Бухорода электр энергияси таъминотига оид тайёргарлик қандай?

Бухорода электр энергияси таъминотига оид тайёргарлик қандай?

Buxoro.uz

Ҳадемай, куз фаслининг иккинчи ойи киради. Ҳаво ҳарорати қуйига томон оғиб боргани сайин аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа иншоотлари, корхона ва ташкилотлар, муассасалар ва улардаги меҳнат жамоаларида қиш-қировли кунларга тайёргарлик биринчи ўринга чиқади. Кундалик турмушда ва иш фаолиятида электр энергиясининг ўрни ва аҳамияти нечоғли беқиёс эканини ортиқча изоҳлашгна ҳожат йўқ, албатта. Зеро, ўтган йилги аномал совуқ, изғиринли мавсумда тизимда кузатилган етишмовчилик ва муаммолар аҳоли хонадонлари ва саноат корхоналарини узлуксиз энергия билан таъминлаш ҳамиша долзарб эканидан далолат бериб турибди.

Сир эмас, мамлакатимизда шу йўналишдаги аксар корхоналар бугунга келиб маънан эскирган, яъни, моддий техник-технологик жиҳатдан таъмирталаб аҳволга келгани боис, тизимнинг барча бўғинини модернизациялаш, янги, замонавий ускуна ва дастгоҳларни ўрнатиш, мукаммал реконструкция ишларига эҳтиёж юқорилигича қолмоқда. Хўш, бу тармоқда вилоятда куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

Айни кунда “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти томонидан вилоятимиз аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида белгиланган давлат дастурлари ҳамда жамият томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  

— Аҳоли сони ўсишига пропорционал тарзда истеъмол ҳажми ошиб бораётган фаолиятга доир статистик маълумотларга назар солсак, айни кунда вилоят шаҳар ва туманлари миқёсида 18 минг 167 километр масофада тортилган 0,4-110 киловат соатга тенг кучланишдаги электр узатиш тармоғи, 95 дона подстанция ҳамда 6 минг 154 дона трансформатор пункти орқали 460 мингга яқин аҳоли ва ижтимоий соҳа истеъмолчиларига эҳтиёжга яраша электр энергиси етказиб берилмоқда,—дейди "Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ техник директори Зоҳир Рустамов. — Бевосита шу йил ўтган даврида таъминот корхонамизда амалга оширилган ишларга тўхталсак, умумий узунлиги 2 минг 836 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи жорий таъмирлашдан чиқарилган бўлиб, шу баробарида 820 дона трансформатор пункти, 5 дона 35-110 киловат соат кучланишдаги электр трансформатори мукаммал таъмирдан чиқарилган. Маҳалла ва чекка қишлоқларда эскириб яроқсиз ҳолга келган умумий узунлиги 6 минг 103 километрга тенг электр узатиш линияси ва шу ҳудуддаги 1 минг 937 дона трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бундан ташқари, истеъмолчи сони ошгани боис юклама билан ишлаётган 14 та подстансиядаги электр трансформатори юқори қувватлисига алмаштирилган. 

Энди олдимизда турган муҳим синов даври — қишга тайёргарлик хусусида тўхталсак, корхона жамоаси томонидан тизимда қайд қилиниши мумкин бўлган авария ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 100 дона турли қувватдаги трансформатор, шунингдек, трансформатор мойи, темир-бетон таянч устуни, сим, узунликдаги кабель электр узатиш тармоғи, кабел муфталари, турли хил қувватдаги автоматлар ва ҳимоя воситалари захира сифатида яратилган.

— Бу борада вилоят ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан 2023-2024 йил куз-қиш мавсуми учун маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 4 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳолда 49 та трансформатор, 6 километр масофага электр кабель тармоғи ва 4 дона 6-10 киловат соат кучланишли “ячейка” захира қилинган,—дейди АЖ техник директори Зоҳир Рустамов.—Бундан ташқари, 12 километр узунликдаги кабель, 6,7 тонна миқдорида очиқ сим, 106 та трансформатор ва бунинг учун 9,6 тонна миқдорида трансформатор мойи, қолаверса, 500 дона темир-бетон таянч устуни тахт қилинган. 

Шу билан чекланиб қолинмасдан, кунлик қуввати 63 тага тенг темир-бетон таянч устуни ишлаб чиқариш ҳамда кунига ўртача 2 та трансформаторни таъмирлаш цехлари ишга туширилган. Тармоқда кузатиладиган узилиш ва бошқа муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида айни кунда вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туман электр тармоқлари идорасида жами 13 та тезкор бригада ташкил қилиниб, уларга 65 нафар малакали ишчи-мутахассис жалб қилинмоқда. Худди шундай, жойларда ўттизга яқин махсус техника ва 70 та транспорт воситасига эга жами шакллантирилган 67 та бригада ва уларга бириктирилган 367 нафар ишчи-ходим электр таъминоти тизимида банд бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва тизимда зарур электр қурилмалари захирасини яратиш мақсадида вилоятда олиб борилган ўрганишлар натижасида шаҳар ва туманлардаги маҳаллаларнинг 137 тасида электр таъминотига дахлдор нуқсон ва муаммо мавжудлиги аён бўлган. Шундан сўнг, ўтган ойларда оғир шароитдаги аҳоли масканларида 59,2 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи янгидан барпо қилиниб, 47 дона трансформатор пункти ўрнатилгани ҳолда яна 100 дона трансформатор қайта таъмирланиб, қуввати оширилган.

Масалан, аҳолиси нисбатан кўп ва зич жойлашган Ғиждувон туманидаги маҳаллалардан 21 тасидаги мавжуд нуқсон вакамчиликларни бартараф этишга киришилиб, шундан 13 та маҳалладаги электр трансформатори қуввати оширилган ва 7 та трансформатор янгидан ўрнатилган. Шунингдек, 8 та маҳаллада 9,3 километр узунликдаги тармоқ янгилангани ҳолда “SIP” кабели тортилган. 

Худди шундай, Жондор туманида 13 та, Олот туманида 11 та маҳаллада кенг қамровдаги таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, икки ҳудудда умумий узунлиги қарийб 7 минг метр масофага тармоқ кабели тортилган. Жондорда 3 та ва Олотда 2 та электр трансформатори янгидан ўрнатилган ва жами 19 та маҳалладаги худди шунча трансформатор қайта таъмирланиб, электр қуввати оширилган. 

Кези келганда таъкидлаш жоизки, соҳада амалга оширилаётган чора-тадбир самараси ўлароқ, электр энергияси беҳуда сарфини, исрофгарчиликларни бартараф этиш, энергия истеъмолини иқтисод қилишга ҳам алоҳида эътибор кучайтирилган. Шу нуқтаи назардан, вилоят миқёсида жорий йил апрелидан сентябрь ойига қадар иқтисод қилинган электр энергияси миқдори 131,9 миллион киловат соатга тенг бўлиб, трансформатор ва тармоқларни таъмирлаш ҳисобига йўқотишларни қисқартириш миқдори 30,5 миллион киловат соатга тенг бўлди. Замонавий илғор ва тежамкор технологияларни кенг қўллаш натижасида 74,2 миллион киловат соат электр энергияси иқтисод қилинаётган бўлса, жойларда оммавий тус олаётган қуёш панелларини ўрнатиш ва гелеоколлекторларни ўрнатиш ҳисобидан 14,8 миллион киловат соат электр энергияси тежаб қолинмоқда. 

Бу кўрсаткич аҳоли истеъмолчилари ҳисобига ўрганилганда, 13,1 миллион киловат соатни ташкил этмоқда. Албатта, келгусида юқоридаги каби манбалар ҳисобидан электр энергияси истеъмолини иқтисод қилиш кўрсаткичлари муттасил ошириб борилади. Чунончи, 2024 йил январь-апрель ойлари давомида биргина аҳоли истеъмолчилари ҳисоидан тежаладиган меъёрий электр энергияси ҳажмини 35 миллион киловат соатгача ошириш, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа иншоотларида қуёш панели ва гелиоколлектор технологияларини ўрнатиш ҳисобидан умумий 33,8 миллион киловат соат электр манбаини иқтисод қилиш кўзда тутилган. 

Бу жараёнда албатта, электр энергиясининг йирик ишлаб чиқарувчи субъектлар сифатидаги истеъмолчилари—“Аму Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси”, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, “Газлинефтгазқазибчиқариш” каби корхоналарида ҳам энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, замонавий ва илғор муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда вилоятда электр энергиясига бўлган эҳтиёжни талаб даражасида қондириш чора-тадбири кўрилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page