Вилоятимиз аҳолиси ДИҚҚАТИГА

Вилоятимиз аҳолиси ДИҚҚАТИГА


Республикамизга коронавирус пандемиясининг кириб келиши муносабати билан, аҳоли саломатчилигини кўзлаб ҳамда ушбу юқумли касалликнинг тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида, Республика комиссиясининг қарорига мувофиқ, бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.

Жумладан,

1. Республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари 23 март куни соат 00-01 дан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқароларидан ташқари, барча шахслар учун ёпилади.

Транзит мақсадида юртимизга кирган бошқа давлат фуқаролари қўшни Қирғизистон Республикаси ҳудудига ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтиб кетишлари белгиланди.

2. Корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилади, карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар қўлланилади.

23 март кунидан бошлаб, вилоятимиз ҳудудида барча фуқаролар жамоат жойида шахсий ҳимоя воситаларисиз бўлган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари

(223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса –базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади.

Шунингдек, республика комиссиясининг қарорига мувофиқ, тиббий ҳимоя воситалари, хусусан, ниқобларнинг танқислигини сунъий вужудга келтириб, нархини оширган тадбиркорлик субъектларига нисбатан  қатъий чоралар кўрилиши белгиланган.

3. 23 март соат 00-01 дан бошлаб, Пахтаобод туманидаги “Маданият” ҳамда Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара постлари орқали ташқаридан кирган Ўзбекистон фуқаролари белгиланган тартибда карантинга олинади.

Карантинда бўлиш қоидаларини бузган ҳамда ушбу талабларга буйсунмаган фуқаролар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликга тортилади.

4. 23 мартдан бошлаб, фуқароларни соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим каби оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади.

Вилоятимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда, айниқса 65 ёшдан юқори ва сурункали касали бор бўлган юртдошларимизни уйидан ташқарига чиқмаслиги тавсия этилади.

Барча савдо мажмуалари ва дехқон бозорларида, савдо қилиш нуқталарида касаллик профилактикаси мақсадида, ўзаро муносабатлар ниқоб таққан ҳолда камида бир метр масофада турган ҳолда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.    

Вирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун фуқаролар жамоат жойларига иложи борича чиқмаслиги, ўз ҳаракатланишини кескин чеклаши ва умуман олганда жамиятда одамлар орасида масофа сақлаши зарур.

Ҳурматли фуқаролар, барча қоида ва чекловларга тартибли равишда амал қилинсагина, тегишли ташкилотлар талаби қатъий бажарилсагина, бутун дунёда тарқалаётган бу вирусга қарши биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги курашимиз самара беради. Барчангизни шунга чақирамиз.


Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.


Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram


Report Page