Виртуал оламга тобелик.

Краснодарда 15 ёшли бола Ярослав ўз отаси унга компьютер ўйнашни тақиқлагани учун ўлдирди ва 8 йилга қамалди.
Челябинск вилоятида 15 ёшли Антон исмли бола ўз ота-онасини пичоқлади. Бунга эса, онасининг компьютер ўйнамасдан дарс қилишини буюргани сабаб бўлди.
Кемеровада 14 ёшли Саша компьютерда ўйин ўйнаётган вақтида чалғитгани учун 20 ёшли опасини ғишт парчаси билан уриб ўлдирди. Жаҳон статистикаси бўйича бу маълумотларларни яна давом эттириш мумкин. Ачинарлиси, турли ёшдаги аянчли ҳолатларнинг сабабчиси эса, компьютер технологиялар асри деб, кўраётганимиз интернет олами.
Ўйлаб қолдингизми, мақола айнан нима ҳақида экан деб...
Тўғри тушундингиз!
Кўплаб оилалар пароканда бўлишига, ота-оналарни оилага, фарзандларига етарли эътибор қарата олмаётганлигига, ўқувчиларнинг билим савиясининг тушишига ва энг ачинарлиси ёш болаларнинг
деярли ажралмас “овунчоғига” айланиб қолаётган смартфонлар, компьютерлар умуман олганда “интернет балоси” ҳақида.
Ҳозирда психолог қабулига келаётган кўпчилик ота-оналарнинг асосий муаммоларидан бири ҳам айнан фарзандининг телефон ёки компьютер ўйинларига берилганлиги ёки Youtube каналларида томоша қилаётган бир қанча дастурлар ва “болалар қахрамонлари” кўринишидаги турли образлар.
Негадир барча катталар болани турли ўйинлар ўйнаётганларини кўриб, уларга тобе бўлгач, ўйлашни бошлайдилар. Аслида ўйлаганмисиз? Уларга бу смартфонларни берган уни нималигини тушунтирган ва интернетдан бир нечта ўйинларни олиб улар билан қўшилиб ўйнаганлар ким?
Фарзандини хеч кимдан кам бўлмасин дея, энг сўнгги телефонлар, планшетлар ва компьютер билан таъминлаётганлар ҳаттоки кичик мактаб ёшида мактабга ҳам смартфон билан ўқишга бораётган болажонлар қисқа танаффус вақтида синфдошлари билан смартфонда ўйин ва роликлар кўришига замин яратиб бераётганлар ташқаридаги бегона шахслар эмас айнан ота-она!
Кимнингдир фарзандида смартфон кўриб, уйида ота-онасига турли жанжалларни қиладиган болалар ҳақида нима дейсиз?
Ёш болаларнинг бу кўринишидаги хархашалари туфайли қанча оилаларда низолар вужудга келади. Буларнинг барчаси бизни кўринмас ип орқали бошқараётган интернет олами туфайлидир.

Компьютер технология асрида яшаётган эканмиз албатта бу технологияларсиз иложи йуқ. Аммо керакли ва фойдали ишлар учун фойдаланиш бу мақсадга мувофиқдир. Лекин, минг афсуски зарарини била туриб, ёш болаларнинг фойдаланишига йўл қўйиб бераётганимиз ачинарли аҳвол.
Чунки, ҳозирги кунда Жаҳон тиббиёт уюшмаси видео ўйинларига берилиб кетишни ҳам, расман ақлий заифлик касалликлари қаторига киритиш арафасида. Шифокорларнинг фикрича кунига икки соатдан кўп видео ўйинлар ўйнайдиган хар қандай киши саломатлигига хавф солади. Жуда кўп ўйинлар одамларни, ҳайвонларни шафқатсизларча ўлдириш, қон тўкиш сахналари асосига қурилган. Бундай аянчли лавҳалар нафақат ёшлар, катта ёшли инсонлар онггига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ғарб мамлакатларида мактаб ўқувчилари, ўсмир йигит-қизлар, ўз ота-оналари, ўқитувчилари ва тенгдошлари ўлимига сабабчи бўлишмоқда. Бу даҳшатли воқеалар виртуал олам бераётган “тарбия”нинг заҳарли меваси экани эса, аччиқ ҳақиқатдир.
Хўш, виртуал оламга тобе бўлганларни қандай фарқлашимиз мумкин:
- Кайфияти интернетга уланиш имкониятига бевосита боғлиқ. Мободо интернет бўлмаса асаби бузилади;
-Ҳамма билан компьютер, смартфон ва интернет оламига алоқадор мавзуда суҳбатлашади;
-Қўлида смартфон ёки компьютер қаршисида ўтирган вақтида у қизиққан ёки истаган таклифлар билдирилса ҳам уни чалғитиш мушкул бўлади;
-Иш ёки ўқиш билан банд бўлган чоғида ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасини кўришга вақт топади;
-Баъзи ўсмирларга иш буюрсангиз, иш қилаётган вақтида ҳам қўлида смартфони бўлади ва асосий эътибори ишга эмас, смартфонга қаратилади;
-Моддий имконияти йўқ бўлса ҳам интернетсиз тура олмайди. Ейиш-ичиш, кийинишдан тежаб бўлса ҳам интернет учун пул топади;
-Ўйинлар, видеолар, умуман олганда ижтимоий тармоқлар орқали роҳатланади. Ташқи ҳаёт билан қизиқмай қўяди;
-Кўчага кам чиқади, дўстлари билан кам учрашади, ҳақиқий ҳаётдаги танишлари билан мулоқот қилмай қўяди.
Умумий қилиб тушунадиган бўлсак виртуал оламга “асир” бўлади. Яқинлари, ота-онаси, дўстлари умуман жамиятга бефарқ холатга тушади. Руҳий оламида ёлғизлик бўлиб, ягона ҳамдарди қўл телефони ёки компьютери бўлиб қолади.
Уларнинг бу оламига қаршиликлар бўлганида эса кучли норозиликлар, агрессив кўринишлар намоён бўлади. Ижтимоий тармоқларга тобелик бошланаётган вақтда пайқаган бўлсангиз унда ташаббусни ўз қўлингизга олинг!
Бирдан қўпол муносабатлар ёки қатъий чоралар қўллашга шошилманг!
Чунки бир муаммони бартараф этиш мақсадидаги бундай харакатингиз яна бир руҳий муаммога сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Бу тобеликни имкон қадар бартараф этиш учун нималар қилиш лозим:
-Фарзандингизга аввало эътиборли бўлинг у ижтимоий тармоқларда нималар билан банд, кимлар билан дўст;
-Фарзандингиз мактаб ёшидан кичик ёки кичик мактаб ёшида бўлса, унга смартфондан фойдаланишда вақтга алоҳида эътибор беринг, ўйнамоқчи бўлган ўйинларига аҳамият қаратинг;
-Қирувчи, бузувчи, қўрқинчли кўринишга эга бўлган зомби ўйинларини ўйнашига йўл қўймаганингиз маъқул;
-Чунки бу кўринишидаги ўйинлар боланинг руҳиятига салбий таъсир қилиб, уларда қўрқув, фобия ва агрессив ҳолатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин;
-Бола қачон виртуал оламга муккасидан кетади? Оиладаги ўзаро муносабатлар ҳам эътиборсизликлар ҳам бунга сабабчи бўлганида;

-Фарзандингизнинг ўқиш жараёнларини ва ундаги ҳолатларни кузатиб боринг;
-Уларнинг бўш вақтларини керакли ва фойдали машғулотлар билан банд қилинг;
-Ижтимоий тармоқлар ва интернет оламидан энг керакли ва фойдали ҳолатларда фойдаланиш мумкинлигини тушунтириб боринг;
-Энг муҳими ўзингиз уларга ўрнак бўлинг. Борди-ю уларга тақиқлаб, ўзингиз тўлалигича фойдалансангиз, уларга ҳам ўзингиз “салбий” ўрнак бўласиз. Ахир шундай мақол бор:
“Қуш уясида кўрганини қилади”. Оилада шундай ўрнак бўлингки, улар бундан тўғри хулоса қила олишсин.
-Фарзандингиз билан бўш вақтингизда спорт ўйинлари билан шуғулланишингиз ёки маданий ҳордиқ олишингиз мумкин;
-Биргаликда китоб ўқишингиз, дарс қилишингиз, бирга суҳбатлашиб вақт ўтказишинггиз мумкин;
-Энг муҳими уларни бўш вақтларини самарали ва сермазмун ўтишига масъул бўлинг;
-Оилавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат-эътибор руҳида тарбияланиши учун ота-она бир хил масъул эканлигини унутманг;
-Фарзандингиздаги тобе ҳолатини ўзгартириш учун қўллаган чораларингиз самарасиз кечган ҳолатларда мутахассис кўриги муҳимлигини унутманг;
Сабаби, келажакдаги салбий ҳолатларни олдини олиш ва фарзандингизнинг кейинги ҳаёт йўллари учун биргаликдаги ҳамкорлик ишлари катта аҳамиятга эгадир.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, сиз тарбиялаётган фарзандлар эртага сизнинг ва ватанимизнинг келажаги ҳисобланади.

Келажакда фарзандингиз сизнинг фахринггиз, ватанининг ифтихори бўлишини истасангиз вақтни бой бермай хозирданоқ эътиборли бўлинг!
Бу виртуал тобеликдан фарзандларингизни ҳимоя қилинг! Уларнинг беозор ва беғубор оламини интернетдаги салбий ресурслар билан бойишига йўл қўйманг!
Бу “захарли олам” ҳаётингиз мазмунига айланишидан сақланинг!
Аввало ўзингизга, оилангизга ва фарзандларингизга эътиборли бўлинг!
Психолог 👩🏫 Тамара Алибаевна.