Вирусли гепатит “А” вакцинаси билан эмлангандан сўнг 15 йилгача муддатда иммунитет таранглиги сақланиб қолади
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.
Вирусли Гепатит А касаллиги болалар ўртасида учрайдиган юқумли касаллик бўлиб, жигар тўқималарини шикастланиши билан кечади. Статистик маълумотларга кўра республикамизда жорий йилнинг ҳозирига қадар 9507 нафар бола Гепатит А касаллигини юқтириб олган.
Касалланиш кўрсаткичларининг ўсиши Андижон, Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда.
Гепатит А касаллигига қарши эмлаш 94-98 фоиз ҳолатларда вирус юқишини олдини олади ва эмлашдан кейин кузатилиши мумкин бўлган жиддий асоратлар кузатилмайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининиг тавсиясига кўра, ушбу вакцинанинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатловчи сертификатлари мавжуд бўлиб, ваксинация бир маротаба қўлланилади, қайта эмлаш ишлари талаб этилмайди. Вирусли гепатит А касаллигига қарши асосан, 18 ойликдан 14 ёшгача бўлган болалар эмланади. Вирусли гепатит “А” вакцинаси билан эмланганидан сўнг 15 йилгача муддатда иммунитет таранглиги сақланиб қолади.
Ўтган йилнинг 12 ойи давомида республика бўйича жами 365 167 нафар болалар вирусли гепатит А касаллигига қарши вакцина билан эмланган.
Шунингдек, ногирон, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 14 ёшгача бўлган болаларини ушбу касалликка қарши эмлаш мақсадида Қашқадарё вилояти, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ташаббуси билан вирусли Гепатит А вакцинасини харид қилиш учун маҳаллий бюджетдан жами 4 млрд сўмдан кўпроқ миқдорида маблағлар ажратилиб, 24 765 нафар болалар касалликка қарши эмланган.
Ҳурматли ота-оналар фарзандларингиз ушбу касалликни юқтириб олмасликлари учун аввало уларни шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишга ўргатинг ва уларни Гепатит А га қарши ўз вақтида эмлатинг. Ҳар бир ота-она фарзадининг саломатлиги учун масъул эканлигини унутманг!