир рўзғор баракаси шу бўлса керак.

Муҳими, маҳалла маъмурияти кўмагида эътибор ва мададга муҳтож хонадонлар яна “оёққа туриб”, ҳалол пешона тери эвазига ўз моддий манфаатдорлигини таъминламоқда. Бу жараёнда айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор кучайтирилган бўлиб, 20 нафардан ортиқ фуқаро аукцион савдоси орқали 10 сотихдан 30 сотихгача томорқа ерига эга бўлиб, ҳозирда бу ерида картошка, саримсоқпиёз, помидор, булғор қалампири, карам, бақлажон экиб етиштираётгани ҳам рўзғор қут-баракасини таъминлайди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page