Вилоят фаоллари Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйди
Президентимизнинг жорий йил 7 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони бу борада вилоятимизда ҳам кенг кўламли саъй-ҳаракатларни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлди.

Айни жараёнда Бухоронинг ҳар бир ҳудудида байрам тадбирлари, юзма-юз мулоқотлар, самимий суҳбатлар ташкил этилиб, уруш қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийларига юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.




Ўз навбатида ушбу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида нафақат Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган жасоратли ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга эҳтиром кўрсатишга қаратилган тадбирлар ҳам ўтказилди.
Байрамни муносиб ўтказишга қаратилган тадбирларда ёш йигит-қизларнинг фаол иштироки эса уларнинг бугунги дорилолмон, тинч-осойишта, фаровон кунларнинг қадрига етишга, озод ва обод Ватанга муносиб фарзанд бўлишга чорлаши билан аҳамиятлидир.


Ёшлар жамоалари, маънавият тарғиботчилари томонидан шаҳар ва туманларда ўтказилган тарғибот акцияларида миллий байроғимиз ранглари акс этган шараф ленталари тарқатилди.


Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган вилоятнинг жорий йилги асосий тантанали тадбирлари эса Бухоро тумани марказидаги Хотира хиёбонида ўтказилди.


Бухоро вилояти ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов бошчилигидаги сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва бошқармалари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, таълим муассасалари ва ёшлар жамоалари ҳарбий оркестр садолари остида хиёбонда жойлашган Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
















Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган минглаб ҳамюртларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.







Бундай тадбирлар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган аждодларимизнинг жасорати, ёрқин хотираси унутилмас эканини яна бир бор ёдга солади. Бу ёш авлод қалбида ватанпарварлик, жасорат, мардлик туйғуларини юксалтириши билан янада аҳамиятлидир.



Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳалла ва гузарларида давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати